ЎТГАН ОЛТИ ЙИЛНИНГ ОЛТИ САБОҒИ

2010 йилнинг 10 июнь воқеаларига шу кунларда олти йил тўлди. “Ўтган кунлар” романидаги таъбир билан айтганда, бу сана Қирғизистон тарихининг энг кир, энг қора кунларидан бўлиб қолди. Мамлакат раҳбариятининг хайрихоҳлиги ва зимдан қўллаб-қувватлаши билан машъум бир террор – шу юрт аҳолисининг бир қисми давлатнинг ҳарбий машинаси кўмагида аҳолининг бошқа бир қисмини қирғин-қатағон қилди. Биз бундай ҳол – бутун бошли этник бир гуруҳ бошқа бир этнос томонидан қатлиом қилиниши дунё тарихининг варварлик замонларида қолиб кетган, аллақачонлар унут ҳам бўлган, ҳозирги маданият ва цивилизация даврида бундай мудҳиш ишнинг рўй бериши асло мумкин эмас, деб билар эканмиз. Аммо ўз яшаш тарзи, тафаккури ва менталитетига кўра ўша варварлик замонларидан кўп ҳам узоқлашиб кетмаган айрим элатларнинг генидан бу “рефлекс” ҳали чиқмаган бўлиши мумкинлиги эса ҳеч кимнинг ёдига ҳам келмаган экан…

СУВ БОШИДАН ЛОЙҚА ЭДИ…

Бу борада аввало шуни айтиш керакки, мазкур қонли воқеаларнинг келиб чиқишига ғоявий замин бўлган илмий асос – шўро замонида мақтаб кўкларга кўтарилган “ленинча миллий сиёсат”, аслида нотўғри экани яна бир бор аён бўлди. Зеро, айнан пролетариат доҳийси томонидан илгари сурилган энг ширин ёлғон – “миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳуқуқи” тезиси кейинчалик янада ривожлантирилди ва, охир-оқибатда бугунги кунда Марказий Осиё деб аталаётган қадим Туркистон ўлкасининг “милий ҳудудлар”га парчаланишига сабаб бўлди. Гап фақат сиёсий-географик тушунча – делимитация ва демаркация ҳақидагина кетаётгани йўқ. Чорак кам бир асрлик шўро тузуми даврида миллий ғоя шу тарзда олиб борилдики, пировардида Кавказ ва Марказий Осиёдаги давлатлар, бошқа ерлардаги миллий-маъмурий тузилмалардаги эл ва элатлар бир-бирига нисбатан қандайдир рақобат мавқеини тутиб, аксари Россиядаги тузум ва тутумга мойиллик касб этадиган бўлиб қолдилар. Бу сиёсат эса жуда узоқ портлайдиган бомбага ўхшайди – унинг зиён-зарари ҳали-бери тамом бўлишига ҳам умид йўқ.

Айнан Қирғизистонда юргизилган миллий сиёсат шу тариқа бўлдики (айниқса, ўтган асрнинг олмишинчи йилларидан бери), унга кўра, барча соҳа ва тармоқлар фақат қирғизларники бўлиши керак эмиш. Албатта, дунёнинг учдан бир қисмини эгаллаган Шўро давлатини барпо этган миллат вакиллари учун бу қоида истисно, гўё сезилмаган каби эди. Ўша олтмишинчи йиллардан бошлаб давлат ҳокимиятининг барча поғоналари қирғиз миллати вакилларига олиб берилди, кейинроқ эса суд, ҳуқуқ-тартибот органлари, ҳарбий соҳалар ҳам ўзгалар яқинлаша олмайдиган тармоқлар бўлиб қолди. Пировардида, шу юртдаги ҳар қандай катта-кичик раҳбарлик лавозимларидан бошқа миллат вакиллари четлаштирилди. Бу эса, табиийки, бир умр ишлаб чиқаришнинг муайян тармоғида меҳнат қилиб, катта малакага эга бўлган, обрў орттирган, мамлакат тараққиётига дурустгина ҳисса қўшган, охирида эса паспортида титул миллат вакили экани кўрсатилган қандайдир бир уқувсиз ўспиринга ишни топширишга мажбур бўлган кишилар (бундайлар эса – юзлаб, минглаб) дилида муайян алам ва ноҳақликдан норозилик туйғуларини юзага чиқариши табиий эди. Бу эса миллатлараро негиздаги можаролар келиб чиқишининг яна бир омили бўлди, албатта.

Иш шунга бориб етдики, ўзбеклар фақат савдо ва умумий овқатланиш тармоғида жон сақлаб қолишди, бунда ҳам шу мавқеларидан айрилмаслик учун “ҳурматли оғалар”нинг кўнглини топиб туриш шарт эди, албатта. Аммо 2010 йил воқеалари хаспўшланар экан, айнан шу ҳол ўзбекларнинг гуноҳи қилиб кўрсатилди. Айрим муттаҳамлар “ўзбеклар савдо ва умумий овқатланиш соҳасини эгаллаб, бой яшашар эди, биз эса кун кўришга қийналаётган эдик”, деган дастакларни ҳам юзсизларча ўртага солишди.

Йўсиллар доҳийси олға сурган “Капитализмни четлаб ўтиб, феодализмдан социализмга қараб сакраётган миллатларни рўшноликка чиқариш” ғоясининг мудҳиш натижаси ана шундай бўлди.

БЎЛИНГАННИ  БЎРИ  ЕР

Қадимги замонларда бирон-бир жаҳонгир ўз теварагига аскар тўплаб, бошқа, ўз кунини кўриб тинчгина яшаётган бирон юртга бостириб бориб, у ердаги бегуноҳ аҳолини қиличдан ўтказиши, мол-мулкини талаб кетиши оддий бир ҳол эди, “нега бунақа қиласан, булар сенга нима ёмонлик қилувди?” деб сўраш у даврларда анойилик бўлар эди. Аммо ХХ аср охирларига келиб сабабсиз уруш очиш, ўзга бир элни миллати, дини, ирқи ёки сиёсий эътиқоди бошқа бўлгани учун қирғин қилиш мумкин бўлмай қолди. Шу сабабли ҳам эндиликда зўравон давлатлар бошқа юрт кишиларини қириш, бойликларини талон-торож қилишни оқлаш учун минг турли “сабаб”, аслида эса баҳона ўйлаб топишадиган бўлиб қолди. Эндиликда башарти бундай қатлиом бошқа давлатга бостириб бориб амалга ошириладиган бўлса, у шўрликларнинг асосий “айб”и – ўша юртда Ғарбча демократиянинг ҳанузгача ўрнатилмагани бўлади, мамлакатнинг ўз ичидаги бирон элат ва халққа нисбатан қирғин ва террорни амалга ошириш учун эса энг қулай важ – “сепаратизмга мойиллик”дир. Чунки сепаратизм давлат ва мамлакатларни парчалаб, пароканда қилувчи ғоя деб талқин этилади, аксар давлатлар унга қарши тиш-тирноғи билан курашади.

2010 йилнинг июнь-июль ойларида “Урушни ўзбеклар бошлади”, деб қилинган даъволарнинг мутлақо ёлғон ва ҳатто мантиқсиз ҳам эканлиги алайна-ошкор бўлиб қолганидан кейин бошқа, синалган йўлни танлаш маъқул топилди: “Ўзбеклар сепаратизмга берилган, улар Қирғиз давлатини парчалаш ниятида эдилар…” Аммо ақли бошида бўлган ҳар бир киши бу “далил” нафақат асоссиз, балки аввалгисига қараганда ҳам мантиқсизроқ эканини англаши қийин эмас – нафақат Ўшлик ёки Жанубий Қирғизистон ўзбеклари, балки бутун Марказий Осиёда азалдан яшаб келаётган халқлар – ўзбеклар, қозоқлар, тожиклар, қирғизлар, туркманлар, қорақалпоқлар ва бошқа халқларнинг ҳеч бирида сепаратистик туйғу йўқ, чунки бу эллар бу заминда минг йиллардан бери аралаш ҳолда яшаб келади, бирга турмуш-тирикчилик ўтказади, ўзаро қиз олиб-қиз бериб қуда тутинади, ҳеч бир эл-элатга нисбатан бошқа бирида умумиллий миқёсда ёқтирмаслик, нафрат ва ёвлашиш ҳеч қачон бўлган эмас, мана шу бепоён кенгликнинг ҳар бир бурчини исталган элат бошқалар билан бирга ўз ватани деб билади, қадимдан аҳил ва иноқ яшаб келаяпти ҳам.

Борди-ю, бу заминда ҳам қачондир миллатчилик, ўзга элларга нисбатан ижирғаниш, ёвлашиш каби ҳоллар рўй берган бўлса, унда билингки, бу манфур ҳолатни давлат бошида турган сиёсий кучлар ўз “манфаати шахсияси йўлида” (Абдулла Қодирий) майдонга келтирган ва авж олдирган бўлади. Бинобарин, Марказий Осиё халқлари орасида бир-бирига нисбатан ғайирлик йўқ, бу халқларга мансуб кишилар гуруҳи, мана шу қадим ва муқаддас заминни киндик қони томган маскан билиб ардоқлайди, демакки, бу ўлканинг ҳеч қаерида, жумладан Жанубий Қирғизистонда, Ўшда сепаратизмнинг бўлгани ҳақидаги даъволар ҳам, аввало, шу заминда минг йиллардан бери яшаб келаётган автохтон эл – ўзбекларга нисбатан ғирт туҳмат, қолаверса, пуфлаб шиширилган ва ёрилиб кетиши муқаррар бўлган уйдирмадан бошқа нарса эмас. “Сепаратизм” деган даъво – Қирғизистон давлати тепасига алдам-қалдам йўллар билан келиб олган ва моҳиятан, беш юз йил ёки минг йил аввалгидай, ўзига тўқ ҳолда яшаб келаётган тинч аҳолини қирғин қилишдан юраги зарра ачишмаган “жаҳонгир”ларнинг қилмишини янги замонда, янги шаклда, янги баҳоналар билан амалга ошириш ишига бош бўлган жиноятчи тўдалар ва уларнинг идеологлари ўйлаб топган гап, холос. Аммо халқ мақолида айтилганидай, ойни этак билан ёпиб бўладими? Асло!

Бинобарин, Жанубий Қирғизистон ўзбекларининг “сепаратизм касалига чалингани” – ёлғон ва туҳмат эканини, у юқори идоралардаги юмшоқ креслоларда ўтириб, эл кўзича тинчгина ишлаётган, амалда эса – босқинчи ва талончи тўдаларга раҳнамо бўлган мафия бошлиқлари ижодига оид афсонадан ўзга нарса эмаслигини жаҳон афкори оммасига, қайси йўллар билан бўлса ҳам, етказиш зарур.

Халқ мақолида айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри, деб айтилади. Йўқсуллар инқилобидан кейин, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида аксари саводсиз бўлган халқ оммасига дурустроқ тушунча ҳам бермай туриб, бир бутун ватанни мажбурий тарзда парчалаб, болта билан чопгандай қўполлик билан миллий тақсимлаш оқибатида Марказий Осиё халқлари вакилларининг катта-катта қисмлари “бошқа” ҳудудларда қолиб кетди; бугун бу давлатлар ўртасидаги аксар келишмовчиликларнинг туб негизи мана шунга бориб тақалади. Айнан ана шу мажбурий ажратиш касрига 1990 ва 2010 йилларда Жанубий Қирғизистонда истиқомат қилаётган ўзбеклар қирғин қилинди.

Аммо чархи кажрафтор, дейдилар. Эртага зулм болтаси кимнинг боши узра кўтарилади, ҳеч ким айта олмайди. Чунончи, бундан юз йилча аввал жабрдийда қирғиз халқи ўз бошидан “уркун” (ҳуркиш) деган мудҳиш бир воқеани кечирган. Унда рус босқинчилари қирғизларнинг жуда катта бир гуруҳини отиб-чопиб, оч-наҳор ва пойи-пиёда ҳолда Хитойнинг Турфон шаҳрига етиб боришга, ўша ёқларда дарбадар кун кечиришга маҳкум қилган, жаҳон жамоатчилиги олдида эса бу машъум қилмишни оқлаш учун йўқ ердаги баҳоналарни ўйлаб топган эди.

Биз, Туркистон халқлари, бу айрилиш-бўлинишнинг жабрини хийла тортадиган кўринамиз.

ЧИН  БОТИР  –  ЧИНГИЗ  ОҒА  БЎЛГАН  ЭКАН

Эътибор қилган бўлсангиз, 1990 йилда, ҳали Шўро тузуми амалда бўлиб турган кунларида амалга оширилган биринчи қирғин, ҳар ҳолда, тездагина тўхтатилган, хунрезлик ва талон-торож кўлами ҳам 2010 йилдаги даражага етмаган эди. Аммо 2010 йилда бегуноҳ одамларнинг қирғин қилинишини, уй-жойлари ёндирилишини бутун дунё жамоатчилиги қандайдир лоқайд ҳолда кузатиб турди, холос. Лоақал шуни эслайликки, 1990 йилда улуғ қирғиз адиби Чингиз Айтматов ўртага тушган, қўлидан келганича икки элни ўзаро келиштиришга интилган ва ҳатто… машъум қирғинларнинг асосий айбдорлари қайси томонда эканини рўй-рост айтган эди ҳам.

Аммо Чингиз Айтматов вафот этди. Ундан атиги икки йил ўтгач, 2010 йилда хунрезлик рўй берган чоғда лоақал бирон-бир қирғиз шоири ё ёзувчиси, олими ёки жамоат арбоби бу жиноятни қоралаб чиқмади, ўртага тушмади. Воқеан, улар бу қирғинни маъқуллаб тургандай. Бунга эса икки жиҳат сабаб бўлиши мумкин. Биринчидан, Қирғизистонда қарийб йигирма йилдан бери “қирғизлар – дунёдаги энг қадимий ва энг улуғ миллат” деган ғайриинсоний бир ғоя зўр бериб ташвиқ қилиб келинди. Чунончи, Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев “Қирғиз давлатчилиги ва “Манас” деган китоб ёзиб, тарихга ўз нуқтаи назарини баён этар экан, бутун Марказий Осиё тарихини саводсизларча, ўзи истаган тарзда талқин қилди. Физика соҳасидаги олимдан бундан бошқа қанақа натижа кутиш мумкин? Аммо барчага белгилики, давлат раҳбари бирон илмий масалада асар ёзар экан, ўз-ўзидан, у методологик характер касб этади. А.Ақаевнинг шу асари “улуғ миллатчилик” ғоясини тарғиб этишга яшил чироқ ёқиб берди.

Аммо шу минтақадаги энг катта эл, маданий тарихи ҳам кўзга кўринарли бўлган ўзбекларнинг Туркистон ўлкаси тарихидаги ролини йўққа чиқармасдан туриб бу ғояни “исбот” этиш мумкин эмас эди. Бинобарин “улуғ ва қадимий миллат”чиликнинг асосий йўналиши ўзбекларни камситиш, уларга оид тарихий-маданий ютуқларни “бизники” деб эълон қилишдан иборат бўла бошлади. Ана шу тариқа ким ёмон – ўзбеклар ёмон, деган ташвиқот кампанияси бошланиб кетди. Мисол қилиб келтириш мумкин бўлган ўнлаб ва юзлаб ана шундай даъволардан биттасини келтириш билан кифояланамиз: аввалллари ўртамиёна журналист, ночоргина адиб сифатида танилган Қален Сиддиқова деган аёл қаламидан чиққан “Қирғиз тарихи”, “Сочилган қирғизлар” деган 800-900 бетлик асарларида айтилишича, қирғизларнинг ичкилик деган уруғидан чиққан Амир Темур, худди шу ичкилик уруғининг бошқа бир тўпига мансуб бўлган Аҳмад Яссавийнинг қабри устига мақбара қурдирган эмиш, Абурайҳон Беруний ҳам аслида қирғиз, чин оти Беруний эмас… Бўри эмиш. Бети қалин Қален хоним бу “асар”ларида “Қирғиз-қозоқ – бир туққан, а сарт итни ким туққан?” деган “мақол” тўқиб, ўқувчиларга пешкаш тутади (“сарт” деганда ўзбеклар кўзда тутилган). Ўқувчилари сони эса оз эмас – Қирғизистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу хонимнинг айни китобларини олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик сифатида чоп этишга рухсат берган…

Агар ижтимоий муҳит, бошқа қардош халқларга нисбатан бепсандлик руҳи умуммиллий характер касб этмаганида бу қадар бетамиз гаплар бемалол китоб қилиб чоп этилар ва ҳатто дарслик сифатида ўқитиларми эди?

Шу маънода, айтиш мумкинки, қарийб чорак аср давомида умуммиллий миқёсда юритиб келинган улуғмиллатчилик ғояси тарғиботи шу даражада кенг кўлам касб этдики, ҳаммаёқни қоплаб олган бу бадбўй туман орасидан бош кўтариб асл манзарани кўришга ҳеч кимнинг бўйи етмади.

Ва эҳтимолки, таркиби мамлакатнинг асосий аҳолиси тоифасидан бўлган жангари ва бебош оломон нуфус жиҳатидан иккинчи ўринда, ижтимоий-маданий жиҳатдан эса юқорироқ даражада турадиган бошқа бир элни қириб-талаётганини кўриб, дилида бунга қарши ҳам бўлиб, аммо норозилик билдиришга кўзи қонга тўлган оломон қаршисига кўкрак кериб чиқиб, оқибатда ўз элатдошларининг нафратига рўпара бўлишдан ҳайиққанлар ҳам бўлса бордир. Туриб-туриб, ўйлайман, 2010 йилда, тирик бўлганида, Чингиз Айтматов қандай йўл тутган бўлар эди?

Нима бўлганида ҳам, адолат йўлида майдонга тушишга журъати етадиган Чингиз Айтматовларнинг ўлиб кетгани билинди…

“Ёмон, ноҳақ иш бўлаётганини кўрсанг, қўлинг билан тўхтат, – дейилади ҳадисда. – Аммо бунга кучинг етмаса, тилинг билан қайтар, бунга ҳам журъат қила олмасанг, лоақал, шу ноҳақликка дилингда қарши бўлиб, қўшилмай тур, аммо бу кейингиси имонингнинг сустлигини билдиради…” Қирғиз адиблари, жамоат арбобларининг имонига қувват берсин, илойим.

МИЛЛАТЧИЛИК  –  ИБТИДО.  ИНТИҲОСИ  ЭСА…

2010 йил қирғинидан сўнг лоақал дакки ҳам эшитмаган “қаҳрамон”лар бундан янада руҳланиб, уз хатти-ҳаракатларини янги поғонага олиб чиқиш кўйига тушиб қолишгани ҳам сир эмас. Чунончи, Республика Ёзувчилар уюшмасининг собиқ раҳбари, таниқли адиб Абдураҳмон Алимбоев ўтган йили Бишкек телевидениесида уюштирилган ток-шоудаги чиқишида, биз қирғизлар арслон сингари юракли, ботир элмиз, ўзбеклар эса бамисоли чиябўри, кўплашса, арслонга ҳам кун бермайди, улар одамларни алдаб кун кечирадиган элат, демак, биз – улуғ, улар эса тубан, деган гапни бутун юртга эълон қилди.

Бу – қарашлари бир фашистники даражасида бўлган бир кимсанинг фикри, албатта. Киши нималарни ўйламайди? Аммо уни барчага, худди шунча йил яшаб, ўйлай-ўйлай топган катта ҳақиқати сифатида эълон қилиш учун эса лоақал андиша лозим эди. Ахир сен ёзувчисан, ўз ижодингда одамлараро меҳр-оқибатни, дўстликни тараннум этишга бурчлисан, қолаверса, бир пайтлар мамлакат адиблари уюшмасига бош бўлгансан ҳам…

Аммо бу ҳам ҳолва экан. Ток-шоуни олиб бораётган журналист йигит, оғзига келганини қайтармай валдираётган бу адибни қайтариш, жиллақуриса, унга эътироз билдириш ўрнига, ўрнидан сакраб турди-да, шундай “мардона” гапни дадил айтган Абдураҳмон Алимбоевнинг олдига бориб, қўлини қисиб табриклаб қўйиб, кўрсатувни яна давом эттирди. Бу бошловчи йигит, шу аснодаўзи Республика телевидениеси номидан иш олиб бораётганиини унутди чоғи, йўқса, мамлакат конституциясида бошқа миллат ва элат вакилларига нисбатан ҳақоратомуз ва камситиш руҳидаги материалларни эълон қилиш тақиқланганини яхши билиши, лоақал, одам сифатида, бошқа бир эл вакилларини қоралаш – нафақат ғайриконституциявий, балки энг аввало ғайриинсоний бир ҳол эканини ёдда тутиши лозим эди.

Шу биргина телекўрсатувнинг ўзи Қирғизистонда ўзбекларга қарши бугун қай даражада ошкора ва ашаддий сиёсат юргизилаётганини англатади.

Миллат ҳамда ватанни севишнинг ҳам оқилона бир чегараси бўлиши лозим экан. Ундан ошган миллатпарварлик дастлаб улуғмиллатчилик бўлиб майдонга чиқади. Улуғмиллатчилик эса фашизмнинг куртагидир. Фашизм ҳаммавақт улуғмиллатчилик, содиқ фуқарочилик, ўта сўл ватанпарварлик бағрида етилади.

БУЮРТМАЧИ  –  БОШҚА

Хўш, қирғизларга ана шу миллатчиликнинг нима кераги бор? Бояги А.Алимбоев каби улуғмиллатчиларга ўчакишмай, холис айтадиган бўлсак, қирғизлар – очиқкўнгил, меҳмондўст, меҳнати билан кун кўрадиган камтарин бир эл. Оддий қирғиз кишиси, бошқа барча ҳалол одамлар сингари, миллатчиликка, ўзга миллат одамларини камситиш туйғусига бегона.

Шундай экан, бу ярамас иллат бугунги қирғиз ижтимоий ҳаётида қандай пайдо бўлиб қолди?

Бизнингча, бунинг туб сабабларидан бири – Қирғизистон иқтисодий аҳволининг ночорлигидадир. Қашшоқлик кишининг кўзини оч, кўнглини тор қилиб қўйганидай, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакат раҳбарияти миллий сиёсатни (халқнинг азалий қадриятларидан чекиниш ҳисобига бўлса-да) ким нима берса, ўшанинг ноғорасига ўйнаш тарзида юритишга киришди.

Бир нима берадиганлар эса Марказий Осиё давлатлари жиловини қўлдан чиқармасликнинг энг оқилона йўли – улар ўртасида у ёки бу соҳада қарама-қаршилик мавжуд бўлиб туриши, деб ҳисоблар эдилар. Ана шундагина улар ўртасида ишлаб чиқариш интеграцияси шаклланмайди ва барча товарларни булардан сотиб олишга, ўз арзон ишчи кучларини буларга юборишга мажбур бўладилар.

Қизиғи шундаки, Марказий Осиё деб аталган дов теварагида унга ўлжа сифатида кўз тикиб турганларнинг ҳеч бири бошқа рақибларнинг қўлида қандай қарта борлигини билмайди. Шунинг учун ҳам бу ўлкадаги ҳар бир давлатнинг қўни-қўшнилар билан ҳам, олисдаги бошқалар билан ҳам келажакдаги муомала-муносабати қандай бўлишини прогнозлаш амри маҳол.

Қирғизистон ўзининг “мустақил давлат” эканини далиллаш учун (хўжайинлар амрига кўра) қўшниларни ерга уриш, шу орқали ўзини ўзи тушиб кетган ботқоқдан халос бўлгандек қилиб кўрсатиш йўлини танлади. Аслида, қороғуда қўрққан киши ашула айтганидек, мустақиллик ва эркинлик ҳақида қанчалик кўп жар солинса, билингки, қарамлик ва мутелик ҳолати шунчалик кўп, ҳадеб демократиядан дам урадиган давлатда эса демократия анқонинг уруғи бўлади…

ФОЖИАНИНГ  ЭНГ  КАТТАСИ

1990 йил воқеаларидан тўрт кун ўтиб, Ўшдаги яқинларимиздан хабар олиш учун биз уч киши бўлиб, машинада Андижонга бордик. Андижон-Ўш йўли ёпиб қўйилган экан, шу боис Ўшга Қўрғонтепа орқали боришга тўғри келди. Якшанба куни эди, Қўрғонтепа бозорида одам қайнайди – хонатлас кўйлак кийиб, бозор оралаб юрган семиз-семиз хотинларга кўзимиз тушди. “Ажабо, – дедим ўзимга ўзим, – ахир шу ердан кўпи билан ўттиз чақирим нарида буларнинг миллатдошлари қирғин қилиняпти, болалар ўлдириляпти, булар эса, биттаси бўғизланаётганда хотиржам хашак чайнаётган қўй каби, уй-рўзғор ташвишидан бошқани ўйламайди-я! Эҳтимол, шоир шундай ҳолларни кўзда тутиб айтгандир, “Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?” деб”.

Халқнинг халқ, миллатнинг миллат бўлиши аҳоли сонининг қанча эканига эмас, умумиллий онг мавжудлигига, бирдамлик туйғусининг шаклланганига қараб белгиланар экан. Шу маънода, ўзбекларда жон тортишган қардошлик, ялакатмағизлик туйғулари унча ривожланмагандай.

Бошқа бир томондан, Жанубий Қирғизистон ўзбекларининг бошини қовуштирадиган, элни мамлакатда ўтказилаётган миллий сиёсатга фаол жалб этиш, маданий-маърифий марказлаштириш каби ишлар соҳасига масъул шахслараро иттифоқ, аҳиллик камроқ. Афтидан, бунақа масалаларни назорат қиладиган идоралар ўз вазифаларини жуда яхши уддалашган кўринади. Шунинг учун ҳам Жанубий Қирғизистон ўзбекларининг миллий-маданий бирдамлиги, ўзаро хабардорлик пароканда бир аҳволда.  

Очиғини айтиш керак, 1990 йил воқеалари Қирғизистонлик ўзбекларга сабоқ бўлмаган экан. Можаронинг бир-икки ой ичида босди-босди қилиниши, сўнг мустақиллик туфайли рўй берган иқтисодий ўзгаришлар, янгича ижтимоий турмуш шароитининг олағовурларида қорлар ёғди, излар босилди дегандай, барча нарса унутилди-кетди. Аммо таассуфки, ҳозир ҳам, худди йигирма йил аввалги воқеалардан сўнг бўлгани каби, яна моддий ҳаёт, бир амаллаб бойлик орттириш, янада тўқроқ яшашдан иборат бўлиб қолгандай. Мана шу – ҳеч нарсага қарамай, фақат бойлик тўплашга ружу қўйиш эса, худо кўрсатмасин, учинчи бир қирғиннинг уюштирилишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Чунки босқинчи оломон ҳамиша ҳамма замонда ўзгаларнинг текин мол-мулкини эгаллаш пайидан бўлади.

Бу кетишда – миллат йўқолади. Дунёга келиш, кун кўришдан мақсаду матлаби фақат кун ўтказиш, иложи топилса, тўқроқ ва бойроқ яшаш бўлган одамлар учун миллат, ватан деган тушунчаларнинг аҳамияти қолмайди. Дарҳақиқат, Жанубий Қирғизистондаги бир қанча ўзбек мактаблари сони, бу мактаблардаги ўқувчилар адади қисқараётгани етмагандай, айрим “узоқни кўзлаган” ўзбек ота-оналар янги туғилган фарзандларининг ҳужжатларига миллатини “қирғиз” деб ёздираётгани, боласини қирғиз мактабларига ўқишга бераётганини, ҳатто айрим ўзбек мактаб директорлари “ватанпарвар”, “тушунган одам” сифатида ўзбек мактабларини ёппасига қирғиз мактабига айлантириш керак, дея ташвиқ қилаётганликларини ҳам эшитиб турибмиз…

ХУЛОСА

2010 йил воқеаларида ўлдирилган одамларнинг мутлақо кўпчилиги ўзбеклардан иборат. Бу воқеаларнинг айбдори деб топилган ва судланиб қамалганларнинг ҳам асосий қисми ўзбеклардир. Мантиққа ўзаро тўғри келмайдиган бу икки фактни жаҳон жамоатчилиги кўзидан яшириш мумкин бўлмаса-да, орадан олти йил ўтса ҳамки, Ўш воқеалари туфайли турмага ташланганлардан ҳеч бири лоақал мамлакат мустақиллиги байрамлари муносабати билан ҳам амнистия қилинмади. Чунки бу ҳолда кўпроқ ўзбек маҳбуслари озод этилиши лозим бўлар эди. Бу эса, адолатни тиклаш демакдирки, уни, шу юртдаги иккинчи катта этнос бўлган ўзбекларга нисбатан ёвлик туйғуси қон-қонига сингиб кетган “адолат раҳнамолари” асло истамайдилар. Бинобарин, эндиги вазифа – улар қачон инсофга келаркин, деб кутиш эмас, балки қай йўллар билан бўлса-да, халқаро майдонда, дунё афкори оммаси ўртасида юз берган ва ҳанузгача давом этаётган мудҳиш бу жиноятни намоён этиб, асл ҳақиқат, адолатни тиклаш учун курашиш ва мақсадга етишдан иборат бўлиши даркор.

 

Любовь Қаҳҳорова

Мустақил Журналист

 

 

Яндекс.Метрика