Европа дипломатияси қирғизча демократияга қучоқ очди

Яқинда ҚР президенти А. Атамбаевнинг  Европага ташрифи якунига етиб, бу ташриф мобайнида Австрия, Бельгия, Франция ва Германияда бўлишга улгурди. Давлат раҳбарлари билан учрашувлар жараёнида  Марказий Осиё ва Украина муаммолари,  хусусан, 2010 йилдан кейин Қирғизистонда демократик ислоҳотларнинг бориши ҳақида тўхталиб ўтилди. Албатта, А. Атамбаевнинг ЕИга ташрифи сиёсий арбоблар, мухолифат ва экспертлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Маҳаллий ОАВ ҳам бунга гувоҳлик беради. Кимдир ташриф самараси ўлароқ энди Европа мамлакатларидан инвестициялар оқими кўпайишини айтиб, оддий фуқароларга умид бағишлаётган бўлса, бошқалар бунга шубҳа билан қараб, буни олдин ҳам кўплаб шундай ташрифлар амалга оширилгани, лекин барча келишувлар фақат қоғозда қолиб кетавергани билан асослашади. 

Мавзу моҳиятига чуқур кирмасдан ҳам, умумевропа позицияси ҳар қачонгидан кўпроқ дипломатик тусга эга эканини англаш мумкин. ОАВ материаллари бўйича мулоҳаза қилсак, А. Атамбаевнинг ҚР да демократик ислоҳотлар бўйича эришилган ютуқлар ҳақида гапларини бу гал ҳеч ким шубҳа остига олмади. Ҳолбуки, Бельгияга ўтган йилги ташриф чоғида журналистларнинг умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг иши холис қайта кўриб чиқилиши қандай таъминланишига оид саволларига “Азимжон Асқаров муаммоси кўзга тушган доғ экани, кўпчилик шуни қўлига калтак қилиб олгани” ни айтиб ўтган эди.  Лекин бу гал Алмазбек Атамбаев ва Европа Иттифоқи раиси Дональд Тускнинг Брюсселдаги учрашуви Қирғизистонда демократиянинг келгуси ривожланишига оид муҳокамалар билангина чекланиб қолди.

ГФР канцлери А. Меркель ҳам аввалроқ А. Атамбаевни А. Асқаров иши бўйича қатъият кўрсатишга чақирган эди.  DeutscheWelle  хабар қилишича, Берлиндаги учрашувлар якуни бўйича қўшма матбуот анжуманида томонлар миллатлараро муносабатлар масаласини, хусусан, умрбод озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров тақдирини ҳам муҳокама қилган эди. Ўшанда Алмазбек Атамбаев янги тергов ўтказилишига, умуман олганда, хайрихоҳ эканини қайд қилиб ўтган. “Агар ишни қайта кўриб чиқишга асослар бўлса, бундан ўзим ҳам манфаатдор эмасманми? Ахир, шунча ғала-ғовурга нуқта қўйиларди”, – деганди давлат раҳбари ва буларнинг ҳаммаси Қирғизистон президенти томонидан эмас, балки суд қарори билан ҳал қилиниши лозимлигига писанда қилганди. Лекин А. Асқаровнинг айбсизлигини исботловчи далил-исботлар йўқлиги туфайли мазкур иш  ҳозиргача тўхтатиб қўйилган. Бу масалада “Прецедент” шериклик гуруҳи раҳбари адвокат Нурбек Токтакунов афсус билан қуйидагиларни қайд қилади: “Айбсизлик исботи йўқлигини айтиш саводсизлик, айниқса, президент учун. Айбсизлик презумпцияси деган тушунча бор, фақат айбдорликни исботлаш зарур. Ҳеч ким айбсизлигини исботлашга мажбур эмас. Лекин Алмазбек Атамбаев Брюсселда ҳам Германия канцлери Ангела Меркелга айтган гапларини такрорлади. Демак, аввал қилинган таъкидларга қарамай, президент атрофидагилар унга ишнинг моҳиятини тушунтириб бера олишмаган. Ёки онгли равишда шундай йўл тутишиб, бу билан президентга панд беришмоқда, уни обрўсизлантириш учун шу гапларни айтишга ундашмоқда”.

Агар ўтган галги учрашувда Ангела Меркель айнан Азимжон Асқаров мисолида Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича мулоҳаза юритганини баён қилган бўлса, бу гал ЕИ дипломатияси бу нозик масалага тўхталиб ўтирмади. Негаки, ўшанда А. Меркелнинг ўзи “Қирғизистонда миллий озчиликка нисбатан қандай муносабат қарор топишини хорижда ҳам жуда синчковлик билан кузатиб боришлари”ни таъкидлаб ўтганди. Бунга ишонишни қанчалар хоҳлардик!

Масалан,  жорий йилнинг март ойида ҚР ҳукумати қарори билан умумреспублика синов имтиҳонларини ўзбек тилида ўтказиш бекор қилинди. Бунгача 2001 йилдан буён давлат имтиҳонлари уч тилда, яъни, қирғиз, рус ва ўзбек тилида ўтказиларди. 23 мартда давлат тили бўйича Қирғизистон миллий комиссияси бошлиғи Эгемберди Эрматов республика Конституциясига ўзгартириш киритиб, рус тилининг расмий мақомини бекор қилиш таклифи билан чиқди. Шундан сўнг, ҚРнинг сиёсат майдонидаги барча шахслар, ҳатто ғарбпараст партиялар ҳам рус тилини қўллаб-қувватлаши ҳақида баёнотлар бера бошлади. Бу масала ҳатто Россия Федерациясининг Қирғизистондаги элчихонасигача етиб бориб, рус тилининг расмий мақоми бекор қилинишига қарши одамлардан кўплаб аризалар келиб тушди. Лекин на бир депутат, на бир амалдор ёки жамоат арбоби ўзбеклар ёнини олишга киришмади, ҳолбуки, ҳукумат қарори уларнинг конституциявий ҳуқуқларига кам бўлмаган даражада путур етказганди. Бундай ирқий камситувчи ҳодисалар президент А. Атамбаевнинг “қирғизистонликлар кайфияти мутлақ европача, бағрикенг. Биз ҳам Европа танлаган озодлик ва демократия йўлини танлаймиз” деган фикрларига мутлақо зид келади.

Таълим тизими президент лафзида ифтихор рамзига айланиб улгурган бўлса-да, чинакам манзара бутунлай бошқача. Афтидан, Алмазбек Атамбаев “биздаги одамлар саводхон.  Республикамизда 52 та ОТМ бор” деганда, кўплаб ОТМларда битта ҳам фан доктори йўқ эканини унутиб қўйган кўринади. Бинобарин, ҳеч бир ОТМ барча лицензия меъёрларига жавоб бера олмайди. Бу ҳақда журналистларга Ҳисоб палатасининг аудитори Ўктамхон Абдуллаева маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, уч йил аввал ҚР таълим тизимини таҳлил қилган. “Ўйлайманки, шундан бери вазият тубдан яхшиланмаган. Аксинча, ҳатто ёмонлашган. Бугун 53 та ОТМдан 24 таси давлатники, қолганлари хусусий. Ҳозирга келиб 1 миллион аҳолига 12 та ОТМ тўғри келмоқда, Буюк Британияда эса бу кўрсаткич атиги иккитани ташкил қилади. Кўплаб олий таълим муассасаларида фан докторлари йўқ. Лицензия меъёрларига кўра ўқитувчилар умумий сонининг камида 30 фоизини фан докторлари ташкил этиши лозим, Қирғизистонда бу атиги 1-2 фоиз атрофида. Бундан ташқари, кўплаб ўқитувчилар икки-учталаб ОТМда профессор сифатида қайд қилинган”, — деди аудитор. Унинг қайд қилишича, “ҳар йили ОТМларни 30 мингга яқин одам тамомлайди. Улардан қарийб 3 мингтаси ҳуқуқшунослар. Иқтисодчилар ҳам шунча. Ёшлар меҳнат биржасининг маълумотларига кўра, уларга эҳтиёж 200 мутахассисдан ошмайди. Демак, аксарияти ишга жойлаша олмайди”.

А. Атамбаевнинг пировард парламент сайловлари ҳақида умидбахш баёнотлари ҳам яқин кунларда ўз тасдиғини топиши керак.  Маълумки, у: “Айни пайтда “Сайловлар тўғрисида”ги қонун парламентда муҳокама қилиняпти, қандайдир янгиликлар киритишга уринишлар бор, лекин мен фракциялар етакчиларини қатъий огоҳлантириб қўйганман, агар қонунда аёллар, миллий озчилик ва ёшлар учун квоталар назарда тутилган тақдирдагина унга имзо чекаман”, — деган эди.  Президентнинг бу баёнотига миллий озчилик ишончини қозониш учун сайловолди ташвиқоти сифатида қараш тўғрироқ бўлса керак, чунки анъанавий равишда фақат сайловлар арафасида шу ҳақда эслаб қолинади. Ёки ҳукумат тепасига келгандан бери парламентда миллий озчилик сони кескин камайиб кетганини европаликлар олдида тан олиш дея баҳолаш ҳам мумкин. Ҳа, майли, жўжани кузда санаймиз.

Алишер Навоий Институти

Яндекс.Метрика