АЙЁМ МУБОРАК, ЎЗБЕКНИНГ ЎҒЛОНИ!

Бугун, 12 апрел – Бутунжаҳон космонавтика куни. Бундан роппа-роса 52 йил олдин, 1961 йилнинг 12 апрелида совет космонавти Юрий Гагарин фазога парвоз қилган илк инсонга айланган эди.

Солижон Шарипов – ўзбек миллатига мансуб илк космонавт. Россия ва Қирғизистон қаҳрамони. 1964 йилнинг 24 августида Ўш вилоятида Ўзган шаҳрида ўзбек оиласида туғилган. 1987 йили авиация билим юртини тугатганидан сўнг мураббий учувчи бўлиб ишлаган.
Турли русумдаги самолётларда ҳаммаси бўлиб 950 соат парвоз қилган. 1990 йили совет космонавтлари отрядига қабул қилинган. “Союз ТМ” космик кемаси ва “Мир” орбитал станциясида парвоз учун экипаж командири сифатида тайёргарликдан ўтган. 1994 йили Москва давлат университети картография мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Илк бор фазога 1998 йилнинг 23 январидан 31 январигача “Эндевор” кемасида парвоз қилган. Парвоз 8 сутка 19 соат 46 дақиқа 54 сония давом этган.

Шариповнинг космосга иккинчи парвози 2004 йилнинг 14 октябридан 2005 йилнинг 25 апрелигача давом этган. Парвоз давомида у икки бор очиқ космосга чиққан.
Уйланган, бир ўғли ва бир қизи бор.

Ҳали ҳамон юракларни зир титратиб турган Ўш ва Жалолобод фожеаси кунларида фазогир барчадан кўра кўп қайғурган, бор имконини ишга солиб, жабрдийдаларга кўмак беришга, уларнинг дардига малҳам бўлишга интилган эди. Солижон Шарипов ана шу кунлари «Агар фазонинг ақл бовар қилмас баландлигидан она Заминимизга назар солсангиз, шундай гўзал сайёрамиз борлигини кўрасиз, Аллоҳ таоло бу заминни ҳар биримиз Унинг ризолиги йўлида тинч-тотувликда умргузаронлик қилишимиз учун яратиб қўйганлигига иймон келтирасиз ва ўзаро қирғинбарот урушлар, миллатлараро низолар Коинот сарҳадларида оҳиста сузиб турган мана шу гўзал сайёрамизга нақадар хатар солаётганини биласиз» дея алам билан ёзғирган эди. Фазонинг бемисл кенгликларига парвоз қилган фазогир ўз юртида содир бўлган фожеа туфайли бу заминга нақадар чамбарчас боғлиқ эканлигини шу тариқа яна бир карра чуқур ҳис қилган эди.

«Бу каби фожеа бошқа такрорланмаслиги лозим» дейди бугун таниқли фазогир. Айни умидларга қўшилган ҳолда биз ўзбек халқининг фахри ва ифтихори бўлган Солижон Шариповни бугунги айём муносабати билан чин дилдан табриклаймиз.

Алишер Навоий Институти жамоаси