ЙЎҚОТИЛГАН 25 ЙИЛ

r142СССР тарқалгандан кейин унинг таркибидан ажралиб чиққан давлатларнинг деярли барчалари бир хил шароитда эдилар. Савол туғилади: нима сабабдан ривожланиш борасида Қирғизистон ана ўша давлатлар орасида деярли барча соҳаларда охирги ўринда турибди?

СССР таркибидан чиққач, ҳар бир давлат ўз аравасини ўзи торта бошлади. Хўш, унда нега етарли табиий бойликларга эга бўлган Қирғизистон ҳаммадан орқада? Бунинг ягона сабаби – давлат бошидагиларнинг очкўзлиги. Бу мамлакат раҳбариятига келганларнинг деярли барчаси энг аввало ўз чўнтагини тўлдиришни ўйлайди. Халқнинг аҳволи, турмуш тарзи эса 25 йил аввалгидан деярли ўзгаргани йўқ. Ҳатто, айрим соҳаларда ёмонлашди ҳам.  

Эътибор қилганмисиз, бугун бизга ёрдам қўлини чўзаётганлар (пул бераётганлар) Қирғизистонга кўчадаги тиланчига ва ёки қаровсиз қолган етимга қилинадиган муомалани қила бошлашди. Қирғизистоннинг ён-атрофдаги қўшнилари ўз ҳамкорлари билан халқ ҳаётини яхшилайдиган лойиҳалар – янги корхоналар қуриш, ишчи ўринларини кўпайтириш, саноат ва иқтисодни ривожлантириш борасида бош қотиришаётган бир вақтда Қирғизистон кимдандир яна ва яна қарз олиш илинжида мўлтирайди.

Қирғизистон давлатининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакат президенти Алмазбек Атамбаевнинг сўзлаган нутқи эса, бугунги Қирғизистоннинг ички ҳолати қанақа эканлигини тушунишимиз учун етарли бўлди. Президент нутқида аввал тарих эслатилди: қирғиз миллатининг томири нақадар чуқур кетганлиги ҳақида гапирилди, сўнгра қирғиз ҳоқонлиги тилга олинди. Кейин қирғиз давлатчилигининг Энасойдан Олатовгача, Олтойдан Ўролгача бўлган ҳудудлардаги ҳукмронлиги сўз кетди. Қирғизлар Қўқон хонлиги ва Россия империяси таркибида бўлган вақтлардаги зулм ва қийинчиликлар ҳақида ҳам эсланди.

Кейин мавзу мустақиллик йилларига етиб келди. Атамбаевдан олдинги мустақилликнинг йигирма йили ўзини оқламаганлиги ва буткул йўқотилган вақт эканлиги таъкидланди. Ва албатта, мамлакатнинг собиқ президентлари Асқар Ақаевга, кейин Қурманбек Бакиевга тошлар отилди.

Атамбаев “тошбўрон”идан ўз ҳамтовоқлари – 2010 йилда давлат бошқарувига келган вақтли ҳукумат вакиллари ҳам омон қолишмади. Хуллас, ўзидан бошқа ҳамма қора отлиғ бўлди. Қирғизистон бошига Атамбаевдан ўзга муносиб раҳбар келмаганига коса тагида нимкоса шаклида урғулар берилди.

Аммо бир оғиз бўлсин, иқтисоддаги ривожланишлар, оддий аҳолининг турмуш тарзидаги ижобий ўзгаришлар, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, қурилган ва ёки қурилаётган завод-фабрикалар, спорт соҳасида амалга оширилган ёки оширилаётган ишлар, таълим тизимидаги ютуқлар ҳақида гапирилмади. Гапирилмайди ҳам. Чунки юқорида санаганимиз соҳаларнинг бирортасида айтарли ўсиш бўлгани кузатилмади. Қайси соҳага назар солманг, иккиланаётган, бошлаган иши охирламаётган ёки ҳафсаласи пир бўлган одамларни учратасиз.

Аммо мамлакатимизда ҳар қандай ўзгаришларга чап бериб омон қолаётган бир уюм одамлар ҳам йўқ эмас. Улар бугунги Қирғизистоннинг сиёсий элитасини ташкил этади. Бугунги кунда ҳокимият тепасида ўтирганларга назар ташласангиз, уларнинг аксарияти Акаев даврида ҳам, Бакиев даврида ҳам, вақтли ҳукумат ва ҳатто Атамбаев даврида ҳам турли юқори мансабларда қолиб келаётганликларини кўрасиз.

Ўша Атамбаев байрам табригида урғулаган “ўзини оқламаган ва буткул йўқотилган йигирма йиллик”да ҳам бу одамлар турли лавозимларда: Жўқорғи Кенгаш депутатлари орасида, президент аппаратида фаолият юритишган эди. Ҳолбуки, Атамбаев таъкидлаган “йўқотилган йигирма йил” ўзга сайёраликлар томонидан эмас, айнан бугун ҳокимият тепасида турган очкўзлар, муттаҳамлар, ўғрилар томонидан йўқотилган. Улар орасида жаноб Атамбаевнинг ўзи ҳам бор.

Атамбаев бугун ўзи таркибида бўлган вақтли ҳукуматга лой чаплаяти. Хўш, ўша “йўқотилган йигирма йил” даврида унинг “холис”лиги қаёқда эди? Бугун қирғиз сиёсий элитаси иккига ажралган бир вақтда нима учун яна ўзбеклар эсланаяпти? Нима учун 2010 йилдан бери давлат сиёсатидан иҳоталаниб келинаётган ўзбеклар тез-тез тилга олинаяпти? Нима учун айнан Отунбаева, Атамбаев, Текебаев, Исақовлар найрангига учиб, вақтли ҳукуматни қувватламоқчи бўлган Қодиржон Ботировлар мавзуси яна долзарб бўлиб қолди?

Чунки энди сичқоннинг уйи минг танга. Мамлакат жилови деярли қўлдан кетди. Атамбаев ҳокимияти ҳам аввалгиларидан фарқ қилмади. Мамлакат бўғзигача қарзга ботган. Ҳа, Қирғизистон мамлакати қарзга ботган, аммо Атамбаев ва унинг ҳамтовоқлари эмас. Булар ҳеч қанақасига эл учун жон куйдирмади. Ҳар доим халқнинг ҳислари билан ўйнаб келишди. Қилинаётган ва қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида дадил гапириб ҳаракатга келиш, 25 йилдирки, иқтисоди жойидан қимирлай олмаётган Қиғизистонни юрғизиш ўрнига ўзидан аввалгиларнинг шаънига лой чаплашдан у ёғига ўта олмади. Бошқаларни ёмонлаш орқали, “улар ёмон – мен яхши” қабилида оддий халқнинг меҳрини қозонишга уринди. Уриниб келяпти. Аммо кўзга кўринадиган, жўн қилиб айтганда, қўлга илинадиган бирор бир ишни қойиллатмади, қойиллата олмайди ҳам. Бунга унинг қурби ҳам етмайди, идроки ҳам, иродаси ҳам. Истаги ҳам йўқ. Унинг ягона илинжи – имкон қадар узоқроқ ҳокимият тепасида туриш. Шу орқали кирдикорларини беркитиш. Афсуски, бу энди деярли иложсиз.

Қирғизистон халқининг эса бу гал ҳам янглишганлигини минг надоматлар билан тан олишдан бошқа чораси йўқ. Наҳот, наҳотки халқ ҳақида, чинакам ривожланиш ҳақида ўйлайдиган, Қирғизистонни “етимлик” дардидан қутқарадиган бирон-бир катта шахс топилмаса?!

Жаноб Атамбаев асло ранжимаслигига ишончим комил бўлгани ҳолда, унинг таъбирини бир оз ўзгартиришга журъат қиламан. Қирғизистон у киши айтганидек йигирма йилни эмас, йигирма беш йилни бой берди, чув тушди. Халқ эса ҳамон алданишга мойил. Алдовчилар эса – устаси фаранг сиёсатчилар.

Афсус…

Гога РАШИДОВ

Яндекс.Метрика