Тенгри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати билан сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих саккиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум.
Фарғона вилояти бешинчи иқлимдиндур. Маъмуранинг канорасида воқе бўлубтур. Шарқи Кошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадахшоннинг сарҳади тоғлар, шимолида агарчи бурун шаҳрлар бор экандур, мисли: Олмолиқ ва Олмоту ва Янги ким, кутубларда Тарозкент битирлар, мўғул ва ўзбек жиҳатдин бу тарихда бузулубтур, асло маъмура қолмабдур. Мухтасар вилояттур, ошлиқ ва меваси фаровон. Гирдогирди тоғ воқе бўлубтур. Ғарбий тарафидаким, Самарқанд ва Хўжанд бўлғай, тоғ йўқтур. Ушбу жонибтин ўзга ҳеч жонибтин қиш ёғий кела олмас. Сайҳун дарёсиким, Хўжанд суйиға машҳурдур, шарқ ва шимолий тарафидин келиб, бу вилоятнинг ичи бирла ўтуб, ғарб сори оқар, Хўжанднинг шимоли Фанокатнинг жануби тарафидинким, ҳоло Шоҳрухияға машҳурдур, ўтуб яна шимолға майл қилиб, Туркистон сори борур. Туркистондин хейли қуйироқ бу дарё тамом қумға сингар, ҳеч дарёға қотилмас.
Етти пора қасабаси бор; беши Сайҳун суйининг жануб тарафида, икки шимоли жонибида. Жанубий тарафидаги қасабалар бир Андижондурким, васатта воқе бўлубтур, Фарғона вилоятининг пойтахтидур. Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас. Андижоннинг ношпотисидан яхшироқ ношпоти бўлмас. Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш қўрғонидин сўнгра мундин улуғроқ қўрғон йўқтур. Уч дарвозаси бор. Арки жануб тарафида воқе бўлубтур. Тўққуз тарнов сув кирар. Бу ажабтурким, бир ердин ҳам чиқмас. Қалъанинг гирдо-гирди хандақнинг тош ёни сангрезалик шоҳроҳ тушубтур. Қалъанинг гирдо-гирди тамом маҳаллоттур. Бу маҳалла била қалъаға фосила ушбу хандақ ёқасидоғи шоҳруҳтур. Ови қуши доғи кўп бўлур, қирғовули беҳад семиз бўлур. Андоқ ривоят қилдиларким, бир қирғовулни ускунасини тўрт киши еб тугата олмайдур. Эли туркдур. Шаҳр ва бозорисида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирийда нашъу намо тонибтур, бу тил биладур. Элининг орасида ҳусн хейли бордур. Юсуф Хожаким мусиқида машҳурдур. Андижонийдур. Ҳавосининг уфунати бор. Кузлар эл безгак кўп бўлур.
Яна бир Ўш қасабасидур. Андижоннинг шарқи жанубий тарафидур, шарққа мойил, Андижондин тўрт йиғоч йўлдур. Ҳавоси хўб ва оқар суйи фаровондур. Баҳори бисёр яхши бўлур. Ўшнинг фазилатида хейли аҳодис ворид бўлубтур. Қўрғоннинг шарқи жанубий бир мавзун тоғ тушубтур, Барокўҳға мавсум. Бу тоғнинг қулласида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солибтур, ул ҳужрадин қуйироқ ушбу тоғнинг тумшуғида тарих тўққуз юз иккида мен бир айвонлик ҳужра солдим. Агарчи ул ҳужра мундин муртафеъдур, вале бу ҳужра бисёр яхшироқ воқе бўлубтур: тамом шаҳр ва маҳаллот оёғ остидадур. Андижон руди Ўшнинг маҳаллотининг ичи била ўтуб, Андижонға борур. Бу руднинг ҳар икки жониби боғот тушубтур, тамом боғлари рудқа мушрифтур, бинафшаси бисёр латиф бўлур. Оқар сувлари бор, баҳори бисёр яхши бўлур, қалин лола ва гуллар очилур. Барокўҳ тоғи доманасида шаҳр била тоғнинг орасида бир масжид тушубтур, масжиди Жавзо отлиқ, Тоғ тарафидин бир улуғ шаҳжўй оқар. Ушбу масжиднинг ташқари саҳни нишеброқ, себаргалик, пурсоя, сафолиқ майдон воқе бўлубтур. Ҳар мусофир ва раҳгузар келса, анда истироҳат қилур. Ўш авбошининг зарофати будурким, ҳар ким анда уйқуласа, ул шаҳжўйдин сув қуярлар, Умаршайх мирзонинг охир замонларида қизил била оқ мавжлиқ тош ушбу тоғда пайдо бўлди: личоқ дастаси ва такбанд ва баъзи нималар қилурлар, хейли яхши тошдур. Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўш чоғлиқ қасаба йўқтур.
Яна бир Марғинондур, Андижоннинг ғарбидадур, Андижондин етти йиғоч йўлдур. Яхши қасаба воқе бўлубтур, пур неъмат; анори ва ўруги асру кўп хўб бўлур. Бир жинс анор бўлур, «дона калон» дерлар, чучуклигида зардолу майхушлиғидин, андак чошни бор. Самнон анорлариға таржеҳ қилса бўлур. Яна бир жинс ўрук бўлурким, донасини олиб, ичига мағз солиб қурутурлар, «субҳоний» дерлар, бисёр лазиздур. Ови қуши яхшидур, оқ кийик ёвуқта бўлур. Эли сорттур ва муштзан ва пуршару тўр элдур. Жангаралиқ расми Мовароуннаҳрда шоеъдур, Самарқанд ва Бухорода номдор жангаралар аксар Марғинонийдур. Соҳиби «Ҳидоя» Марғиноннинг Рушдон отлиқ кентидиндур.
Яна бир Исфарадур, кўҳпояда воқе бўлубтур. Оқар сувлари, сафолиқ боғчалари бор. Марғиноннинг ғарби жанубидадур. Марғинон била Исфара ораси тўққуз йиғоч йўлдур. Мусмир дарахтиси бисёрдур, вале боғчаларида аксар бодом дарахтидур. Эли тамом сорт ва кўҳийдур. Исфаранинг бир шаръисида жануб сори пушталарнинг орасида бир парча тош тушубдур, «Санти ойина» дерлар, узунлиғи тахминан ўн қари бўлғай, баландлиғи баъзи ери киши бўйи, пастлиғи, баъзи ери кишининг белича бўлғай, ойинадек ҳар нима мунъакис бўлур. Исфара вилояти тўрт бўлук кўҳпоядур: бир Исфара, яна бир Ворух, яна бир Сўх, яна бир Ҳушёр. Муҳаммад Шайбоний хон Султон Маҳмудхон била Олачахонға шикаст бериб, Тошканд ва Шоҳрухияни олғон маҳалда ушбу Сўх била Ҳушёр кўҳпоялариға келиб, бир йилга ёвуқ танқислик била ўткариб, Кобул азимати қилдим.
Яна бир Хўжанддур, Аидижондин ғарб сориға йигирма беш йиғоч йўлдур, Хўжанддин Самарқанд ҳам йигирма беш йиғоч йўлдур, қадим шаҳарлардиндур. Шайх Муслиҳиддин ва Хожа Камол Хўжандтиндурлар. Меваси фаровон ва бисёр яхши бўлур. Анори яхшилиққа машҳурдур. Нечукким, «себи Самарқанд» дерлар ва «анори Хўжанд» дерлар. Вале бу тарихда Марғинон анори кўп ортуқдур. Қўрғони баланд ерда воқе бўлубтур. Сайҳун суйи шимол жонибидин оқар. Қўрғондин дарё бир ўқ отими бўлғай. Қўрғон била дарёнинг шимол тарафида бир тоғ тушубтур. Мунуғил отлиқ дерларким, бу тоғда фируза кони ва баъзи конлар топилур. Бу тоғда бисёр йилон бор. Хўжанднинг овлоғи ва қушлоғи бисёр яхшидур. Оқ кийик, буғу-марал, қирғовул ва товушқони кўп бўлур. Ҳавоси бисёр мутааффиндур, кузлар безгак кўп бўлур. Андоқ ривоят қилдиларким, чупчуқ безгак бўлғондур. Дерларким, ҳавосининг таффуни шимолдағи тоғ жиҳатидиндур.
Мунинг тавобидин Кандибодомдур. Агарчи қасаба эмас, яхшиғина қасабачадур. Бодоми яхши бўлур. Бу жиҳатдии бу исмға мавсумдур. Ҳурмуз ва Ҳиндустонға тамом мунинг бодоми борур. Хўжанддин беш-олти йиғоч шарқ тарафидадур. Хўжанд била Кандибодом орасида бир дашт тушубтур, Ҳодарвешға мавсумдур. Ҳамиша бу даштта ел борур. Марғинонғаким, шарқидур, ҳамиша мундин ел борур . Хўжандғаким ғарбидур, дойим мундин ел келур: тунд еллари бор. Дерларким, бир неча дарвеш бу бодияда тунд елга йўлуқуб, бир-бирини тополмай, «Ҳо, дарвеш», «Ҳо, дарвеш», дей-дей ҳалок бўлубтурлар, андин бери бу бодияни Ҳодарвеш дерлар.
Сайҳун суйининг шимоли тарафидағи қасабалар: бир Ахсидур. Китобларда Ахсикат битирлар. Нечукким, Асириддин шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар. Фарғонада, Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур. Андижондин ғарб сори тўққуз йиғоч йўлдур. Умаршайх мирзо муни пойтахт қилиб эди, Сайхун дарёси қўрғонининг остидин оқар. Қўрғони баланд жар устида воқе бўлубтур. Хандақининг ўрнига амийқ жарлардур. Умаршайх мирзоким, муни пойтахт қилди, бир-икки мартаба ташқарроқдин яна жарлар солди. Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур. Маҳаллоти қўрғондин бир шаръий йироқроқ тушубтур. «Деҳ кужову дарахтон кужо» масалини ғолибо Ахси учун айтибтурлар. Қовуни яхши бўлур. Бир навъ қовундурким, «Мир Темурий» дерлар, андоқ қовун маълум эмаским оламда бўлғай. Бухоро қовуни машҳурдур. Самарқандни олғон маҳалда Ахсидин, Бухородин қовун келтуруб бир мажлисда кестурдум, Ахси қовунининг ҳеч нисбати йўқ эрди. Ови қуши бисёр яхши бўлур. Сайҳун дарёсининг Ахси тарафи дашттур. Оқ кийиги бисёр бўлур. Андижон тарафи жангалдур. Буғу-марал, қирғовул ва товушқони кўп топилур, асру семиз бўлур.
Яна бир Косондур. Ахсининг шимолида тушубтур. Кичикроқ қасабадур. Нечукким Андижон суйи Ўшдин келур, Ахси суйи Косондин келур. Яхши ҳаволиқ ердур. Сафолиқ боғчалари бор. Нале сафолиқ боғчалари тамом сой ёқасида воқе бўлғон учун, «пўстини пеш берра» дебтурлар. Сафо ва ҳавода Ўш била Косон элининг таассуби бор.
Фарғона вилоятининг гирдо-гирди тоғларида яхши яйлоқлари бор. Тобулғу йиғочи бу тоғларда бор, ўзга ҳеч ерда бўлмас. Тобулғу бир йиғочедур, пўсти қизил, асо қилурлар, қамчи дастаси ҳам қилурлар, қушларға қафас қилурлар, тарош қилиб тиргаз қилурлар, хейли яхши йиғочдур. Табарруклук била йироқ ерларга элтарлар.
Баъзи китобларда битибтурларким, «ябруҳус-санам» бу тоғлардадур, вале бу мудатта ҳеч эшитилмади. Бир гиёҳ эшитилдиким, Еттикентнинг тоғларида бўлур, ул эл «айиқ ўти» дерлар, меҳргиёҳ хосиятлиқ, ғолибо меҳргиёҳдур, ул эл бу от била айтурлар. Бу тоғларда фируза кони ва темур кони бўлур. Фарғона вилоятининг ҳосили била, агар адл қилсалар, уч-тўрт минг киши сахласа бўлур.
“Бобурнома”дан.