Қирғизистон: 2010 йилги июнь воқеаларида қамалганларга нисбатан айблов ҳукмлари Жиноят кодексидаги зарурий мудофаа чегарасини кенгайтириш ҳақида янги тузатишлар нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилиши лозим

2015 йил 14 январда Қирғизистон Жогорку Кенеши (Парламенти)  Жиноят кодексининг “Зарурий мудофаа” номли 36-моддасига тузатишларни қабул қилди. Унга кўра, ҳаёт, соғлиқ, шахсий уй-жой ва мулкка таҳдид солувчи шахсга, шунингдек, бошқа шахсларга уй ҳайвонлари, электро-техника ва ўзини ҳимоялашнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳолда зарар етказишни мажбурий ҳимоя чегарасидан чиқиш деб ҳисобламаслик таклиф қилинди.

Алишер Навоий Институти Жиноят кодексига киритилган ушбу тузатишларни қўллаб-қувватлайди ва инсон ҳуқуқларини яхшиловчи ёки кенгайтиришга имкон берувчи қонунларнинг тескари кучи ҳуқуқий тамойилига мувофиқ, Қирғизистон Олий суди ва Бош прокуратураси томонидан судланувчилар учун зарурий мудофаа чегараларининг кенгайтирилган шарҳи доирасида 2010 йилги июнь воқеаларида қамалганларнинг айблов ҳукми қайта кўриб чиқилишини талаб қилади. Ўйлаймизки, бу ҳаракат июнь воқеалари бўйича жиноий ишларда йўл қўйилган кўплаб судлов хатоларини тўғрилашга кўмаклашади ва аҳоли уй-жойларига ноқонуний бостириб кириб, уй эгаларига қарши зўравонлик ҳужумларини амалга оширган қуролланган фуқароларни ўлдирганлиги учун судланган одамлар жиноий иши бўйича тарихий адолатни тиклашга имкон беради. 

Жиноят кодекси 36-моддасининг янги таҳрири доирасида июнь воқеаларида қамалган одамларга нисбатан айблов ҳукмларининг қайта кўриб чиқилиши уларнинг аксарияти ўз уйида ўзини ва яқинларини ҳимоя қилгани, кейин эса қотилликда айбланиб, судланувчилар курсисида пайдо бўлганини исботлайди.      

Янги тузатишга мувофиқ, агар шахс кутилмаган тажовуз оқибатида ёки эҳтиётсизлик сабабига кўра ҳужумнинг хавфлилик даражаси ва характерини объектив баҳолай олмай, тажовуз қилган шахсга тан жароҳатлари етказган бўлса, жумладан, бунинг натижасида унинг ўлими қайд қилинса ҳам, ҳимояланган шахснинг хатти-ҳаракатлари зарурий мудофаа чегарасидан ошмаган ҳисобланади ва у жиноий жавобгарликка тортилмайди. Тажовуз қилган шахсга етказилган зарар оғирлигидан қатъи назар, ўзини қуролланган шахс ёки гуруҳ ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида қурол ишлатиш ёки бошқа исталган воситадан фойдаланиш ҳам зарурий мудофаа чегарасидан ошмаган саналади ва бундай хатти-ҳаракатлар жиноий жавобгарликка тортилмайди. Уй-жойга унда яшовчи ёки қонуний асосда вақтинча яшаб турган шахс хоҳишига қарши ноқонуний кириш ҳисоб кўрсаткичининг 50 дан 100 бараваригача жарима билан жазоланади. Худди шундай хатти-ҳаракат жисмоний куч қўллаш ёки таҳдид билан амалга оширилган бўлса, ҳисоб кўрсаткичининг 100 дан 200 бараваригача жарима ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.

Шуни ҳам қайд қилиш керакки, янги тузатишга кўра ўз уйида ўз ҳаёти ва соғлиғини, яқинлари ҳаёти ва соғлиғини, мулкини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролар томонидан амалга оширилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар зарурий равишда ўзини ҳимоялаш сифатида кўриб чиқилиши лозим. Бу меъёрдан ошганини эса айбловчи томон исботлаши лозим, аксинча эмас.

Июнь воқеаларида ўнлаб шахслар зарурий мудофаа чегараси тўғри баҳоланмагани учун қотилликда айбланиб қамалган. Моҳиятан, уларнинг ўзи июнь воқеалари қурбони бўлиб, зарурий мудофаа ва ўзини ҳимоялаш доирасида ҳаракат қилган. Июнь воқеалари қурбони бўлиб, кейин эса босқинчиларни ўлдирганлиги учун қамалганларнинг мутлақ кўпчилиги ўзбек аҳолиси вакилларидир. 2013 йилда Қирғизистон ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан 116 та айблов ҳукмни тўпланиб, улардан 92 таси ўрганиб чиқилган. Тўпланган 92 ҳукмдан 83 таси Ўш области ва Ўш шаҳар суди, 9 таси Жалолобод области суди қарорига кўра чиқарилган. Мазкур ҳукмларнинг 53 таси Қирғизистон ЖКнинг 97-моддаси (“Қотиллик”) бўйича чиқарилган. “Қотиллик” моддаси билан айблаш асосида судланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган 96 одамнинг 10 таси қирғиз, биттаси уйғур бўлса, қолган 85 нафари ўзбек миллатига мансуб. Қирғизистон ҳуқуқ ҳимоячилари текширувига кўра, биринчи босқич судлар ҳукми асосида 34 кишига нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган. Лекин “Қотиллик” моддаси бўйича айбланмаган судланувчилар ҳам узоқ муддатли жазо олиб, 16 йилдан 22 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячилари таҳлилига кўра, жуда кам сонли ҳукмлар иккинчи ва учинчи босқич судларида кўриб чиқилган. Бу эса судланувчилар, уларнинг қариндошлари ва адвокатларга нисбатан босим ва таҳдид даражасидан гувоҳлик бериши мумкин.[1]

Июнь воқеалари бўйича суд жараёнлари мониторингини амалга оширган кўплаб мустақил кузатувчилар томонидан суд залидаги зўравонликлар, судланувчи бўлган этник ўзбекларга нисбатан ҳуқуқбузарликлар қайд қилиниб, шунинг оқибатида улар ўзини керакли даражада ҳимоя қила олмаганлиги айтилади. Шунингдек, июнь воқеаларида айбланган этник ўзбекларга нисбатан ҳукм чиқаришда қийноқ усули қўлланилган ҳолатлар ҳам ҳужжатлаштирилган.[2] 

Шундан келиб чиққан ҳолда, яна бир бор Қирғизистон Олий суди ва Бош прокуратурасини судлов хатоларини бартараф этиш ва мамлакатнинг ноқонуний қамалган фуқароларига нисбатан тарихий адолатни тиклаш учун июнь воқеаларида қамалганларнинг айблов ҳукмини қайта кўриб чиқишга чақирамиз.  

Алишер Навоий Институти

 

Алишер Навоий Институти Брюссель, Бельгияда расман рўйхатдан ўтган халқаро нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади. Ташкилотнинг асосий фаолияти қуйидаги масалаларга қаратилган: Марказий Осиё минтақасида миллатлараро муносабатлар, инсон ҳуқуқлари, хавфсизликни таъминлаш ва ушбу минтақа давлатларининг ўзаро интеграциялашуви жараёнига ҳисса қўшиш. Ташкилот таъсисчилари ва ташаббускорлари Қирғистон ва Ўзбекистондан бўлган бир гуруҳ фуқаролик жамияти фаолларидир. Ташкилотни тузиш ғояси Қирғистоннинг жанубида 2010 йил июнь ойида рўй берган фожиали воқеалардан кейин пайдо бўлган. Ташкилот фаолияти ҳақида батафсил маълумотни ташкилот вебсайтидан олиш мумкин: http://alishernavoiy.org

[1] Қаранг. «Кыргызстан: Июньское правосудие», 11 июня 2013 г., www.fergananews.com/article.php?id=7761

[2] Қаранг. «Кыргызстан: три года спустя после насилия правосудие остается фарсом», www.hrw.org/es/node/116259

Яндекс.Метрика