УЛУҒ АЖДОДЛАРНИ ЁД ЭТИБ…

 

2022 йил 19 февраль куни Жалолобод вилояти Бозорқўрғон шаҳридаги Бобур номли 3-гимназия мактабида Навоий таваллудининг 581 йиллиги ва Бобур таваллудининг 539 йиллиги, шунингдек Муғанний таваллудининг 73 йиллиги муносабати билан «Умумий тарих – ягона келажак» шиори остида «Назм ва наво» адабий-бадиий кечаСИ уюштирилди. Унга қўшни вилоят ва туманлардан ўзбек тили ва адабиёти муаллимлари, шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ташриф буюришди. Дастлаб ўшлик шоир Муғанний ёдга олиниб, унинг шеърлари ва шоир қаламига мансуб ғазаллар куйланди. Айниқса, Нуриддин Жалолов ижросидаги «Муғаннийжон, алвидо!» марсияси томошабинларнинг кўзларида ёш қалқишига сабаб бўлди. Саҳнада Муғанний тимсоли намоён бўлиб, «Қазо дарслари» тўпламига киритилган тўртликлардан ўқиб берди.

Кечанинг асосий қисмида эса Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур тимсоллари саҳнада кўриниш берди. Бу икки даҳога бағишланган шеърлар, мадҳиялар мактаб ўқувчилари томонидан ажиб нафосат ила ижро этилди. Мактаб муаллимлари Навоий ва Бобур ғазалларидан ўқишди. Журналистика тўгараги аъзолари ҳам ғазалхонликка қўшилдилар. Айниқса, «Юлдузли тунлар» асаридан парча, Навоий ва Лутфий учрашуви саҳналари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Адабий кечада сўзга чиққан филология фанлари номзодлари Саидакбар Махсумхоновва Равшанбек Турсунов, адабиётшунос олима Барно Исоқова, шоирлар Қосимжон Раҳмиев ва Абдул Ҳақларнинг маърузалари мароқ билан тингланди.

Кечанинг кейинги қисмида томошабинлар ўртасида «Заковат» интелектуал ўйини ўтказилиб, иштирокчилар ўз билимларини синаб кўришди. Шу баҳона, Навоий ва Бобур ҳаётига доир қизиқарли саволларга жавоблар топишди.

Ушбу кечани уюштиришда Бобур номидаги 3- гимназия мактаб педагогик жамоаси, хусусан директор Ўғилхон Акбарқулова билан тарбиявий ишлар мудири Одинахон Абдуқодировалар катта ташаббус кўрсатди. Ўзбек тили ва адабиёти метод бирлашмаси аъзолари бўлган М. Жалолова, М. Абдумаликова, С. Маматқулова, Н. Жалоловлар меҳмонларнинг олқишига сазовор бўлиб, Ўзбек миллий-маданий маркази, Бозорқўрғон шаҳри маориф бўлими томонидан жонбозликлари, ташкилий ишлардаги фаоллиги учун фахрий ёрлиқлар билан тақдирладилар. Ташриф буюрган меҳмонлар Бобур номидаги 3-гимназия мактабида олиб борилаётган таълим-тарбия ишлари, ўқув биноси ва фан кабинетларининг замонавий жиҳозланиши, айниқса, Бобур зали, Ўзбек тили, Ўзбек адабиёти фан кабинетларига юксак баҳо беришиб, ушбу масканда миллий руҳ, маънавият уфуриб турганидан хурсадчиликларини эътироф этишди.

Дарҳақиқат, Навоий айтганидек, «Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмасам» дея, ўзлигимизни унутмай, келажак авлодларга ҳам уни ўргатиш, аждодларни қардлашни ўргатиш, асарларини ўқиш ва уқишга ундаш ҳар бир ўзбекман деган миллатпарварнинг бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим.  

 

Моҳирахон Абдумаликова