Айни кунларда Қирғизистонда таниқли давлат ва сиёсат арбоби Исҳоқ Раззоқовнинг 110 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Қирғизистон Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакат Бош вазири Садыр Жапаров қирғиз халқига мурожаат қилди. С.Жапаров ўзининг мазкур мурожаатида мамлакат тарихидаги барча буюк ўзгаришлар даврида қирғиз халқи бошида ҳар доим буюк шахслар тургани, улар ўз ватанларини шахсий ҳаётларидан устун қўйиб, халқига фақат яхшиликларни раво кўришганини таъкидлади. Жумладан, Исоқ Раззоқов қирғиз давлатчилигини мустаҳкамлашда катта хизмат кўрсатганини айтиб, ўзининг ҳам унинг йўлидан боришини писанда қилди. Шунингдек, давлатнинг муваққат раҳбари бош миллат орасидан Қирғизистон Коммунистик партияси Марказий Комитети биринчи секретарлигига сайланишни бошлаб берган одам ҳам айнан И.Раззоқов бўлганини ҳам айтти-ю, аммо унинг қай жойда туғилиб, ўқиб, қандай вазифаларда ишлаганини, Қирғизистонга қачон ва қаердан келганини, майли, яширди демайлик, шунчаки айтмай қўя қолди.
Исҳоқ Раззоқов совет даврининг таниқли давлат бошлиғи, ўткир сиёсатчиси, энг муҳими улуғ инсон бўлгани бор гап. Унинг чин Инсонлиги хусусида Садыр Жапаров билмаган фазилатларини Марказий Осиёдаги кўплаб зиёлийлар, сиёсатчилар яхши билишади. Хўш, ўзи айтмоқчи қирғизларнинг бўлажак “ажо”си (ҳукмдори) Садыр Жапаров И. Раззоқов ҳақида ўз халқига нималарни айтмади?
И.Раззоқовнинг ўтмишини! Оташин сиёсатчи, етти ўлчаб бир кесадиган иқтисодчи Исҳоқ Раззоқов Қирғизистонга “тўп” этиб осмондан тушиб қолмаган. Умрининг асосий қисми, сиёсий фаолиятининг энг қизғин дамлари Ўзбекистонда кечди. Қирғизистон учун қандай яхши ишлар қилган бўлса, Ўзбекистон учун ҳам шундай хизмат қилди. Биз Исҳоқ Раззоқовнинг Ўзбекистонда эришган обрў-эътибори, амалга оширган ишлари хусусида кўп гапирмасдан, бир тарихий ҳақиқатга Қирғизистон раҳбарининг диққатини тортмоқчимиз. Айтишларича, 1940 йилда Қирғизистон Компартияси МКнинг Биринчи секретари Алексей Власович Вагов Ўзбекистон КП Марказкомига телефон қилади:
– Усмон Юсупович, сизларда бир қирғиз йигити бор дейишади, Госплан раҳбари экан, шу кадрни бизга берсангиз.
– Тўғри, шундай мутахассис бор. Исҳоқ Раззоқов деган. Хўш, сиз уни қайси вазифага мўлжаллаяпсиз?
– Қирғизистон Госпланини бошқарса, дегандик.
– Йўқ, бу иш учун уни сизга беролмаймиз,– дебди Усмон ота.
– Нега, сабабини билсак бўладими, Усмон Юсупович?
– Чунки биз уни бошқа иш учун тайёрлаяпмиз!
– Қайси ишга, Усмон Юсупович?
Ўзбекистон раҳбари гапни калта қилади: “Сизнинг ўрнингизга!”
Қирғизистон Компартияси Марказий Комитети секретарининг дами ичига тушиб кетади. Юсуповга қарши ошкора гап айта олмас, чунки Усмон отанинг нуфузи бу пайтда бутун Иттифоқ миқёсида жуда юқори эди.
Орадан кўп ўтмай, Исҳоқ Раззоқов Ўзбекистон КП Марказқўмига котиб этиб тайинланади. Сўнг эса, Усмон Юсупов катта умид ва ишонч билдирган бу йигит Қирғизистонга ишга юборилиб, бир йил Республика Министрлар Совети Раиси бўлиб ишлагач, 1950 йилдан Қирғизистон КП МКнинг биринчи секретари бўлди – Усмон отанинг айтгани амалга ошди.
И. Раззоқов бу вазифада ўн бир йил ишлади. Қирғизистоннинг замонавий “ажо”си айтган мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва маърифий ҳаётида юз берган катта ўзгаришлар ана ўша йиллари амалга оширилди…
Исҳоқ Раззоқовнинг қалами ҳам рост эди. Буюк рус ёзувчиси Чеховдан ўзбек тилига қилган таржималари китобхонлар томонидан ҳозиргача ўқиб келинмоқда. Ёзувчининг буюк асарларидан бири ҳисобланган “Ғилоф бандаси” ҳам Исҳоқ Раззоқов томонидан таржима қилинган. Тақдирнинг тақозосими ёки ўйиними, бу улуғ инсон мансуб бўлган Туркистоннинг битта чеккасида у ҳақда гапиришса, асл ҳақиқатни яширадилар, бошқалари эса унинг туғилган санасини ҳам унутган кўринади. Бу бандаларнинг бир пайтлар большевиклар ясаб берган ғилофларидан чиқар куни бормикан?! Ягона Туркистон сари қадам ташлаш мавруди келмадимикан?!
Холис Назар.