АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “БАДОЙИЪУЛ БИДОЯ” ДЕВОНИДАГИ 560- ҒАЗАЛ ТАБДИЛИ

Ёридин ҳеч ким менингдек зору маҳжур ўлмасун,

Жумлаи оламда расволиққа машҳур ўлмасун.

 

Мен бўлай овора то ишқимдин айлаб гуфтугўй,

Оти онинг ҳар киши оғзиға мазкур ўлмасун.

 

Жонима бедоду зулмин, ё Раб, ул миқдор қил,

Ким анинг ошиқлиғи ҳар кимга мақдур ўлмасун.

 

Мен худ ўлдум, лек ҳар ошиқки, бордур покбоз,

Навҳа тортиб мотамим тутмоқда маъзур ўлмасун.

 

Панд ила кўнглум уйин қилма иморат, эй рафиқ,

Бизни бузди, ҳаргиз ул, ё Рабки, маъмур ўлмасун.

 

Кечалар ул гул чекар эрмиш қадаҳ, эй тонг ели,

Воқиф ўл, ҳолимни айтур чоғда махмур ўлмасун.

 

Ёр васлиға қувондим, қовди кўйидин мени,

Эй Навоий, ҳеч киши давлатқа мағрур ўлмасун.

Алишер Навоийнинг ушбу ғазали кўп замонлардан бери халқимиз орасида машҳур. Ортиқхўжа Имомхўжаев, Матлуба Дадабоева каби атоқли ҳофизлар ижросида у ўзбек халқининг севимли ашуласи сифатида танилган.

Ғазал ошиқона руҳда, чекилган жабру жафолардан ҳасрат ва ошиқнинг ўзгаларга панди унинг пафосини белгилайди. Табдил этишга киришайлик:

Ёридин ҳеч ким менингдек зору маҳжур ўлмасун,

Жумлаи оламда расволиққа машҳур ўлмасун.

Ҳеч ким мен каби ёрга зор ва унинг ҳажрига гирифтор бўлмасин, бутун оламда шармандалик билан машҳур бўлмасин.

Матлаъ – бошланғич байтни ҳозирги ёзувга ўгиришда икки хиллик бор: дастлабки сўзни “ёридин” деб ўқиш ҳам мумкин, “ёрдин” деб ҳам. Бизнингча, “ёридин” дейиш хато – у ғазалдаги сўфиёна маънони йўққа чиқариб, шеърни кундалик-маиший мавзуга бағишланган назмга айлантириб қўяди. Зеро ёр – яккаю ягона. Ҳар кимнинг ёри бошқа-бошқа эмас. Ана шу нақтаи назардан ёндошсак, бу тенгсиз ёр ишқида ҳеч ким мен каби зор ва ҳижронзада бўлмасин, оламда мен каби шармандалик билан номи чиқмасин…

Негаки, айни ўринда, гарчи бу ишқ азобли ва аламли бўлса-да, ўзга ошиқлардан ёрни қизғаниш, энг садоқатли ва фидокор ошиқ бўлиш, унга буюк бир ишқ ила боғланиш – шарафдир.

Мен бўлай овора то ишқимдин айлаб гуфтугўй,

Оти онинг ҳар киши оғзиға мазкур ўлмасун.

Мен ишқим ҳақида ҳар қанча айтиб, овораи сарсон бўлсам-бўлай, аммо унинг номи ҳар кимнинг тилига тушавермасин.

Бу ерда ҳам аввалги байтдаги фидойиликни кўриш мумкин: ошиқ ёр ҳақида сўзлай-сўзлай, ўзининг ҳар қанча хору забун бўлишига рози, аммо ёрнинг эса, ҳатто номи ҳам, шу қадар пок сақланиши керакки, у ҳар кимнинг оғзида мазкур (зикр этилган) бўлмасин.

Шу ўринда валийлардан бирининг кунига неча маротаба бўлса ҳам, ҳар гал Оллоҳнинг номини тилга олишдан аввал таҳорат янгилаб, сўнгра зикр этганлиги ҳақидаги тарихий нақл ёдга тушади…

Жонима бедоду зулмин, ё Раб, ул миқдор қил,

Ким анинг ошиқлиғи ҳар кимга мақдур ўлмасун.

Ёрнинг жонимга жабру зулмини, э худо, шу даражада қилгинки, унга ошиқ бўлишга ҳар кимнинг ҳам ҳадди сиғадиган бўлмасин.

Мажнун (Қайс)ни зора даволанса дея, Каъбага олиб бориб, ўзингга худодан шифо сўрагин, дейишганида, у бош уриб, ё раб, менинг ишқу жунунимни орттиргин, деб талаб қилади. Чин ошиқ, ҳар қанча ёр жабридан шикоят қилса ҳам, шу жабрни ўзига ёрнинг инояти деб билади, унинг камайишини истамайди. Бу ерда ҳам Навоийнинг лирик қаҳрамони менга ёрнинг жабру зулми шу қадарлик бўлсинки, уни тортишга ҳар кимнинг қудрати етмасин, деб тилак билдиради.

Мен худ ўлдум, лек ҳар ошиқки, бордур покбоз,

Навҳа тортиб мотамим тутмоқда маъзур ўлмасун.

Мен-ку (ёр жабри туфайли) ўлдим, аммо ҳар бир покдил ошиқ мотамимда дод солиб йиғласа, буни маъзур (кечирарли) деб бўлмайди.

Навоийнинг лирик қаҳрамони ишқини шу қадар махфий тутадики, ҳатто ёр зулми боис ўлганида ҳам ўзгалар дод-фарёд солиб мотам тутишини истамайди, буни эшитиб ёр озор топмаса эди, деб хавотирга тушади. Буни тариқатда нақшбандийлик оқимига мансуб бўлган шоирнинг ишқу эътиқод ила жаҳрий (ошкора) эмас, хофий (пинҳона) машғул бўлишига ҳам ишора дейиш мумкин.

Панд ила кўнглум уйин қилма иморат, эй рафиқ,

Бизни бузди, ҳаргиз ул, ё Рабки, маъмур ўлмасун.

Насиҳат-ўгит қилиб, кўнглимни кўтаришга уринма, эй дўст, зеро кимки биз (нинг орамиз)ни бузган бўлса, ё раб, асло обод бўлмасин.

Бу ерда ғайир кимсаларнинг ёр билан шоир ўртасига тушиб, орани бузганига ишора бор. Биз лирик қаҳрамон демаяпмиз, айнан шоир деяпмиз. Афтидан, айрим адабиётшунослар таъбиридаги “бегона байт” – ғазал матнига усталик билан сингдириб юборилган, аммо алоҳида олиб қараганда ижодкор ҳаётига оид бирон лавҳани тасвир этувчи ишора бу ерда бўй кўрсатиб турибди. Навоий билан бир яқин кишисининг, эҳтимолки замона подшоҳининг, орасини кимдир бузгани айтилиб, бузғунчининг икки дунёси маъмур ўлмасин дейиляпти. Аслида, сўфиёна ғазалларда (бир бутун ҳолда) ёр билан ўрамиз бузилди, нари-бери бўлдик, деган гап айтилиши одат эмас.

Албатта, бу – айни байт ғазал руҳига тамоман ётдир, деган гап эмас.

Кечалар ул гул чекар эрмиш қадаҳ, эй тонг ели,

Воқиф ўл, ҳолимни айтур чоғда махмур ўлмасун.

Тунлари ул гул қадаҳ сипқорар эмиш, эй тонгги сабо, хабардор бўлгин, (сен) унга менинг ҳолимни атадиган чоғингда у маст бўлмасин.

“Бадоеъул бидоя” девонига 1470 йилларга қадар ёзган лирик асарлари киритилган, деган маълумот бор. Албатта, бу пайтда Алишер Навоий билан султон Ҳусайн Бойқаро ўртаси анча яқин бўлган. Сўнгроқ бир ёқдан подшоҳнинг ичкиликка берилганлиги, иккинчи томондан ўртага ғанимлар аралашгани туфайли ора бирмунча совуган. Бобурнинг ёзишича, подшоҳ “аввал тахт олғон маҳал олти-етти йил тоиб (тавбакор) эди. Андин сўнгра ичкуга тушди, қирқ йилга ёвуқким, Хуросонда подшоҳ эди, ҳеч кун йўқ эдиким, намоз пешиндин сўнг ичмагай…”. Афтидан, Навоий ўртага одам қўйган, бироқ муносабатни аниқлаштириш учун подшоҳ маст бўлмаган вақтда, яхшиси тонг пайтида арзиҳол этилишини мувофиқ кўрган.

Байтнинг бадииятига келсак, унда гулнинг тунда, саҳарга яқин очилиши (қадаҳ шаклини олиши)га нозик ишора бор.

Ёр васлиға қувондим, қовди кўйидин мени,

Эй Навоий, ҳеч киши давлатқа мағрур ўлмасун.

Мен ёрим билан биргаман, деб қувонган эдим, у эса мени кўйидан қувди, эй Навоий, ҳеч киши эришган давлатига мағрур бўлмасин экан.

Ёр билан ошиқнинг яқинлиги – ошиқ учун тенгсиз бир давлатдир, висолдан мосуво бўлиш эса лирик қаҳрамон ҳаётининг бетимсол кулфати.

Бу байт, сўфиёна талқин этиладиган бўлса, Алмисоқ ҳақидаги нақлга – Оллоҳ жами инсонларнинг руҳини яратиб, уларга ўзининг холиқ эканини тасдиқ қилдиргач, ўзидан вақтинча узоқлаштиргани – фироққа солганини ёдга туширади. Энди ҳар бир инсон ўзига берилган умрини яшаб (солик эса ишқ йўлидаги жами йўлларни босиб ўтиб)гина ёрга етишиши мумкин.

Ижтимоий маънода эса, ғазал шоир ва шоҳ – икки ҳаммактаб дўст ораларидаги мураккаб муносабат – гоҳ лутфу навозиш, гоҳо эса (ағёрлар қутқуси билан) кину араз ила ўтган вазиятлар ҳақида ишоралардан иборат. Ва бу ишора ёр (подшоҳ)нинг ўзига мўлжалланган, зора анису мунисликдан мосуво этилган бечоранинг ҳолига етиб, сидқи камолига инониб, яна висоли давлатига қайтарса…

Мақтаъ (сўнгги байт)да Навоийнинг бадиий маҳорати яққол намоён бўлади: шаклан ўзакдош икки сўз ёнма-ён келтирилади; уларнинг бири хайриятлик (қувондим), иккинчиси эса фалокатлик (қувди).

Зуҳриддин Исомиддинов

Адабиётшунос олим

Яндекс.Метрика