ДАҲР ЭЛИДИН НАФЪ АГАР ЙЎҚТУР…

Даҳр элидин нафъ агар йўқтур, зарар ҳам бўлмаса,

Марҳам ар йўқтур, кўнгулга ништар ҳам бўлмаса.

Олам аҳлидин агар йўқтур жигаргун соғаре,

Кошки, юз минг қадаҳ хуни жигар ҳам бўлмаса.

Маҳвашеким, бўлмағай васлидин уммиди ҳаёт,

Хуштурурким жонға ҳажридин хатар ҳам бўлмаса.

Бедилеким, бехабар тушкай биров ҳижрониға,

Не балодур, гаҳ-гаҳе андин хабар ҳам бўлмаса.

Соқиё, неткай мени ул навъ қилсанг мастким,

Ақлу ҳушумдин нишон, балким асар ҳам бўлмаса.

Ким, тузай мастона Шоҳи Ғозий авсофида савт,

Бу кўнгул гар бўлса ўз ҳолида, гар ҳам бўлмаса.

Эй Навоий, сен чекарсан оҳ, лекин яхшидир

Ул парининг зулфи бу ел бирла дарҳам бўлмаса.

Шарҳ:

Ушбу ғазал Навоийнинг “Ғаройибус сиғар” девонидаги 27-ғазал бўлиб, мазмунан мадҳ турига мансуб – шоир бунда бир ўринда Хуросон подшоҳи Султон Ҳусайн Бойқарони мақтайди. Аммо бир бутун ҳолда у Навоийнинг идеалларини, ҳаётдан талабларини баён этишга бағишланган.

Даҳр элидин нафъ агар йўқтур, зарар ҳам бўлмаса,

Марҳам ар йўқтур, кўнгулга ништар ҳам бўлмаса.

Дунё элидан агар фойда етмас экан, кошки эди, зарар ҳам етмаса, Агар (қалбдаги) яраларни даволовчи малҳамки қўйишмас экан, қанийди кўнгилга наштар ҳам урмасалар.

Навоий ўз замонаси одамларидан қалбан кўп озор чеккан. Чунки у ўз давридан хийла илгарилаб кетган эди, шунинг учун уни тушунмаган улуснинг қўполлиги, дилозорлигидан кўп азият тортган. Шоир, лоақал зарар етказмасалар ҳам майли эди, деган фикрни бот-бот, турли йўсинда уқтиради:

Олам аҳлидин агар йўқтур жигаргун соғаре,

Кошки, юз минг қадаҳ хуни жигар ҳам бўлмаса.

Олам аҳли агар жигар рангидаги май косасини узатмас экан, майли, аммо қанийди, юз минг қадаҳларда жигар қони бўлмаса.

Бу ўринда шоир биргина ўзининг эмас, жигарлари хун (қон) бўлган юз минглаб оддий одамларнинг дардини айтаётир, деб ҳам тушунсак хато бўлмайди.

Маҳвашеким, бўлмағай васлидин уммиди ҳаёт,

Хуштурурким жонға ҳажридин хатар ҳам бўлмаса.

Ой чеҳрали жононнинг висолидан ҳаётда умид қилиш бефойда экан, унинг ҳажри етказадиган хатар ҳам бўлмаса, шу яхшидир.

Бу байтда юқоридаги фикр энди ёр ва ошиқ муносабати орқали такроран уқтириляпти. Зеро чинакам ишқ, асл ошиқликда ўрта – бефарқ йўлнинг ўзи йўқ: ё висол лаззатига эришилади, ё ҳижрон азобида ўртанилади…

Бедилеким, бехабар тушкай биров ҳижрониға,

Не балодур, гаҳ-гаҳе андин хабар ҳам бўлмаса.

Бир ошиқ ёрнинг ҳижронига ўзи бехабар ҳолда тушиб қолса-ю, бу не балоки, (шу ҳолатда) ёрдан хабар ҳам келмай қолиб, уни қийнаса.

Шоир бу байтда сўз ўйини қилади: бехабар – ўзи билмаган  ҳолда, беихтиёр ва хабар-даракнинг йўқлиги. Чунки ҳижрон ошиқ учун энг катта балодир.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бу ғазал ҳам, Навоийнинг барча ғазаллари каби, ишқий ғазалдир, ундаги энг асосий тасвир – ошиқнинг ҳолати тасвири бўлиб майдонга чиққан.

Соқиё, неткай мени ул навъ қилсанг мастким,

Ақлу ҳушумдин нишон, балким асар ҳам бўлмаса.

Аё соқий, қани эди май тутиб, мени шу даражада маст қилсангки, менда ақл-ҳушдан нишон тугул, ҳатто асар ҳам бўлмаса.

Навоий мастлик деганда ошиқнинг ишқ жазабасига тушиб, ўзини унутиши – экстаз ҳолатини кўзда тутади. Бу ҳолат чинакам сўфийлар учун энг орзу қилинган вазият бўлиб, бундай вазиятда солик янада юксакроқ мартабаларни забт этади, деб ҳисоблаганлар.

Ким, тузай мастона Шоҳи Ғозий авсофида савт,

Бу кўнгул гар бўлса ўз ҳолида, гар ҳам бўлмаса.

Мен мастона Шоҳи Ғозий васфида янги нағмалар тузай, Бу кўнгил агар ўз ҳолатича бўлса ҳам, гар бўлмаса ҳам.

Бу байтнинг биринчи мисрасидан, ўрнига қараб, икки хил маъно чиқариш мумкин: 1. Шоҳи Ғозийни мадҳ этиб, мастона нағмалар ижод қилай; 2. Маст ҳолатидаги (мастона) Шоҳи Ғозийни мадҳ этиб…   Ана шу сабабли ҳам “бу кўнгил” – шоирнинг кўнгли гоҳ ўз ҳолида, гоҳ ўз ҳолидан йироқ…

Афтидан, Навоий шу байтда замона подшоҳини мақташи гоҳо чин кўнгилдан, гоҳо эса шароитга қараб бўлаётганига нозик ишора қилган. Зероки, Бобурнинг хабар беришича, мирзо Султон Ҳусайн ҳукмронлигининг аввалги йилларида анча инсофли ва тавфиқли бўлган, кейин эса шу қадар ичкиликка берилганки, бирон кун пешиндан кейин ичмаган вақти бўлмаган. Албатта, бу Навоийнинг эътиқодига жилла мувофиқ эмас эди.

Эй Навоий, сен чекарсан оҳ, лекин яхшидир

Ул парининг зулфи бу ел бирла дарҳам бўлмаса.

Эй Навоий, сен оҳ чекаяпсан, лекин ул парининг сочлари бу оҳларинг шамоли туфайли ҳар ён таралиб, паришон бўлмаса, яхши эди.

Ошиқнинг оҳи – уф тортишларидан қўзғалган шамол ёрнинг сочларини ҳар томонга тарқатса, ҳижрондаги ошиққа жабр янада ортади, чунки етиша олмаётган ёри янада гўзаллашади. Навоийнинг бошқа бир ғазалида айтилгани каби, “ҳусни ортар, юзда зулфин анбарафшон айлагач, шамъ равшанроқ бўлур, торин паришон айлагач”.

 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Адабиётшунос олим