АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “НАВОДИРУН  НИҲОЯ” ДЕВОНИДАГИ 804-ҒАЗАЛ ТАБДИЛИ

Бир кун мени ул қотили мажнуншиор ўлтургуси,

Усрук чиқиб, жавлон қилиб, девонавор ўлтургуси.

 

Гар заъф ила ожизлиғим кўнглига раҳме солса ҳам,

Бошимға еткач, секретиб беихтиёр ўлтургуси.

 

Васли аро гар ўлтурур, жонимға юз минг шукр эрур,

Чун қолсам андин бир замон, ҳижрони зор ўлтургуси.

 

Ошиқ бўлурда билмадим, мен нотавони хастаким,

Ҳажр ўлса, ғам куйдургуси, васл ўлса ёр ўлтургуси.

 

Майдон аро, эй аҳли дин, кирманг тамошосиғаким,

Юз кўрмайин ул кофири чобуксувор ўлтургуси.

 

Лаълинг закоти май тутуб тиргузмасанг, эй муғбача,

Дайр ичра мен дилхастани ранжи хумор ўлтургуси.

 

Дерлар, Навоий қатлиға гулгул очибтур оразин,

Кўргунча они, войким, бу хорхор ўлтургуси.

 

Ушбу ғазал ёр ҳижронидан юракзада бўлган ошиқнинг дилидан кечаётган ўйлар, унинг ваҳм ва изтироблари тасвирига бағишланган. Ошиқ ёрни кўзда тутиб, “ўлтургуси” дер экан, унинг ҳажри қотилваш, висоли ҳалокангиз эканини кўзда тутади.

Ғазал ўтмиш адабиётимизда хийла машҳур бўлган ва кўп шоирлар ундан таъсирланиб, худди шу вазн ва айни радиф (“ўлтурғуси”)да бир талай ғазаллар бунёд этганлар. Чунончи, шу вазн ва радифли Андалиб бир ва Увайсийнинг иккита ғазали маълум. Навоийнинг ушбу ғазали бир замонлар ашула сифатида Комилжон Отаниёзов ижросида довруқ қозонган бўлса, ҳозирда яна бошқа бир куй негизида уни Муножот Йўлчиева ижро этаётир. Ғазал байтлари табдилига ўтамиз:

Бир кун мени ул қотили мажнуншиор ўлтургуси,

Усрук чиқиб, жавлон қилиб, девонавор ўлтургуси.

Бир куни мен ул мажнунликни даъво қилувчи қотил ўлтургиси, маст ҳолатда олдимдан чиқиб, рақсларга тушиб, девона каби ўлтургиси.

Ёр – шўх, унинг иши фақат истиғно эмас, маъшуқни шайдо этиш, вола қилиш, куйдириш учун минг турли ноз-фироқлар ўйлаб топади, уни қийнайди, азоблайди, минг балоларга дучор этади. Байтда тасвирланишича, ёр ўзини далли-девона қилиб кўрсатади, жавлон уради, ошиқни ҳалок бўлиш ҳолатига етказади. 

Гар заъф ила ожизлиғим кўнглига раҳме солса ҳам,

Бошимға еткач, секретиб беихтиёр ўлтургуси.

Гарчи заифлигу ожизлигим унинг кўнглига бироз раҳм солса ҳам, бошим узра келгач, (от) сакратиб, билиб-билмасдан бўлса ҳам ўлтургуси.

Албатта, ожизлик раҳм-шафқат, мурувват ҳиссини уйғотади. Ёр ҳам бундай олижанобликдан бегона эмас. Аммо у гоҳо жавру жафони беихтиёр ҳам қилади – ошиқнинг боши устига шиддат билан бостириб келгач, суръатини боса олмай, от сакратиб, беихтиёр ошиқни ҳалок этади, бу бор гап.

Васли аро гар ўлтурур, жонимға юз минг шукр эрур,

Чун қолсам андин бир замон, ҳижрони зор ўлтургуси.

Агар васли ичра ўлдирса, жонимга юз минг шукрлар қилсам бўлади, вале у палладан бир замон омон қолсам, ана унда ҳижрони мени зор йиғлатиб, ўлтурғуси. 

Кўрамизки, ошиқнинг олдида икки йўл бор: ёр васли ичра ўлмоқ ёинки ёр ҳажрида зор-зор йиғлаб ҳалок бўлмоқ. Ошиқ, агар ёр васли ичра ўлмаса, ҳижрон азобида ҳалок бўлишини билади; табиийки… у васлни танлайди.

Ошиқ бўлурда билмадим, мен нотавони хастаким,

Ҳажр ўлса, ғам куйдургуси, васл ўлса ёр ўлтургуси.

Ошиқ бўлар эканман, мен нотавон ва хаста одам, ҳижрон юзланса, ғам куйдиришини ва васл насиб бўлса, ёр ўлдиришини билмаган эдим.

Ишқ – изтиробдир. Ҳатто энг бахтиёр ошиқнинг ҳам, бир лаҳза бўлсин, ҳаловати йўқ: рашк, ёр илтифотидан умидворлик, ғазабидан ҳар дам қўрқиб туриш, лоақал шу саодатли дамларининг тугаб қолишидан саросима уни ҳамиша қийнайди. Бундай ошиқ висол айёмида ёрнинг ўлдиришию, ҳижронда эса ғам адо қилишини билади, шу икки ўт аро мудом қоврилади.

Майдон аро, эй аҳли дин, кирманг тамошосиғаким,

Юз кўрмайин ул кофири чобуксувор ўлтургуси.

Эй, дин аҳли, бу майдон ичра унинг томошасига кира кўрмангки, ул уста чавандоз кофир юз кўрмай турибоқ ўлтургуси.

Эй мусулмонлар, бу ишқ майдонига томоша қилиш ниятида кирмангиз, нечукки, бу майдонда от ўйнатувчи дин ғоратгари юз кўриб-нетиб ўтирмаёқ, сизни ҳалок қилиши – ишқ қурбонига айлантириши муқаррар.

Лаълинг закоти май тутуб тиргузмасанг, эй муғбача,

Дайр ичра мен дилхастани ранжи хумор ўлтургуси.

Эй муғбача, лаъли (лаб)инг закоти бўлган майни тутиб, тирилтир, йўқса мен дилхастани хуморлик ранжи ўлтиргуси.

Муғбача – оташпараст бола дегани, майхона югурдаги ҳам мумтоз шеъриятда муғбача деб аталади ва у маъшуқа тимсоли сифатида қўлланади. Бу атама замирида ўтмиш ҳаётимиздаги муайян ҳолатлар намоён. Маъшуқанинг лаблари шу қадар қип-қизилки, гулгунранг май унинг закоти – қирқдан бир ҳиссаси бўлиши мумкин. Шоир ана шу майдан бериб, жон бахш этгил, усиз эса ўша майга хуморлик машаққати мени ҳалок этади, дейди.

Дерлар, Навоий қатлиға гулгул очибтур оразин,

Кўргунча они, войким, бу хорхор ўлтургуси.

Навоийни қатл этиш учун (ёр) қип-қизил юзини очибди, дерлар. Эвоҳ, очилган у гулни кўргунча бу тиконлари уни хор қилиб ўлтургуси.

Май ранги – қизиллик мотиви яна давом этади. Байтда айтилишича, Навоий қонини тўкмакка чоғланаркан, ёр қизил кийинади, гулгун юзини очади. Аммо шоирнинг армони шундаки, ёр оразини кўргунича ҳам бўлмай, атиргул тиконлари – хорлар уни хор қилиб ўлдиради-қўяди. Хорхор деган сўз бу ўринда кўп маъноли: орзу, тинчсизлик, кўнгил ҳаяжони ҳамда ғам-қайғу ҳам ўтмишда хорхор деган сўз билан ифодаланган. Шу туфайли, айни байтдан бир неча хил маъно чиқиши мумкин. Биз бу ўринда бош маънони талқин этиш билан кифояландик.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

Адабиётшунос олим