«Она юртим — Қирғизистон, Ўш…» китобидан лавҳалар (2-суҳбат)

 

ТАБИАТ ВА ТАРИХ

 

Қирғизистон территорияси 199,951 минг квадрат километрдан иборат, ҳудуди катталигига кўра дунёда 86-ўринни ишғол этади. Асосан, тоғли ўлка. Аҳоли 2018 йилда 6 миллион 256,7 минг кишини ташкил этди, бу жиҳатдан Қирғизистон дунё мамлакатлари орасида 110-ўринда туради. Бу юртда саксондан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Мамлакат ҳудудининг ҳар бир квадрат километрида ўртача 29 киши яшайди.

Қирғизистон ғарбда Фарғона водийси, шарқда Тиёншон тоғларининг марказий қисми, шимолда Қозоғистон ҳамда жанубда Помир тоғлари оралиғида жойлашган бўлиб, Қозоғистон билан 1113 км. ли, Хитой билан 1048 км. ли, Тожикистон билан 972 км. ли ҳамда Ўзбекистон билан 1374 км. ли умумий чегарага эга. Маъмурий-ҳудудий жиҳатдан бу мамлакат 7 вилоят – Боткен, Жалолобод, Иссиқкўл, Норин, Талас, Чуй, Ўш области каби ҳамда республика миқёсидаги икки шаҳар – Бишкек ва Ўшга бўлинган. Тиёншон ва Помир-Олой тизмалари қуршовида жойлашган Қирғизистон ҳудудининг тўртдан уч қисми баланд тоғ ҳамда тоғолди ҳудудларидан иборат.

Қирғизистоннинг барча ҳудуди денгиз сатҳидан энг камида 400 м., ярмидан ортиғи эса денгиз сатҳидан 1000-3000 м. юксакдадир. Унинг учдан бир қисми эса денгиз юзасидан 3000 метр ва ундан ҳам баландда жойлашган.

Ғалаба чўққиси (7439 м.), Абу Али ибн Сино (аввалги номлари – Кауфман, Ленин) чўққиси (7134 м.) ва Хонтангри чўққиси (6995 м.) кабилар мавжуд.

 

 

(Қирғизистонда дунё миқёсидаги бир неча юксак чўққи бор)

 

(Мангу гўзалликлар диёри)

 

(Ҳайбатли тоғлар бошини оқ қору кўк музлар қоплаб ётади)

 

Мамлакат ҳудудининг 3,6 фоиз қисми сув билан қопланган (кўл ва дарёлар). Тоғ оралиқларида жами 1923 та катта-кичик кўл ҳамда 40 мингдан ортиқ дарё, сой ва жилға бор. Улардан ҳар йили қарийб 47 куб километр сув оқиб ўтади.

 

(Сарин ҳаволи Кўккўл)

 

Иссиқкўл ботиғида жойлашган мовий Иссиқкўл денгиз сатҳидан 1609 метр баландликда ястанган, бу ложувард денгизнинг энг чуқур нуқтаси 700 метр келади. Иссиқкўлнинг сув ҳавзаси 6236 квадрат километр майдонни ишғол этади. Катталиги бўйича дунёда йигирма учинчи ўринда туради.

Тарихчиларнинг айтишича, у тарихнинг хийла кейинги бир даврида, тахминан 2,5-3 минг йил муқаддам ер юзасидаги тектоник ўзгаришлар сабабли пайдо бўлган. Кучли бўрон турган маҳаллари сув қирғоққа гоҳо сопол парчалари ва бошқа жиҳозларни чиқариб ташлаганига асосланиб, мозийшунос мутахассислар қадимда бу кўл ўрнида одамлар яшайдиган манзилгоҳлар бўлган, деб тахмин қиладилар. 2006 йилда кўл тубини ўрганиш бўйича Қирғизистон Фанлар академиясининг вице-президенти Владимир Плоских раҳбарлигида иш олиб борган Қирғизистон-Россия Славян университетининг археологик экспедицияси бу кўл тубида 2,5 минг йил аввал мавжуд бўлган тамаддун изларини топишга муваффақ бўлди. Бундан айрим олимлар, Иссиқкўлнинг пайдо бўлганидан бери икки-икки ярим минг йилча вақт ўтган, деб тахмин қилишлари учун асос пайдо бўлди.

Бироқ айтиш керакки, бунча катта майдонда дунё миқёсида олганда ҳам улкан деб ҳисобланадиган кўл (1768 куб километр) ҳозирги даражада пайдо бўлиши учун жуда узоқ тарихий давр ўтиши талаб этилади. Шу сабабли ҳам бошқа бир гуруҳ мутахассислар Иссиқкўлнинг пайдо бўлган даври унинг яқинидаги карст ва бошқа хил тоғ жинсларидан иборат қават-қават тоғларнинг бу жойда бир маҳаллар ястаниб ётган уммон тубидан кўтарилиб, ҳозирги шаклини олган бир даврда, яъни камида 10 миллион йиллар муқаддам пайдо бўла бошлаган, дейишади. Ва бу фикр учун ҳам асослар мавжуд. Чамаси, Иссиқкўлга қуйиладиган саксондан ортиқ сой ва ирмоқларнинг суви тўпланиши, кўтарилиши ва ёйилиши асносида унинг катта бир қисми доимо ерга шимилиши, сатҳи кенгайгани сари буғланиш ҳажмининг ҳам ошиб бориши туфайли Иссиқкўл юз минглаб, миллионлаб йиллар мобайнида жуда секинлик билан кенгая борган ва биз юқорида тилга олган, бундан икки ярим минг йиллар аввалги маданият излари бир маҳаллар бу кўл бўйида (кўл ўрнида эмас) истиқомат қилган одамларнинг сув остида қолиб кетган айрим ашёлари бўлиб чиқиши ҳақиқатга яқинроқ.

Умуман олганда, тектоник ўзгаришлар Марказий Осиё заминининг ҳамма жойларида кўп рўй берган. Жумладан, Бишкек шаҳридан Иссиқкўл томонга боришда йўлнинг ўнг тарафда ястаниб ётган тоғ тизмаларидаги қатламлар тарихнинг бизга ноаён даврларида, эҳтимолки бир неча юз миллион йиллар муқаддам, бу тоғликларнинг денгиз тубида бўлганини кўрсатади, мутахассисларнинг тахминига кўра эса, Иссиқкўл ботиғининг пайдо бўлганига эса 50 миллион йилдан ошган…

Милодий 982-983 йилда ёзилган, аммо муаллифи номаълум “Ҳудудул олам” асарида Иссиқкўл “Искўк денгизи” деб келтирилади. Бу гапда жон бор. Чунки, гарчи суви ўта совуқ бўлмаса-да, Иссиқкўл, аслида, иссиқ кўл эмас. Афтидан, “Искўк” сўзи кейинчалик “Иссиқкўл” дея, бугунги туркий халқлар тилига мослаштирилган. Унинг нима сабабдан “Искўк” деб аталгани масаласини ҳал этиш эса тарихчи олимлар ҳамда тил тарихи мутахассисларига ҳавола. Қизиғи шундаки, “Иссиқкўл”даги “иссиқ” деган сўз қирғиз тилида унча фаол қўлланмайди.

Монийлик (манихейлик) дини асосчиси – мелодий III асрда яшаган Моний ибн Фатак таъқиб ва тажовузлардан қочиб, Эрондан Турон юртига келгани ва Иссиқкўл бўйида анча вақт яшаб, ўз динини тарғиб этиш билан шуғуллангани тарихда маълум. Бироқ унинг таълимоти ўлимидан сўнг тобора кучайиб борди, VIII асрда Уйғур хонлигида ҳукмрон динга айланди, ҳатто XIV асрда ҳам катта ижтимоий куч бўлиб турдики, унга дахлдор воқеалар ва Моний номининг акс-садоси халқ оғзаки ижодида у ёки бу тарзда акс этиши тушунарли. Моний Иссиқкўлни табаррук кўл деб эълон қилган. Шундай экан, кўлнинг номи Иссиқ (ҳарорати баланд) эмас, балки Изикўл, яъни эзгу, муқаддас кўл деган маънони билдириши ҳақиқатдан узоқ эмас. Кейинчалик эса бу сўз талаффузда Изикўл à Иссиқкўл бўлиб ҳозирги шаклга келган. “Ҳудудул олам” асаридаги Искўк сўзи эса ўша Изикўл калимасининг яна бир шаклий варианти бўлиши мумкин. Бугунги кунда қирғиз шоиру адиблари уни “Ыйықкўл” (Табаррук кўл) деб талқин этаётганлари ҳам бор гап.

 

 

(Иссиқкўл кўриниши)

 

Осиёнинг йирик сув айирғичларидан бўлган Тиёншон тоғлари фақат Қирғизистон ҳудуди ичида бўлмай, Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби мамлакатларнинг ҳам анчагина ҳудудини ишғол этади. Тиёншон – туркийча Тангритоғ сўзининг хитой тилида “Тянь-шань” тарзида бузиб калька қилинишидан келиб чиққан, кейинчалик бу ўлкаларнинг ўзида ана шу хитойча шакл қабул қилинган. Шу жиҳатдан олганда, Қирғизистондаги тоғ йўлларининг энг баланд нуқтаси бўлган Туяошув довонининг номи ҳам шу юксак қорли тоғлардан туя миниб ошишни кўзлаб берилганми, ёинки Тиёншон тоғидаги энг юксак довон (ошув) сўзи талаффузда Тиёншон à Туяошув бўлиб қолганми, бу ҳақда ҳам ўйлаб кўрса бўлади. Бизнингча, туркий тилларда “туя” сўзи катта, улуғ маъносини англатиши (дони йирик анор – туятиш анор, катта қуш – туяқуш) бу ўринда довонга ҳам татбиқ қилиниб, энг баланд ошув – Туяошув номини олган бўлиши ҳам эҳтимол. Тиёншон туркий тилдаги “Тангри-нишон” калимасидан олинган, деган талқинлар ҳам бор (аммо бу талқин бирёқлама, чунки “нишон” форсий сўздир).

 

(Қумтош қоялар – ўлкамиз неча ўнлаб миллион йиллар аввал денгиз остида бўлганининг далили)

 

Қирғизистон, географик жойлашуви ҳамда ландшафтига кўра, шимолий ва жанубий қисмларга бўлинади. Тоғ тизмалари ва довонлар туфайли ҳозирги Талас, Чуй, Иссиқкўл ва Норин областлари – Шимолий Қирғизистонни, Боткен, Ўш ва Жалолобод областлари эса Жанубий Қирғизистонни ташкил этади. Орада эса Тиёншон тоғининг юксак тизмалари ястаниб ётади.

Шимолий Қирғизистон билан Жанубий Қирғизистон, асосан, БишкекЎш автомагистрали орқали алоқа қилади.

 

Юксак довонларда тутак тутмагани – тақдирнинг туҳфаси

 

Бу йўлда Туяошув довони (денгиз сатҳидан 3240 м.)дан 3 километрлик тоннель ўтказилган бўлиб, қишин-ёзин автомобиль қатнайди. Шимолдан Жануб тарафга юрилса, Сусамир водийси, Олабел довони, Чичқон қўриқхонаси, Тўқтағул сув омбори, ундан кейин Кўкбел довони орқали Фарғона водийсига тушиб борилади.

 

Довондаги учрашув. Икки давр уловлари

 

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

 

 

“Алишер Навоий институти” сайтининг таҳририяти.