АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “НАВОДИРУН НИҲОЯ” ДЕВОНИДАГИ 806- ҒАЗАЛ ТАБДИЛИ

Гар аламимға чора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай!

В-ар ғамима шумора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай!

 

Ранжима йўқ эса адад, хост бу эрса найлайин,

Дардима гар канора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

 

Жамъ эмас эрса хотирим, жамъ ўлуриға, зоҳидо,

Ҳожати истихора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

 

Ёрдин элга комлар, буки менинг сари гаҳи

Кўз учидин назора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

 

Машъали васл ила улус шоми мунаввару менинг,

Бахтима бир шарора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай!

 

Қисми азалға шодмен, буки фалак риояти,

Ҳолима ошкора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

 

Дедим, эрур Навоий ўз дардиға чорасиз, деди,

Гар аламимға чора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

Бу ғазал ишқ шиддатининг ортганлиги, аммо ёр васлига етиш имконининг йўқлиги, ошиқнинг ўз аҳволини мушоҳада қилиб кўриб, умидсиз ҳолда ҳамма нарсадан қўл ювиб, “этак силкиши” мотивига асосланган. Аммо бу батамом тушкунликка тушиш, умидсизланиш дегани эмас, шу тарзда бўлса ҳам ёр эътиборини тортиш, аҳволининг ҳаддан ташқари забун эканини баён қилиш орқали унинг раҳмини келтириш орқали меҳрини қозониш ниятида изҳор этилган оташин бир нутқдир.

Гар аламимға чора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай!

В-ар ғамима шумора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай!

Агар а犀利士
ламимга чора йўқ экан, нетай, бўлмаса бўлмай қўя қолсин ва агар ғамларимнинг саноғи ҳам йўқ экан, найлай, бўлмаса бўлмасин.

Алам – мумтоз тилмимизда беморлик, оғриқ демакдир. Ёр дардида хаста бўлган лирик қаҳрамоннинг дардларини аритиш иложи йўқ экан, буни англаган ҳолда у шифо топилмаса топилмай қўя қолсин, дейди. Унинг ғамлари эса шу қадар сонсизки, уларни санаш иложи бўлмаса, бўлмай қўя қолсин, дейди.

Ранжима йўқ эса адад, хост бу эрса найлайин,

Дардима гар канора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

Ранжишларим ҳадсиз-ҳисобсиз бўлса, тилагим эса шу  бўлса, нима ҳам қилардим, дардимнинг эса  чегара-қирғоғи йўқ бўлса, бўла қолсин.

Аввалги байтда шоир алам-оғриқ ва дард ҳақида сўзлаган бўлса, бунисида ранжишлар тўғрисида гапиради. Унинг дарди эса канора – қирғоқларга сиғмас экан, демак, уни беркитиш, яшириш имкони йўқ. Шунинг учун ҳам у ишқ изтироблари чексиз, не қилай, бўлса бўла берсин, дейди.

Жамъ эмас эрса хотирим, жамъ ўлуриға, зоҳидо,

Ҳожати истихора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

Хотирим жам эмас, жам бўлиши учун, эй зоҳид, истихора қилишнинг ҳожати йўқ ва бунга ҳожат ҳам бўлмаса бўлмасин, нетай.

Хотиржамлик барчага керак. Шунинг учун Шарқда, агар кишининг ҳолати нотинч ва бесаранжом бўлса, тинчланиш учун истихора қилади – ювиниб-покланади, нафл намозларини ўқиб, ниятини кўнглига жо қилиб ухлаб, тушида бирон ишорат бўлишини кутади. Навоийнинг лирик қаҳрамони эса, гарчи хотиржам бўлмаса ҳам, истихорадан воз кечади, чунки тинчланиш, хотиржам бўлиш – борига кўникиш, шунга қаноат қилиш демак. Ошиқ эса ёр орзусида бесаранжом, у ёрдан воз кечиб, хотиржам яшашга рози эмас, истихора қилишнинг ҳам ҳожати йўқ ва бўлмаса бўлмасин, деб айтади. Шу ўринда зоҳидга хитоб этилишига диққатни қаратайлик. Зоҳид – обид (ибодатга машғул) одам, аммо ошиқ эмас. Навоий учун эса ишқ ила изтироб чекувчи ошиқ хотиржам яшовчи зоҳиддан афзал.

Ёрдин элга комлар, буки менинг сари гаҳи

Кўз учидин наззора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

Ёр бошқаларни ниятига етказади, аммо у томондан менга аҳёнда бўлса-да лоақал кўз учида қараб қўйиш йўқ. Бўлмаса бўлмасин, не қилай ахир!

Рашк – ишқнинг бир белгисидир. Ноумид ошиқнинг хаёлида гўё ёр бошқаларни шодком этади, аммо унга келганда терс бурилиб олади, истиғно қилади, ҳатто кўз ташлаб ҳам қўймайди. Шунда ошиқ алам ичра, қарамаса қарамасин, деб айтади. Бу ўринда ёрдан гина, ўпкалаш ва араз… ҳаммаси бор.

Машъали васл ила улус шоми мунаввару менинг,

Бахтима бир шарора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай!

Висол машъалининг ёғдуси ўзгаларнинг шомини мунаввар этиб ёритади, аммо менинг бахтимга келганда ҳатто бир учқун ҳам раво бўлмайди. Бўлмаса бўлмасин, не чорам бор?

Ёрнинг бир кулиб боқиши ошиқнинг жон-жаҳонини чароғон этиб юборади. Шунинг учун ҳам унинг ҳар бир илтифоти гўё бир машъала, у комрон бўлганларнинг шомини мунаввар этиб ёритади, аммо менга келганда бирон учқун ҳам муносиб бўлмайди. Бўлмаса бўлмасин!

Қисми азалға шодмен, буки фалак риояти,

Ҳолима ошкора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

Азал қисматига шодман, фалакнинг инояти шу бўлдики, аҳволимни ошкор эта олиш ҳам йўқ. Бўлмаса бўлмасин, нетай?

Тақдири азал менга шуни тақсимлаб (қисмат қилиб) берган экан, шодман, аммо фалакнинг туҳфаси шу бўлдики, ҳолимни ошкора эта олмайман ҳам. Бўлмаса бўлмасин, нетай?

Дедим, эрур Навоий ўз дардиға чорасиз, деди,

Гар аламимға чора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай.

Навоий ўз дардига чорасиз деб айтди, дедим, башарти аламимга ҳам чора йўқ экан, бўлмаса бўлмасин, нетай?

Дедим: Навоий ўз дардига чорасиз деб ва дедики (шоир), агар алам-оғриқларимга чора йўқ экан, бўлмаса бўлмасин, нетай? (Бу ўринда байтнинг биринчи мисрасининг стилистикасида мураккаблик бор, шу боис иккинчи мисрадаги гап кимнинг тилидан айтилганини аниқлаш душвор).

Алишер Навоий бу ғазалда бир талай бадиий санъатларни қўллаган. Чунончи матлаъ – дастлабки байтнинг иккала мисрасидаги ҳар бир сўз вертикал йўналишда вазнан ўзаро параллел ҳамда ғазалнинг илк мисраси билан сўнгги мисраси бир хил.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Адабиётшунос олим