Борғил, эй ҳамдам…

Борғил, эй ҳамдам, ҳар ёни,

Кўнглум итмиш, топқил они.

 

Ҳолин сўрғил, ул ҳам сўрса,

Деким, “Сенсиз йўқтур жони”.

 

Истидъо айлаб, ёндурғил,

Келмас бўлса, де пинҳони

 

Ким, “ул дилбар қилмиш ваъда,

Бу тун бўлмоққа меҳмони”.

 

Чин деб келса, ани эмди

Айлай кўксумда зиндони.

 

Соқий, бизни ғамдин қутқар,

Келтургил роҳу райҳони.

 

Ул ойсиз ун чекса Навоий,

Ўтгай гардундин афғони.

 

 

Гарчи бу ғазалнинг мисралари қисқа, шунга кўра, вазни шитоб, руҳи шўхроқ бўлса ҳам, мазмунан оғир бир ҳолат – ёрнинг васлидан жудо бўлишнинг ўлимга яқин экани ҳақида гап боради. Шоир баайни “Лайли ва Мажнун” достонида саҳро оралаб Лайлининг юртига кетиб бораётган бир отлиққа Мажнуннинг ёлбориб, “Эй биродар, Лайли ёримни кўрсанг, унга мана бу гапларимни етказгин”, дея унинг ортидан эргашиб, саломлар айтгани каби бир вазиятни юзага келтиради. Шеър тасаввуфий руҳда: ёр келмаса –  жон борадир, деган мазмун билан ниҳояланади.  

 

Борғил, эй ҳамдам, ҳар ёни,

Кўнглум итмиш, топқил они.

 

Эй дўстим, ҳар томонга бор, кўнглим (қалбим)ни йўқотиб қўйдим, сен уни ахтариб топгин.

 

Кўнглим йўқолиб қолди, дегани – адабиётда янги гап. Навоий даври учун эса мутлақо кутилмаган ташбеҳ. Яъни, инсон танасининг бир қисми бўлган қалб жонлантирилади, у алланимадан ранжиб, ўз уйи – кўкрак қафасидан чиқиб, қаёққадир кетиб қолган, хастаҳол шоир эса уни топиб, олиб келиб беришни ҳамдамидан илтижо қиляпти.

 

Ҳолин сўрғил, ул ҳам сўрса,

Деким, “Сенсиз йўқтур жони”.

 

Кўнглимдан ҳол-аҳвол сўра, агар у ҳам сўраса, “Сенсиз унинг жони йўқ”, деб айт.

 

Ошиқнинг муносабатини қаранг: ўз уйини тарк этган кўнглининг ҳолини сўрашни ўтинади, башарти кўнгил сўраб қолса, “Сенсиз жони йўқ унинг” (яъни, ачингин), деб айтишни тайинлайди.

 

Истидъо айлаб, ёндурғил,

Келмас бўлса, де пинҳони

 

Ким, “ул дилбар қилмиш ваъда,

Бу тун бўлмоққа меҳмони”.

 

Кўнглимга илтимос қил, ёлбориб бўлса ҳам, қайтариб олиб кел, агар келмайман деб айтса, пинҳон қилиб: “Бу тун ўшал дилбар меҳмон бўлиб келишни ваъда қилган” деб айт.

 

Мана, кўнгилнинг нима сабабдан аразлаб кетиб қолгани маълум бўлди – ёр келмагани учун тарки ватан қилган экан! Энди, ҳамдам дўст унга ёлғондан бўлса ҳам “Бу оқшом ўша дилбар меҳмон бўлиб келишни ваъда қилган”, деб айтилса, эҳтимол, кўнгил жойига қайтар?

 

Чин деб келса, ани эмди

Айлай кўксумда зиндони.

 

Агар кўнглим бу гапни чин деб ишониб, қайтиб келса, жазо тариқасида уни кўксим ичра зиндонбанд қиламан.

 

Бу ошиқликнинг иккинчи, мукаммал босқичи – илгари баайни қўл кафтида тургандай бўлган юрак энди кўкрак қафасининг ич-ичига яширинади, муҳаббат овозаси энди аввалгидай ғавғо кўтармайди, зоҳирий севги энди ботиний ишққа айланади.

 

Соқий, бизни ғамдин қутқар,

Келтургил роҳу райҳони.

 

Эй соқий, бизни мен ва кўнглимни ғамдан қутқар, бунинг учун кўк рангли, райҳон исли майдан қуйиб узат.

 

Ишқнинг бу босқичида ёр деб ғам чекиш ва уни элга ошкор қилиш бартараф бўлади. Жаҳрий ибодат хофий ибодатга айлангани каби, ёрнинг хаёли билан яшашнинг ўзи сурур беради, баайни май нўш этган одамда юз берганидай, ғам ва ғурбат энди шодмонликка айланади.

 

Ул ойсиз ун чекса Навоий,

Ўтгай гардундин афғони.

 

Гар ул ойнинг қошида йўқлигидан Навоий фарёд этса, оҳу афғони дунёни бузади.

 

Шоир бу байтда ўз ҳолидан шикоят қилиб, уни ошиққа ибрат қилиб кўрсатади: ул ой йўқлиги учун Навоий нола қилганида, фиғони оламларни бузган бўлар эди, аммо сабр-тоқат билан ҳижронни ўтказаётир…

Кўрамизки, даҳо шоирнинг кичик бир ғазали ҳам олам-олам маъноларни ташиб, ўша давр фалсафаси ва тасаввуфининг ёрқин ойнасига айланиши мумкин экан.

 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Адабиётшунос олим