“Халқпарвар жамият”га олиб борадиган йўлнинг бошида, нафақат тарихи, тили, урф-одатлари, маданияти бир бўлган миллатлар, балки соғлом ғоялар атрофида жипслашган халқлар ҳам бўлиши шарт.
Назаримда бугун Қирғизистон аталган «арава»ни унга қўшилган “отлар” (қирғиз миллатчи арбоблари) нинг ҳар қайсиси ўз билгани йўлдан судраяпти. Натижада ҳамма ёқ пароканда.
Айрим “арбоблар” бу юртни “Қирғиз Республикаси”, – деб атаса, “Мен оқсуяк миллатман, айтганим-айтган, деганим-деган, ўтир десам-ўтирилур, тур десам-турилур…”,- қабилида иш кўрса, кўр-кўрона икки оёғини бир этикка тиқиб турса “арава”нинг ҳолига вой деяверинг.
Агар давлат бошқарувига масъулиятли одамлар халқларни бир ғоя, бир орзу атрофида бирлаштира олмаса ва бунинг акси ўлароқ ишлар билан шуғилланишса, уларнинг бу каби ҳаракатларини террорнинг бир кўриниши тарзида баҳоламоқ керак.
Бугун айрим йўлбошчиларнинг айрим манфаатлар ҳаққи ўйлаб топилган афсоналарни ҳақиқат тарзида тақдим этишга астойдил уринишларини кузатаяпмиз. Бу шубҳасиз, қаллобликдир, бу албатта денгиздаги пўртаналар янглиғ тез орада йўқликка гирифтор бўладиган самарасиз йўлдир… Аслида жамият ҳаётини тўғри ўзанга солиш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш учун ақлни шоширар даражадаги “ғоя”ларнинг бўлиши талаб ҳам этилмайди. Бу борадаги энг биринчи ҳаракат “Ҳар нарсани ўз номи билан аташ”дан бошланиши керак. Яъни, оқни-оқ дейсиз, қорани-қора. Янгилик яратмайсиз, бўрттирмайсиз, йўқдан бор қилишга ҳаракат қилмайсиз. Юзингизни қийшиқ кўрсатгани учун ойналарни синдирмайсиз. Қозонда борини чўмичга чиқарасиз!..
Бугун Ўрта Осиёда яшаётган миллатларнинг деярли барчаси шонли тарихи, буюк бобо-калонлари қўл урган ишлар билан кўкрак керишади. Агар ҳар бири алоҳида-алоҳида буюк ўтмишини урғулаётган бу улус ўғиллари бир-бирлари ёқаларига ёпишган қўлларини олиб, аксинча, ўз ёқаларидан махкамроқ тутганча виждонлари олдида ўзларини сўроққа тутсалар эди, аминманки, уларнинг аксари ўз тарихини-да деярли билмасликларига ишонч хосил қилган бўларди. Тўғри, ҳар бир миллат фарзанди ўтмишидаги улуғларининг қилган ишлари билан, ким неча ҳоқонлик барпо этди-ю ва ким аслида кимни истило қилгани билан билса-билмаса фахрланишга ҳақлидир эҳтимол. Аммо, бу фахрланиш ҳисси бошқаларни камситиш эвазига бўлмаслиги керак. Буюк ўтмиши бўлганлигидан фахр туяётган қорни оч одамни, истайсизми-йўқми жуда осонлик билан “унинг ҳудуди”да истиқомат қилаётган бошқа миллатларга нафратли қилиб қўйиш мумкин. Шу нуқтаи назардан Ўрта Осиёнинг, туркийлар умумий тарихининг бир томонлама қилиб, миллатларга ажратиб ўзлаштирилганлиги муаммонинг ўқ илдизидир. Айнан мана шу нуқтадан миллатчилик юзага келади. Агар 1990 йилларда жамоат арбоблари, сиёсий арбоблар давлат пойдеворини миллий асосларга эмас, илмий асосоларга қуришганда эди, бугун биз Қирғизистон палитрасида фақат ёрқин, тоза рангларни кўрган бўлар эдик. Афсуски бу мато бугун деярли “қип-қизил” рангда.
Ҳеч маҳал афсоналар ҳақиқатга айланмайди. Худди шу каби 2010 йилдаги ўзбек сепаратизми, автономия талаб қилинганлиги афсонаси ҳам. Қирғизистон сиёсатчиларининг ўзбекларга қарши тўқиган бу каби афсоналарига жаҳондаги бирор-бир миллат ишонгани йўқ. Зўрма-зўракилик билан тиқиштирилаётган бу афсона-чўпчакнинг чиппакка чиқаётганлиги сиёсий элита вакилларининг жиғига текканлиги ҳам аниқ. Улар орасида “Биз ахборот урушида ютқазиб қўйдик”,-деганлар ҳам бўлди. Аслини олиб қараганда ҳеч қандай ахборот уруши бўлгани йўқ. Шунчаки ҳақиқат ҳаммага ошкор қилинди. Интернет – афсоналарни чиппакка чиқарадиган кучли бир восита ўлароқ ўртага чиқди.
Айтмоқчи бўлганимиз асосий муаммолардан яна бири шуки, мамлакатдаги қалтис вазият ҳали-ҳамон сақланиб қолмоқда. Этрами кечми бу ҳолдан фойдаланишни истаб қолган ташқи кучлар пайдо бўлиши мумкин. Кўрқинчлиси, Қирғизистоннинг геополитик кучлар учун Афғонистон сингари қўғирчоқ давлатга айланиши эҳтимолидир.
Қилиниши керак бўлган энг асосий иш, Қирғизистоннинг Ўрта Осиёдаги оловли ҳудудга айланиб қолишига йўл қўймасликдир. Хозирги вақтда бу эҳтимол тўхтатилиб турибди, бироқ буткул бартараф этилгани йўқ.
Эски бир ибора бор: “Саломга яраша – алик!”. Агар бугун чўзилаётган қўллар жавобсиз қолдирилаверса, иғволар янгиланаверса, янгидан-янги афсоналар тўқилаверса дарз кетган “кўза” синиши мумкин.
Истайсизми-йўқми Ўрта Осиёдаги ҳар битта давлатда ўзбекларнинг катта ва кучли жамоаси бор. Агар Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан бўлаётган бу каби муомала давом этаверса, эртами-кечми чорасиз қолган ўзбек жамоалари жавоб қайтаришга мажбур бўлишлари мумкин (Ўзбек халқининг адолатсизликларга қарши норозилик кайфияти кучайиб бораяпти, сабр косалар тўлаяпти, баъзи гуруҳларнинг радикал йўллардан кетиши ва ёки хис этаётганлари адолатсизликларга қарши куч билан жавоб қайтаришдан ўзга йўлни кўра олмаслик эҳтимоли ўсяпти). Агар шундай бўладиган бўлса ҳеч бир жамият, ҳеч бир ташкилот, ҳеч бир давлат ўзбекларни бу ҳаракатлари учун қоралай олмайди. Шундай экан, Қирғизистон сиёсий арбоблари бу борада қаттиқ бош қотиришлари, муаммони буткул бартараф этишлари шарт, зарур.
Бугун “Қирғизистон ҳарбий кучларини жуда қисқа вақт ичида тўлдириш, янгилаш, кучайтириш керак”,-деган чақириқларни эшитяпмиз. Ўз-ўзидан савол туғилади. Қирғизистон армиясини кимга қарши кучайтириш керак? Жавоб учун узоққа боришингиз шарт эмас. Қирғизистон армисини Қирғизистон фуқароларига қарши кучайтириш керак! Бундан бошқа жавоб ҳам, сабаб ҳам йўқ.
Бу саволлар, бу жавоблар шу қадар қўрқинчлики, эшитганинг ҳамоно тўхтайсан ва чора излайсан, қачонки инсон деган номга лойиқ бўлсанг. Агар акси бўлсанг, сендан Худо асрасин!
P.S. Кимнидир бўғар экансиз, унутмангки, унинг ҳам қўллари беихтиёр бўйнингизга чўзилади. Ундан кейин ҳаммасини билакдаги кучлар ҳал қилади.
Абдукарим Мирзаев
Алишер Навоий Институти аъзоси, журналист.