Ўзбек мумтоз адабиётида ўзига хос ўрин тутган шоира Самар Бону ижоди ва ҳаёти хақида илмий ишлар жуда кам. Шоиранинг ижоди ва ҳаёти билан жиддий шуғулланган таниқли адабиётшунос олим Тўхтасин Жалоловнинг олиб борган тадқиқотлари ва илмий жамоатчиликка тақдим этган китобидан бошқа манбалар жуда кам. Самар Бону ғазалларидан билиш мумкинки, у нафақат етук шоира, балки кўплаб қиз-жувонларнинг саводини чиқарган муаллима, отин ойидир. Халқнинг маьрифатли бўлиши учун 25 ёшларидан бошлаб муаллималик қилган шоиранинг адабий меросини ўрганиш муҳим аҳамиятга моликдир. Шоиранинг муаллимлик фаолиятини кўрсатувчи “Қизлар” радифли қуйидаги ғазал бунинг исботидир.
Менга шогирд бўлубсизлар, неча қиммат баҳо қизлар,
Бари бир–биридан ортуқ, фаросатли, расо қизлар.
Саодат ахтари бирлан туғулди яхши соатда,
Тамоми инсу жинсдин ҳам паридин пурҳаё қизлар.
Бу қизлар беш-олтидур, аввалги мактабимдиндур,
Анисим, мунисим, қадрдон дилрабо қизлар.
Отингизни тутиб бир-бир байту ашьорлар айтсам:
Бибисолиҳа, Шарифанисо, Тўфанисо қизлар.
Яна Шодмонбиби, Биби Фотима ихлослар айлаб
Биби Маьлум, Сабоҳат, Талҳа – Бонуга ано қизлар.
Ёки яна бир бошқа ғазалида шундай фикрларни баён этади:
Ҳамиша ғамли қулларға билинглар ошно давот,
Ки ғурбат дудида қап-қаро дилга рўшно давот.
Худойим лутф этиб берган давот ила қалам-қоғоз,
Сени қадрингни билмаслар тасаддуқмен сенго давот.
Болалик пайтларимизда ажойиб шоира, муаллима Самар Бонунинг жияни, яьни аниқроғи опасининг қизи Шамсихон холанинг аммаси ҳақида, умуман Ҳувайдо авлодлари ҳақида айтган сўзларини эшитганмиз. Шамсихон отиннинг қизи Наимахон опа Ўшнинг таниқли уламоларидан бири Холмирза аьламга келин эди. Ҳанузгача Шоира Самар Бонунинг ана шу авлодларида Ҳувайдо эшон ва авлодларининг девонлари сақланиб келинар экан. Бу ҳақда Шамсихон холанинг невараси Аҳмадулло аканинг сўзига кўра, Ҳувайдонинг девони ва бу катта шажаранинг дарахт сифатида чизилган жадвали бор экан.
Дарҳақиқат, шоира, айни пайтда даврининг пешқадам педагоги Самарбону бир катта адабий сулоланинг вакилидир. Унинг ижоди фикрларнинг теранлиги, дидактикаси, жозибадорлиги билан таҳсинга, илмий ўрганишга лойиқдир. Бу катта сулоладан тўртта соҳибдевон шоир чиққан: шоиранинг бобоси Ҳувайдо, отаси Сирожий, укаси Салоҳиддин Соқиб ва Самар Бонунинг ўзи. Яъни, шоирлик, унинг ўзи айтганидек, унга отамерос.
Илоҳи роҳати дилдур Ҳувайдо,
Бобом нисбатлари қилғайму шайдо.
Тасаддуқ мен бўлай, султони олам,
Чимиён халқига сиздур мукаррам.
Мерос дедим бобомлардин рубоий
Қолиб мерос бу сўзларнинг матои.
Сўнгги бобом бу Ўшда Сармазори,
Тасддуқ руҳингиздин қил мадори.
Шарқ мумтоз адабиётиннг забардаст шоирлари, буюк сўз усталари Навоий, Фузулий, Ҳофиз Шерозий, Бедил ва бобоси Ҳувайдо ижодини чуқур ўрганган шоира фалсафий мушоҳадаларга бой, чуқур мазмунли ғазаллар яратади. Буни унинг ғазалларидан илғаб олиш мумкин.
ХIХ асрнинг забардаст шоираси Самар Бону 1837 йилда Ўш шаҳрида туғилиб, 1891 йилда 54 ёшида вафот этган. (Маьлумотлар адабиётшунос олим Т. Жалоловнинг “Самар Бону” китоби асосида.) Демак, бу йил шоиранинг 185 йиллиги бўлди. У аввал онасидан хат-савод ўрганиб, кейин отасидан таьлим олади. Шеьриятда зўр шоир, илоҳиётда забардаст олим, эшон Сирожий заковатли қизига тарих, фалсафа ва шеьрият назариясидан сабоқ беради. Шоира Самар Бону жуда ёш чоғидан бобоси Ҳувайдо ва бошқа мумтоз шоирларга эргашиб ғазаллар ёза бошлайди.
Шоиранинг бобоси Ҳувайдо байтларига жавобан ёзган ғазаллари ғоят ёрқин ва нафис чиққанки, уларни сизга ҳам илинмоқдамиз:
ҲУВАЙДО:
Айладим ишқинг аро, эй шўх афғон ўзга навъ
Айлағондек эл аро Мажнуни ҳайрон ўзга навъ.
Гул юзунгни, ғунча оғзингни кўруб кўнглум қуши.
Айламас парвойи гулзору гулистон ўзга навъ.
БОНУ:
Келди бул кун қошима ноз ила жонон ўзга навъ.
Қомати раъноси чун сарви хиромон ўзга навъ.
Айдим: Эй жоним, қадам қўй дийда гирёним уза,
Хуш келибдурсен, дедим тахти Сулаймон ўзга навъ…
Ёки, бошқа бир ғазалга эьтибор беринг.
ҲУВАЙДО:
Зулайхойи замон, ишқ офати даврондурур ул шўх,
Малоҳат мисри ичра Юсуфи Каньондурур ул шўх.
Ўтибдур бу жаҳондин Ширину Узрою ҳам Лайли,
Алардек нозанин сийминбадан Чимёндурур ул шўх.
БОНУ:
Ғариб жонимға қилди ҳар куни юз минг жафо ул шўх,
Вафони изладим андин, бўлубдур бевафо ул шўх.
Зулайхое замонида туғилди мисри Ўш ичра.
Менга у Юсуфи Канъон каби қўйди баҳо ул шўх...
Заҳматкаш адабиётшунос олим Тўхтасин Жалолов тадқиқотларида бир қанча ўшлик соҳиби девонларни тилга оладики, бугунги кунда илмий жамоатчилик буни чуқур тадқиқ этса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Масалан, Сулаймон Мирза Маҳмуд ўғли Ошиқ, шоир, етук дин уламоси Маҳжурий домла, Қамаринисо каби шоирлар, дин арбоблари шулар жумласидандир. Шоира Қамарнисо хақидаги дастлабки маьлумотлар ҳам ғоят қизиқарли. Шоир Муқимийнинг жияни деб келтирилган бу шоиранинг авлодлари ҳозир ҳам бор. Адабиёт ихлосманди, ”Ўш садоси” (аввалги “Ленин йўли”) газетасининг фаол мухбирларидан бири, Ўш тарихига оид ва кўплаб улуғ сиймолар хақидаги мақолалар муаллифи Одилжон Раҳимов (эл орасида “Одил архив” деб танилган) шоира Қамарнисонинг невараси бўлган. У кишининг сўзига кўра, Қамарнисо онасининг онаси, яъни бувисидир. Ўз даврининг илғор маьрифатпарвари бўлган Қамарнисо отинойи рус тилини ҳам яхши билган. Унинг мукаммал девони ўтган асрнинг 40-йилларда йўқолган. Китобсевар, маьрифатли халқимизнинг бирор хонадонида балким шоира Қамарнисонинг девони сақланаётган бўлса не ажаб.
Ўтган асрнинг бошларида чор Россияси Туркистонни босиб олгунга қадар Туркистоннинг қадим ва сўлим шаҳри Ўшда 100 га яқин мадраса, бир қанча мактаблар ва қироатхоналар бўлган. Бу далиллар ўша даврдаги Чор Россиясининг статистикаси ва олимларининг маълумоти асосида айтилмоқда. Қисқаси, шоира Самар Бону қадим ва улкан адабиётимизнинг ёрқин бир сиймосидир. Шоира Самар Бонудан бир фарзанд – Заҳириддин халфа қолади. Заҳириддин халфа Ўш ва унинг атрофида машҳур бўлган бир зотдир. Маълумотларга кўра унинг тўққиз нафар фарзанди бўлган. Улар ҳозирда ҳам Ўш шаҳри ва Қорасув, Марҳамат туманларида истиқомат қилишмоқда. 1974 йили Ўшлик рассом Ҳасанбой Саидов Марҳаматда шоиранинг неваралари билан суҳбатлашган.
Шоира Самар Бонунинг қабри Сармазор қабристонидадир. Бу мозор Ҳувайдо авлодлари дафн қилиниб келган мозор бўлиб, ҳозирда Қорасув тумани Шарқ қишлоқ округи худудидадир.
Лутфулло РАҲМОНОВ,
Қирғизистон Журналистлар уюшмаси аьзоси.