Вазиятни таранглаштирманг!

Қирғиз раҳбариятининг таълим тизимини тўлалигича қирғиз тилига ўтказишга даъватларига муносабат

“Қирғизистон мактабларида таълим асосан рус ва қирғиз тилларида олиб борилиши керак. Бошқа тилларда эмас. Қўшимча тил ўрганиш учун инглиз, испан, хитой тиллари танланади”,- деб баёнот берди Қирғизистон Республикаси бош вазири Омурбек Бабанов. (www.rus.kg – 18.07.12)

Бироз аввалроқ Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам Тинистанова номидаги Иссиқкўл давлат университети талабалари билан учрашувда “Қирғизистондаги мактаблар – у рус мактаби бўладими, ўзбек тилидагими, дунганчами – уларнинг барчасида қирғиз тили ўргатилиши керак”,- деган эди.

Парламентдаги “Республика” фракцияси аъзоси Чолпан Султанбекова ўзбек ва тожик мактабларида таълим олаётганлар Қирғизистон президенти кимлигини билмаганлари ҳолда, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари исмларини яхши билишларини мактабларнинг қирғиз тилига ўтказилиши атрофида пайдо бўлган мунозараларга асосий сабаб қилиб кўрсатган эди.

Ўқувчилар давлат раҳбарининг кимлигини билмасликларига асосий сабаблардан бири бу мамлакатда сўнгги йилларда кетма-кет уч маротаба президент алмашганлиги бўлса, яна бир сабаб бошқа тиллардаги мактабларда дарсликлар етишмаслиги ёки умуман йўқлиги боис ўқувчилар Ўзбекистон ва Тожикистонда нашрдан чиққан китоблардан фойланишидир.

Қирғизистон давлат раҳбарларининг тил масаласига қайта-қайта тўхталаётганлари кишининг энсасини қотиради. Сабаби, Қирғизистондаги ҳамкорларимизнинг билдиришича, мамлакатда қирғиз мактабларининг ўзида қирғиз тили  ўқитувчиларининг етишмаслиги, ҳатто қирғиз тили бўйича дарсликларнинг камёблиги бугунги куннинг катта муаммоси бўлиб турибди. Шундай экан, юқори минбарлардан туриб бошқа тилдаги мактабларни қирғиз тилига ўтказишга чақириш ўрнига, ишлаб турган қирғиз мактаблари учун ўқитувчи ва дарсликлар етказиб бериш масаласини ҳал этиб олсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу каби долзарб муаммолар бартараф этилмасдан туриб ўзбек, тожик ва бошқа тилларда фаолият юритаётган мактабларни қирғиз тилига ўтказишга уринишларда на бир маъно ва на бир мантиқ бор.

Келинг, шу ўринда ҳар икки мамлакат таълим тизимидаги айрим рақамларга мурожаат қилсак.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар учун 62 та қирғиз тилига ихтисослаштирилган мактаб ва 2 та академик лицей фаолият юритади. Ўзбекистонда ўрта мактабда ўқувчилар сони 4,5 миллионни ташкил қилиб, улардан 8515 нафари қирғиз тилида таълим олувчи ўқувчилардир. Қирғиз тилида таълим олаётган ўқувчилар умумий ўқувчилар сонининг 0,19 фоизини ташкил қилишига қарамасдан, Ўзбекистонда улар учун дарсликлар тўла ўз тилларида етказиб берилади.

Қирғизистонда эса 1 миллионга яқин ўзбеклар истиқомат қилишади, мактаблар сони эса 92 та. Ўзбек тилида дарсликлар деярли нашр қилинмайди. Худди шундай вазият тожик тилидаги мактабларда ҳам ҳукмрон. Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда 54 минг нафар тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилса, улар учун тожик тилига ихтисослашган атиги 7 мактаб фоалият юритади. Тожикистонда эса 56 минг қирғиз миллатига мансуб аҳоли бор. Улар учун 37 та қирғиз мактаби ишлаб турибди. Шундай экан, бу борадаги вазиятни қўшнилардаги ҳолат билан қиёслаш асло Қирғизистон фойдасига бўлмаётгани кундай равшан.

Қирғизистонда ўзбек, тожик ва бошқа тилдаги мактабларни қирғиз тилига ўтказишга қаратилган уринишлардан Алишер Навоий Институти ўз ҳавотирини билдиради. Ва тил масаласига доир пайдо бўлаётган мунозараларни 2010 йил фожеалари унутилмаган, вазият ҳамон қалтислигича қолаётган бугунги кунда сунъий тарзда вужудга келтирилаётган хатарли ҳаракатлар сифатида баҳолайди ҳамда бу таранглик янги таҳликаларни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Алишер Навоий Институти ҳалқаро ташкилотларни бу борада зийракликка чақиради.

 

Алишер Навоий Институти

21 июл, 2012 йил.

Яндекс.Метрика