ҚИРҒИЗИСТОН: ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВИ ОЛДИДАН

Қирғизистоннинг президентлик сайлови арафасидаги сиёсий ҳолати қандай? Умуман, қирғизистонликларни яқин келажакда нималар кутяпти?

Бир сўз билан айтганда, мамлакатда президентнинг ўзгариши ортидан ижобий натижалар кутилишига ишониш унчалик ҳам осон эмас. Тўғри, ўзимизни ўзимиз бир нималар деб алдашимиз мумкин. Биз бундай ёлғонларга деярли 30 йилдан бери ўзимизни ишонтириб келамиз. Аммо энди бундай қилмаганимиз маъқул. Қирғизистонликлар овоз бераётган номзодларини нима учун қувватлаётганларини ҳеч қачон аниқ-тиниқ билишмаган. Қуруқ гапларга, сафсаталарга ишонишган, ишонишни исташган, яна ҳам тушунарлироқ қилиб айтсак, ҳар гал алданишга халқнинг ўзида кучли мойиллик бўлган. Бу мойиллик бугун ҳам бор. Умуман олганда, оддий халқ ўз ҳаётининг ижобий томонга ўзгаришини жуда ҳам истайди. Бу ўзгаришни янги раҳбар амалга ошишига умид қилади. Агар сайлаётганлари янги раҳбар ўзлари билан битта уруғдан бўлса, нур устига нур. Халқ мана шундай кўпик хаёлларга ишонади ва эргашади. Шундай бўлмаганда эди, Қирғизистоннинг шу пайтгача сайланган бирон-бир президенти ҳақида ижобий фикр ҳам эшитган бўлар эдик. Афсуски, бугунги раҳбарлар кечаги раҳбарларга қора чаплаши удум бўлиб улгурган бизнинг мамлакатда ҳар бир президент ўзи давлат бошида турган вақтдагина мақталади. Чунки ғолибнинг қўли узун-да.

Конститутция бўйича президент кенг имкониятларга эга. Чексиз имкониятларга эга десак ҳам бўлаверади. Давлат бошқарув тизимида президентни қонунан инкор қилиб бўлмайди. Президент ҳеч кимга қулоқ солмайди. Истаган вақтида истаган томонига шох ташлайди. Истаган вақтида палапартиш қарорлар чиқаради ва шу орқали бошбошдоқлик юзага келади.

Ҳеч кимга сир эмаски, парламент бошқарувига ҳеч қанақасига ўта олмадик. Шунчаки, бизни лақиллатишди. Ўша вақтда, 2010 йил воқеларини хаспўшлаш мақсадида дунё ҳамжамияти олдида нималардир қилиниши керак эди ва енг учида нималардир қилинди.

Тўғри, Конституцияга биноан, парламентда ҳам имкониятлар етарли. Халқ томонидан сайланган бу иккилик – президент ва парламентнинг бир бирига қарши ҳаракат қилмаслигини – ўз имкониятларини суистемол қилаётганини беқарор, ланж, қўрқоқ, номукаммал ва шахсий манфаатларига муккасидан кетган Жўқорғи Кенешнинг “холис” раддиялари таъминлаб туради.

Ҳокимият тузилмаси қаршификрлилик асосига қурилган. Бунга президент ва парламент фракциялари лидерлари ўртасидаги тортишув яққол мисол бўла олади. Бу тортишувлар вақтни бой беришдан бошқа нарса эмас. Охир-оқибат, бу тортишувларда Жўқорғи Кенешнинг кучсизлиги боис, президент ғолиб чиқаверади.

Эътибор қаратилиши керак бўлган яна бир соҳа – мамлакат президентининг партиялар ўртасидаги сайловда кишибилмас тарздаги иштирокидир. Президентнинг СДПК партиясини қувватлагани ҳеч кимга сир эмас ва бу ҳол ҳеч муболағасиз, коррупцияга сабаб бўлди. Партияларнинг ички коррупцияси ва бунинг оқибатлари ҳақида қуйида яна тўхталамиз.

Бу каби муаммоларнинг барчаси ҳокимият етарлича мустаҳкам тузилмага эга эмаслигидан далолат беради.

Бўлажак президент бошқарув тизимини тартибга сола оладими, томонлар ўртасида мувозанатни тиклашга эришадими, деган савол ҳозир Қирғизистонда ҳаммани ўйлантираётган нарсадир.

Аммо томонлар ўртасидаги мувозанатни тиклаш, ўз-ўзидан, президентнинг имкониятларини бир қадар чеклайди. Бўлажак президент буни қанчалик истайди?

Шу ўринда ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, ҳокимият тепасига ким келмасин, у керагидан ортиқ даражада иқтисодий кўмакка, пулга эга бўлиши керак. Бусиз имкони йўқ. Қирғизистон халқи деярли 30 йилдирки, арзонгаровга сотилади. Халқ деярли оч қолдирилади. Сайлов арафасида номзодлар оч халққа “нон” таклиф қилади. Қорнини бир тўйдириш илинжида ночор халқ ҳар нарсага рози бўлади. Кейин ҳокимият тепасига келган “ҳотамтой” раҳбар бир мартагина “нон” бергани ночор халқни камида беш йил сиқиб сувини ичади, мамлакатни пинҳон талайди. Бу пайтга келиб халқнинг сабр косаси тўлади, ҳаққини талаб қилишга ошиқади ва унга навбатдаги номзод яна “нон” таклиф қилади… Бу ҳол Қирғизистон мустақил бўлганидан буён ўзгармай келаяпти. Шу кетишда, ҳали яна шунча вақт давом этса ҳам, ҳеч ҳайратланмаймиз.

Ким сайланишидан қатъи назар, у ҳокимият тузилмасидаги камчиликларни бартараф этишга киришмаса, бошқарув ҳокимиятини тартибга солмаса, илмли, холис, давлат бошқаруви соҳасида лаёқатли одамларнинг ҳокимиятга келишини таъминламаса, ҳеч нарса ўзгармайди.

Маҳаллий бошқарув ҳаракатга келиши, парламент фуқароларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши, иқтисоднинг ривожланишига кўмак бериши, ривожланиш моделини ишлаб чиқиши керак. Адолатли судларнинг шаклланишига ва ривожланган фуқаровий жамиятининг вужудга келиши учун имконият яратилиши шарт.

Партиялар тузилмасида ҳам муаммолар етарлича. Бу муаммоларнинг энг каттаси партияларда ички демократиянинг йўқлигидир. Бу ҳол партия ичкарисида сиёсий коррупцияни ривожлантирди ва бошқарув лаёқатидан анча йироқ бўлган шахсларни сиёсий саҳнага олиб чиқди.

Партияларнинг асосий бузғунчиликлари шунда кўринадики, улар ҳар бир жабҳада, ҳар томонлама мамлакатни ўзаро бўлиб олишди.

Ҳокимият тепасига ким келишидан қатъи назар, юқорида саналган жабҳаларда тубдан ўзгартишлар киритмас экан, келаётган олти йил ҳам Қирғизистон учун йўқотилган йиллар сафига киради. Бўлажак президент ўз хоҳиши билан бу ўзгаришларни амалга оширишга журъат қила олмаслиги мумкин. Уни туб ўзгартиришлар қилишга ундаш керак. Бунга қандай эришилади? Партия гегемонлари осонликча жон бермайди. Ҳокимиятларини ўз хоҳишлари билан ўзгартиришни, қўлдан бой беришни исташмайди. Ҳозир мана шу ҳақда бош қотиришимиз керак. Ҳокимиятни босқинларсиз, тўполонларсиз, куч ишлатмасдан, ислоҳатлар, ўзгаришлар, тартибга солишлар орқали мукаммаллаштириш мумкинлигига ишонишимиз, ишонтиришимиз керак. Бу – шахсий мулоҳазалар, аммо умид қиламанки, бу мулоҳазаларни маъқул топиб, қўллаб-қувватловчилар орамизда кўп.

Нурсулуу Амантаева

Яндекс.Метрика