БОШҚАЛАРГА “ЛОЙ” ОТМАНГ!

Нишонга тегса-тегмаса қўлларингиз “лой”лигича қолаверади)

-Мана сиз бутун умрингиз давомида борлиқни, одамларни, ҳайвонларни чуқур ўргандингиз. Савол қуйидагича. Қандай ҳолат одам боласини «ҳайвон»га айлантириши мумкин?

-Одам яхши бўлса фариштадан аъло, ёмон бўлса ҳайвондан ҳам беш баттар бўлиши мумкинлигини тарих жуда кўп маротаба исботлади. 2010 йилда Қирғизистон жанубида содир этилган воқеаларни эсланг, этингиз жунжикади. Мен ё қирғизни ва ёки ўзбекни айбдор демоқчи эмасман. Аслида мен учун миллат иккинчи даражали, энг аввалида одамийлик туради. Мен асли қирғиз миллатига мансубман, Қирғизистонда туғилдим, аммо Ўзбекистонда, ўзбеклар қўлида тарбия топдим, вояга етдим. Энг оғир кунларда нонларини биз билан баҳам кўрган мана шу ўзбеклар.

Ақлимни танибманки ҳали бирор маротаба қирғиз бўлганим сабабидан кўкрагимдан итаришгани йўқ. Бирорта эшик мен учун қаттиқ ёпилгани йўқ. Агар мен ва менга ухшаганларга миллатчилик нигоҳи билан қарашганларида шунча ютуқларга эришиш, юқори лавозиларда ишлаш, хотиржам умргузаронлик қилиш мумкинмиди? Йўқ, албатта!

Энди саволингизга қайтадиган бўлсак, фақат маънавий қашшоқлиқ илгарилаган жамиятдагина одамлар ҳайвонга айланишаверади. Сиз тарбияси унутилган ва ёки ҳаминқадар бўлган болалардан нимани кутмоқчисиз? Ҳатто ўқиш учун етарли дарслик китоби бўлмаган болалар эрта бир кун сизга Нобел олиб берармиди? Асло! Аксинча, жамиятни қулатишади, ким нима деса тўғри ёки нотўғрилигига қарамасдан эргашаверишади. Чунки улар ўзлари ҳам англамагани ҳолда манқуртлашиб бораверади. Манқуртнинг эса ҳайвондан фарқи йўқ.

-Мана куни кеча Россия Ички Ишлар органларида хизмат қилаётган айрим милитция ходимлари томонидан вахшийларча содир этилган жиноятлар ошкор этилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан 2010 йилдаги воқеаларда ҳам бу каби ҳолатларга гувох бўлингани айтилади. Инсон ҳаёти шу даражада арзонлашиб, қадрсизланиб боришининг, одамлар ҳимояси, ҳавфсизлиги вазифа қилиб юклатилган милиция ходимларининг бу каби жирканч ишларга қўл уришига сабаб нима?

-Бугун нима учундир жуда кўплаб мамлакатларда қонун посбонларининг, милитция ходимларининг, хавфсизлик органларида фаолия юритаётганларнинг ойлик маоши ўқитувчилар, илм одамлари оладиган маошга нисбатан анча кўплигини кузатишимиз мумкин. Ҳолат бундай бўлгандан кейин ўсиб келаётган авлод ўз-ўзидан олим бўлишни эмас милиция ходими бўлишни истайди. Барча муаммо мана шу ерда. Агар уқитувчи ва олимларнинг жамиятдаги ўрни қадрланганида эди, ҳаммаси тубдан ўзгариб кетарди. Афсуски, бугун биз илмсиз, дум-дум фарзандларимизни, илмсиз, керак бўлса бир қадар ваҳший айрим “қонун ҳимоячилари” қўлига топшириб қўйаяпмиз. Мен аниқ биламан ва ишонаманки ҳар қандай жамият илм одамларининг жонбозлиги натижасида ривожланади. Давлат эса бу борада кенг йўл очиб бериши керак.

Кечирасуз-ку, бугун айрим МДҲ давлатларида жада катта-катта пуллар бизнесни ривожлантиришга, пул топишга ва бошқа шунга ўхшаш ишларга сарфланаяпти. Бу ёмон эмас, яхши, аммо илмни эсдан чиқариш керак эмас, илм учун, изланишлар учун ҳам давлат томонидан, жонкуяр одамлар томонидан маблағ ажратилиши керак. Тўғри, бу йўналишда сарфланган маблағлар бир-икки йилда даромад келтирмаслиги мумкин, лекин вақт ўтиб миллионлаб фойда келтиради.

Ана шундай муҳит ҳукмронлик қилган давлатларда миллатчилик, ўзаро низолар, сотқинликлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шахсан мен, маънан бой одамнинг қўлини лойга ботириб кимгадир тош отиши мумкинлигига ишонмайман. Чунки ундай одамлар, отган тошлари нишонга тегса-тегмаса қўллари лойлигича қолишини яхши билишади…

-Домла сизнинг фикрингизча Қирғизистон давлатини бугунги муаммоли ҳолатдан олиб чиқишнинг, миллатлар ўртасидаги дустликни мустаҳкамлашнинг қандай йўллари бор?

-Энг аввалида давлатни бошқараётганлар холис бўлишлари керак. Агар 2010 йилда содир этилган хунук воқеаларнинг асл айбдорлари топилиб жазоланмас экан, вазият тахликалилигича қолаверади. Сабаби, одил жамият қуришнинг энг оқилона йўлларидан бири айбдорни жазолаш, яхшини тақдирлашдир. Агар сиз бирор бир жиноят содир этсангизу – жазоланмасангиз, аминманки сиз бу жиноятни яна ва яна такрорлайверасиз, токи жазоланмагунингизга қадар. У қонун посбони бўладими, амалдор бўладими, оддий фуқаро бўладими қилган хатоси учун албатта жавобгарликка тортилиши шарт. Токи бошқаларга ибрат бўлсин!

Кейинги йўл шундан иборат-ки, у ким ва қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъий назар яшаб турган тупроғи учун сидқи-дилдан, ҳолис хизмат қилиши керак. Бу нарса қандай амалга оширилади? Энг биринчи навбатда онгни тузатиш ва тозалаш керак. Биз ҳаммамиз ўткинчи эканимизни, бу дунёда меҳмон эканлигимизни, ижарада турганлигимизни унутмаслигимиз керак. Бу нарсани қалб-қалбидан ҳис қилган одам борки ундан ёмонлик кутмайсиз. Бундай одамларга ишониш ва суяниш мумкин.

Давлат ҳар бир фарзандини – у яхши бўладими, ёмон бўладими – ўз тарбиясига олиши керак. Эътиборсиз қолдирилган ҳар бир фарзанд бир кун келиб бурнингизни қонатиши, ҳиёнат қилиши, уйингизга ўт қўйиши мумкин. Оддий бир ҳақиқат бор, агар сиз ўз фарзандингизни эътиборсиз қолдирсангиз, унутманг-ки у фарзандни “тарбия”лайдиганлар топилади. Керак бўлса бундай “тарбия”чилар эътиборсиз қолдирилганларни излаб юришади. Кейин сиз уларни “учунчи куч”лар деб атайсизми, миллатчилар деб атайсизми, давлат хойинлари деб атайсизми, энди бунинг фойдаси йўқ. Ич-ичингиздан ҳаммасига ўзингиз айбдор эканлигингизни, бу ҳиёнат уруғини билиб-билмай ўзингиз экканлигингизни тушуниб турасиз.

Бундай хатоларни тузатиш учун эса, ақлингиз етса оқилона, ҳалол бир тадбир ўйлаб топасиз. Ақлингиз етмаса куч ишлатишни бошлайсиз. Мана шу нуқтадан, имконсизлик нуқтасидан диктатура келиб чиқади. Кейин эса “Замона зўрники – томоша кўрники” қабилидаги ишлар бошланади. Бундай ишлар ҳар қандай давлатнинг, ҳар қандай жамиятнинг инқирозига олиб келади.

Умид қиламанки Қирғизистон давлатининг янги раҳбарияти бу каби муаммоларга барҳам беришади. Икки милатни бир-биридан ажратмай, миллатчилик руҳиятида юрганларни “тарбия”га чақириб, узилган ришталарни тиклашади.

Бу икки миллат бир-бирисиз яшай олмайди. Аксинча, бири-иккинчисини тўлдиради.

-Бишкекда қардош ўзбек ва қирғиз миллатлари ўртасида узилган минг йиллик ришталарни тиклашни, мамлакатдаги вазиятни яхшилашни, муаммоларга ечим топишга кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган “Олам” газетаси чоп этила бошлади. Шу ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим?

-Хозир кўп одамлар бу каби газеталарга мухтож. Нима учун? Сабаби, ўзи етарли билимга, маълумотга эга бўлмагани ҳолда бошқаларга йўл кўрсатиб, маслахат берадиганлар кўпайиб кетган. Агар “Олам” газетаси сингарилар бу бўшлиқни тўлдирса, ўқувчиларига етарли даражада аниқ, тўғри, ҳолис маълумот етказиб бера олса жуда яхши бўлар эди. Бундан ташқари келиб чиқиши мумкин бўлган айрим муаммоларнинг олди ҳам олинар эди.

 

Суҳбатдош Абдукарим МИРЗАЕВ

Алишер Навоий Институти аъзоси, журналист

***

Карим Алматов 1945 йилда Қирғизистон Республикаси Жалол-Обод вилаяти Караван туманида дунёга келган. 1946 йили содир бўлган зилзилада оталари Ажибек вафот этади. Бу йўқотишдан ларзага келган оила орадан вақт ўтиб Наманган вилояти Янги тумани Нанай қишлоғига кўчиб келишади ва оналари иккинчи маротаба турмушга чиқади. Карим ака ана шу оилада вояга етади.

1962 йилда ўтра мактабни тамомлагандан сўнг ТошДУ (Ўзбекистон Миллий университети) Биология-тупроқшунослик факультетига ўқишга киради. 1969 йилда университетни тамомлагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлиги қошидаги Эндикринология илмий текшириш институтига ишга йўлланма олади. 1978 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади. 1986 йили Карим Алматовга “Тиббиёт биохимияси” мутахасислиги бўйича катта ходим унвони берилади.

Карим Алматов 1990 йилда “Митохондриялар мембранаси шикастланишининг ривожланиш механизими ва унда липотик системанинг роли” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва 1991 йилда биология фанлари доктори унвонига сазовор бўлди.

1990-1991 йилларда одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедрасида доцент бўлиб ишлади. 1992 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Зоология ва паразитология институтида Эволюцион морфология ҳужайра биологияси бўлимини ташкил қилди ва уни бошқарди, шу билан бир вақтда мазкур институт директорининг илм-фан бўйича ёрдамчиси бўлиб фаолия юритди. 1994 йилдан бошлаб одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедрасида раҳбар бўлиб ишлаб келмоқда.

Карим Алматов 400 га яқин илмий иш, 7 та монография, 6 та ўқув қўлланма ва дарсликлар чоп эттирди, булар асосан Республика ва МДХ давлатлари журналларида, шунингдек чет эл нашрларида босилиб чиқди. Унинг раҳбарлигидаги илмий ишлар халқаро миқиёсда машхур бўлди.

Карим ака Қирғизистонлик жуда кўплаб олиму-олималарга устозлик қилди. Улар орасида Асанова Карачач Асановна, Ибрагимова Карима Маматбокиевна, Нурдинов Шамшибек Шабидинович ва бошқалар бор. Дунёга машхур Суриялик Фадель Хиям Камел, Бангладешлик Ифтехар Махмудлар ҳам домланинг шогирдлари бўлишади.

Қирғизистонда туғилиб, тақдир тақозоси билан Ўзбекистонда вояга етиб, умргузаронлик қилаётган, асли қирғиз миллатига мансуб Карим Алматов билан бугун ҳаммамиз учун долзарб бўлган мавзулар юзасидан суҳбат қилдик.