ТАРИХНИ ЎЗГАРТИРИШ ОСОНМИ?

LEKARТарихий дахлдорлик ҳисси ҳар бир халқнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳисобланади. Миллатлар ёхуд халқларнинг мавжудлиги ҳам айнан замон ва макон уйғунлигидаги тарихий хотирга боғлиқдир. Тарихий хотира ёхуд дахлдорлик туйғуси халқнинг жаҳон маданияти ва цивилизациясидаги ўрнини кўрсатиши билан бирга унинг бугунги кундаги жаҳон саҳнасидаги даражасини англатиб туради. Шу туфайли бўлса керак умуминсоний цивилизациянинг илк макони борасида Ғарб ва Шарқ ўртасида илмий баҳслар бўлиб туради. Сайёрамизнинг бу икки қутби ўртасидаги бу каби тортишувларнинг бўлиши табиий албатта. Аммо, охирги пайтларда ўзгалар тарихига эгалик қилиш,  уни бузиб ўз манфаатлари ва ғоялари йўлида фойдаланиш очиқчасига авж олди.

Бу ҳолни бугун истеъмолда жуда кўп қўлланадиган “ақидапарстлик” тушунчаси билан ифодалаш тўғри бўларди назаримизда. Ҳа биз доим “Ал- Қоида” ёки бугун дунёга хавф туғдираётган ИШИД нинг ғоявий  яловбардорлари кабиларни ақидапарастлар сифатида кўрсатишга одатланганмиз. Улар сизу бизга ошкора душманлигини яширмайдилар ва  қурол кўтариб қаршимизга чиқадилар. Бизнинг тарихимизга эгалик даъвосини қилувчилар хусусан қадим маданият ўчоғи бўлмиш Самарқанду Бухорони олмоқчи бўлаётганлар ёхуд тарихий сиймоларимизни ўзиники қилиб сохта тарих ёзаётган муаарихлар ақидапарастликнинг янги кўринишига мисол бўла олади.

Бу ақидапарстлар шу пайтгача тарихий китобларида ўзга халқлар хусусан бизнинг тарихимизни ўз мафаатлари доирасида фикр юритиб келдилар. Биргина мисол бутун дунё Заҳриддин Муҳамммад Бобурни темурий ҳукмдорлардан деб билсаю Ғарб у асос солган империяга мўғуллар тамғасини босса. Ўрта асрлар Шарқ уйғониш даврининг усутнлари бўлган Форобийдан тортиб Ибн Синога  қадар араб деб ёзса бу ҳолатга ақидапарстлик деб баҳо беришга мажбур бўласан. Майли ўтмишда ўтган буюк аждодларимиз бутун иносниятнинг маънавий юлдузлари ҳисобланади. Улар бизники бўлиши билан бирга бутун инсониятга ҳам дахлдор сиймолар ҳисобланади. Бироқ, улар билан боғлиқ сохта тарих битишлик бевосита бутун башариятга қилинган хиёнатдир.

Бугун эса улар бу хиёнаткорона даъволарини кино ленталарга муҳрламоқдалар. Албатта уларнинг сохта даъволари битилган киобларни ҳамма ҳам топиб ўқиш имконига эга эмас. Қолаверса бунга эҳтиёж ҳам йўқ. Шунинг учун улар инсонларнинг онг шуурига кучли таъсир воситаси бўлган кино санъатидан фойдаланишга ўтмоқдалар. Фикримизнинг исботи сифатида 2013 йилнинг 25 декабрида Германия кино ижодкорлари томонидан жаҳон экранларига чиқарилган “Ибн Синонинг шогирди” (инглизча “The Physician”, нем. “Der Medicus”) фильмини келтиришимиз мумкин.

Фильм  ўрта асрлар жаҳолат ботқоғига ботган Европа тасвирлари билан бошланади. 11 яшар Роберт Коулнинг онаси касаллик туфайли вафот этади. Бу жудолик туфайли Робертда тиббиётга нисбатан кучли иштиёқ уйғонади. Унинг мақсади ҳар қандай касалликни даволаб инсонларга ёрдам бериш эди. Онасидан кейин у етим қолгани учун сайёр сартарош табиб Барберга эргашади. Барбер Робертга ниманики била ўргатади. Бундан қониқмаган Роберт тиббиёт сирларини билишга қизиқади. Кунлардан бирида Шарқдан келган яҳудийлардан оламга машҳур Ибн Сино ҳақида эшитиб қолади. Шу тариқа Ибн Синога шогирд тушиш иштиёқи Робертни Шарққа етаклайди. Узоқ қийинчиликлардан сўнг Исфахонга келиб Ибн Синога шогирд тушишга муваффақ бўлади.

Ибн Синонинг бу шогирди яширинча ўликларни ёриб кўриб, инсон ички аъзолари хусусида билимга эга бўлади. Ибн Сино эса унинг тажрибаларига мувофиқ инсон ички аъзолари борасидаги чизмалари ва қарашларини ўзгартиради. Исфахон амири касал бўлганида эса дасталбки жарроҳлик амалиётини ҳам Роберт ўтказади устози Ибн Сино эса унга ёрдамчилик қилади. Фильм хотимасида эса Ибн Сино заҳар ичиб ўз жонига қасд қилади. Роберт эса Европага келиб ўз изланишларини давом эттиради. Ушбу фильмнинг қисқача мазмуни шундан иборат.

Ўзбекистон тарихини 2 баҳога биладиган мактаб ўқувчиси учун ҳам тарихий ҳақиқатларнинг аянчли бузилиши эмасми бу? Мелодий 980 йилда Бухорода туғилган қомусий олим ўз даврининг деярли барча илмлари билан шуғулланган Ибн Сино бизнинг буюк аждодимиз ҳисобланади. Унинг хизматлари туфайли “медицина” атамсаи вужудга келган. Бугун тараққий этган жаҳон медицинаси ҳам у олдида қарздор. Шундай экан нега шундай улуғ аллома билан боғлиқ тарихий ҳақиқатлар бузиб кўрсатилиши керак. Тарихда мавжуд бўлмаган европалик Роберт Коулга Ибн Сино жарроҳлик амалиётида ёрдамчилик қилиш керак? Ибн Сино бизнинг ватандошимиз бўлишим билан бирга бутун инсониятга дахлдор сиймо ҳисобланади. Нега у билан боғлиқ тарих сохталаштирилиши керак? Саволлар ортида саволлар туғилаверади. Кималардир учун бу шунчаки бир кино бўлиши мумкин. Аммо, унутмаслигмиз керакки, бу каби уринишлар бизнинг тарихимизга бўлган ошкора ғоявий таҳдиддан ўзга нарса эмас. Бу ғоявий таҳдидларнинг экстрримистик моҳияти нимадан иборат? Келинг бу ҳақда мулоҳаза юритиб кўрсак зора бизнинг тарихимизга чанг соладиган ақидапарастларнинг муддаосини теранроқ англасак.

Фильм америкалик ёзувчи Ной Гордоннинг “Ибн Синонинг шогирди” романи асосида яратилган ценарий асосида суртага олинган. Романдаги воқеалар фильмдагига нисбатан фарқ қиладиган жиҳатлар жуда кўп. Биз ҳозир бу ҳақда гапирмоқчи эмасмиз. Ёзувчи асарларида ўрта асрлардаги илм фан тарққиёти хусусан тиббиёт тарихи ва бу борада яҳудий миллатининг ҳиссаси қай даражада эканлигига  эътибор қаратади. Фильм марказида ҳам айнан яҳдуийлар асосий ўрин эгаллашгани буни кўрсатиб турибди. Ной Гордоннинг яҳудийлар ва Европанинг шаъни учун бу каби сохта даъволарни илгари суришига нима мажбур қилди экан. Балки ўз миллатига бўлган муҳаббатдир. Наҳотки миллати ва ўзи мансуб жамиятга бўлган муҳаббат ўзга халқлар тарихини таҳқирлаш орқали изҳор қилинса?

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Жаҳон кино санъатида Европа ва Америка қитъасидан чиққан жуда кўплаб машхур шахслар ҳақида фильмлар ишланган. Улар бу борада аждодлари олдидаги қарзни узиб бўлди десак хато қилмаймиз. Зеро, ўзимизнинг телеканалларда жуда кўплаб ғарблик маданият ва фан намоёндалари ҳақидаги фильмлар жуда кўплаб намойиш этилган. Уларнинг асарларлари ва қолдирган мерослари ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб чоп этилган  ва бу ҳозигача давом этмоқда. Бу албатта ижобий ҳодиса сифатида халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ной Гордон каби ёзувчилар ва унинг асари асосида фильм суратга олганлар халқлар ўртасидаги муносабатларга рахна соладиган ақидапарастлар холос. Улар, барча тан олган тарихий ҳақиқатларни ўз манфаатлари йўлида ўзгартиришдан ва таҳқирлашдан тоймайдилар.

Янада аянчлиси фильм чиққанига бир йилча бўлган бўлсада ҳали ҳамон халқаро “Ибн Сино” жамғармаси масъуллари сукутда. Улар номига бўлсада фильм ижодкорлари ва Ной Гордонга нисбатан норозилик хати жўнатишмади. Бу лоқайдликми ёки уларнинг Ибн Сино хусусидаги позициясини қабул қилишми? Албатта жамғарма жўнатган норозилик хати фильм намойишини таъқиқлаб қўя олмайди бироқ, Ибн Сино борасидаги асл ҳақиқатни ёқлаб чиқилганининг ўзи Ной Гордонларга ўхшаганлар учун етарлича танбеҳ бўла олади. Қолаверса уларга тарихни бузиб кўрсатишга ҳеч қандай маънавий ҳуқуқлари йўқлиги эслатиб қўйилади. Акс ҳолда тарихимиз ва тарихий сиймоларимизга оид шонли зарварақларнинг бузилишига томошабин бўлиб қолаверамиз. Ўзимиз ва ота боболаримиз муқаддас деб билган тарихмизни асраб қола олмаймиз ва келажак авлод олдида юзимиз шувут бўлиши шубҳасиздир.

 

БАХТИЁР КАРИМОВ

Фалсафа фанлари доктори

Яндекс.Метрика