Қирғизистон: Миллатчилик қиёфасидаги рэкетми ёки жиноят оламининг ҳуқуқ-тартибот органлари билан иттифоқими?

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 28 январида, кундузи соат тахминан 11 ларда Ўш ва Қорасув кўчалари чорраҳасида (Фрунзе номли шаҳар ўрта мактаби яқинида) асосан этник ўзбеклардан иборат маҳаллий аҳолининг уйлари яқинида автомашиналар қўйиш белгиси ўрнатилди. Бир соат ўтар-ўтмас бу ерда машиналар тўпланиб, маҳаллий аҳоли ҳеч қандай огоҳлантирилмаган ҳолда ушбу уйларнинг кўча томони пуллик автомашина қўйиш жойига айланиб қолди. Ўз навбатида, автомашиналардан зарарли газлар чиқиши ва шовқин-сурон шу уйларда истиқомат қилувчи одамларни хавотирга солиши аниқ.

Шунинг учун маҳаллий аҳоли уйлари яқинидаги бундай белги олиб ташланишини сўраб шаҳар ҳукуматига ўринли шикоят қила бошлади. Бироқ дастлабки шикоятлар келиб тушгандан кўп ўтмай, ўша куннинг ўзидаёқ соат тахминан 13.00 – 14.00  ларда маҳаллий аҳоли уйлари ёнида қирғиз миллатига мансуб йўғон жуссали ёшлар тўдаси пайдо бўлди. Улар дарҳол ишга киришиб, янги автомобиллар қўйиш жойи ҳудудида турган маҳаллий уй эгалари — ўзбекларни турли ҳақоратлар, таҳдид ва камситишлар билан уриб ҳайдай бошлади. Воқеа жойига маҳаллий ҳуқуқ-тартибот вакиллари етиб келгандан кейингина бу ҳаракатларга барҳам берилди. Аммо бунгача маҳаллий аҳолининг аксарият қисми қаттиқ калтакланди. Улардан иккитаси эса оғир тан жароҳатлари билан Ўш шаҳар касалхонасига ётқизилди.

Можаро ниҳоясига етгандан сўнг, ҳуқуқ-тартибот ходимлари янги автомашиналар туриш жойи яқинидаги уйларда яшовчи ўзбек аҳолиси вакилларини жанжал чиқарганликда айблаб, ноқонуний ҳибсга ола бошлади. Сўнгра эса гўё жанжал учун жавобгарликдан озод қилиш эвазига деб, ҳибсга олинган одамлардан пул ундиришга тушишди. Энг асосий масала эса мутлақо ечимсиз қолиб кетаверди: Ўзбеклардан иборат маҳаллий аҳоли уйлари рўпарасида ноқонуний автомашиналар қўйиш жойи ташкил қилишга ким рухсат берди? Уларнинг норозилиги ҳақида ёш қирғиз йигитлар тўдасига ким хабар қилди? Ҳақли талабга қарши нега маҳаллий аҳолини уриб ҳайдашди? Нима учун худди 2010 йилги июнь воқеалари каби яна жабр кўрган томон — ўзбек аҳолиси ўз уйлари яқинидаги ўзларига ҳужум қилган номаълум қирғиз йигитларидан иборат тўдадан ҳимоялангани учун айбдор бўлиб қолди?

Биздаги маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўш шаҳридаги асосий тижорат сектори уч қисмга бўлинган: автобозор, автоэҳтиёт қисмлари бозори ва марказий озиқ-овқат хўжалик бозори. Бозорларнинг ҳар бири спорт клублари ва уюшган жиноий гуруҳлардан таркиб топган яширин тузилмалар ҳомийлигида фаолият юритади. Ушбу тузилма аъзолари эса асосан қирғиз ёшларидан иборат. Тахминимизча, Ўш ва Қорасув кўчалари чорраҳасида маҳаллий аҳоли уйлари рўпарасида ташкил этилган ноқонуний автомашиналар қўйиш жойи ҳам маҳаллий жиноий гуруҳларга тегишли.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

 Алишер Навоий Институти

Яндекс.Метрика