АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “БАДОЙИЪУЛ БИДОЯ” ДЕВОНИДАГИ 506-ҒАЗАЛ ТАБДИЛИ

Қароғ эрмаски, қилмишмен кўзум сели йўлин муҳкам,

Сиришк эрмаски, ул йўл беркимай қилмиш тарашшуҳ нам.

 

Итининг гар аёғи куйди ўтган чоғда қабримдин,

Сўнгаклар туфроғимдин куйдуруб айланг анга марҳам.

 

Кўнгулдур ул паридин ишқ мулкининг Сулаймони,

Ки ҳам бор оҳидин ел ҳукмида, ҳам доғидин хотам.

 

Қуёшнинг қурбидин ойким ҳилол ўлғай эрур андоқ,

Ки бир маҳваш санга еткач, ер ўпмакликка бўлғай хам.

 

Париваш тифллардин ҳар замон ортар жунунумким,

Берурлар ҳушу ақлим қушлариға тош отардин рам.

 

Улустин чиқтиму ҳар дам қочармен соядин ҳам, ваҳ,

Ки ногаҳ ул қуёш сиррин десам ул ҳам эмас маҳрам.

 

Шикоф эрмас қаламдаким фироқим шарҳи ёзғондин,

Ёқа чок айлабон, чирмаб қаро, бўлмиш анга мотам.

 

Бу эрса майки куйдурди вужудум кишварин атри,

Яқин бил, соқиёким, жом сиррин билмай ўтмиш Жам.

 

Май ич даҳр ичраким иш сирридин англай десанг рамзе,

Эрур ҳар зарранинг моҳияти хуршиддин мубҳам.

 

Саҳар кун ашҳабиға чун керактур поймол ўлмоқ,

Фалак майдониға ҳар тун қамардек сурди тут адҳам.

 

Навоий дарди ҳолидин дам очмас бўлса, айб этманг,

Не дам очсун бировким, топмади оламда бир ҳамдам.

 

Навоий ғазалиёти бошқа шоирларининг ғазалларидан бирмунча мураккаблиги билан ажралиб туради. Бу мазмуннинг тиғизлиги, кўпмаънолилик каби хоссалар туфайлидир. Аммо қуйида шарҳлашга чоғланганимиз ғазал эса улуғ шоир девонларидаги юзлаб ва минглаб ғазаллар орасида янада мураккаброқ бўлган бир ғазалдир. Бунга, назаримизда, аввало, унинг якпора эмаслиги: ҳар бир байтнинг бошқа байтларга мазмунан бевосита боғланмасдан, алоҳида ҳолда ҳам тугал маъно акс эттириши, шунингдек, унинг фақат ишқий-ошиқона руҳда эмаслиги каби омиллар сабаб бўлган.

 Навоийнинг аксар ғазаллари етти байтдан иборат. Аммо диққатингизга ҳавола этилган ғазал ўн бир байтлик бўлиб, шоирнинг муаззам “Хазойинул маоний” куллиётидаги энг узун ғазаллардан биридир. Алишер Навоий тўрт улкан девондан иборат ушбу тўпламни бежиз “Хазойинул маоний” (Маънолар хазиналари) деб атамаганига иқрор бўлмоқ учун биргина шу ғазал билан кенгроқ танишиб чиқиш кифоя қилса, ажаб эмас. Зеро бу ғазалда Навоий лирикасига хос энг муҳим икки мавзу – сўфиёна ишқ, олам фалсафаси ва одамлараро муносабатлар масаласи ўртага қўйилиб, юксак савияда ифодаланган.

 

Қароғ эрмаски, қилмишмен кўзум сели йўлин маҳкам,

Сиришк эрмаски, ул йўл беркимай қилмиш тарашшуҳ нам.

 

Бу қорачуғ эмас, у билан кўзим сели йўлини маҳкам тўсганман,

Ва бу кўз ёши эмас эди, у йўл тўла беркилмай, нам сизиб чиқибди.

 

Қорачиғнинг ранги қора бўлади, шу жиҳатдан унинг атрофидаги оқиш модда баайни сувга, қорачиғ эса сув тошиб чиқаётган булоқ оғзини беркитиш учун ташланган қорамтир тошга ўхшайди. Навоий шу ташбеҳни қўллаб, агар кўзимнинг қорачиғи тўсмаса, кўз ёшим тўлиб-тошган бўлар эди, дейди илк мисрада. Бироқ, чашма оғзи харсанг билан беркитилса-да, нами сизиб чиқаверганидай, ошиқнинг кўз ёшлари ҳам тийилмайди.

 

Итининг гар аёғи куйди ўтган чоғда қабримдин,

Сўнгаклар туфроғимдин куйдуруб айланг анга марҳам.

 

Қабрим устидан ўтган чоғида итининг оёғи куйиб қолар бўлса,

Суякларни тупроғимдан олиб, куйдириб унга малҳам қилинг.

 

Итинг қабрим устидан ўтар бўлса, ишқимнинг оташин яллиғи унинг оёғини куйдириши аниқ, ана шунда суякларимдан олиб, уларни куйдириб, унинг учун малҳам қилиб қўйинг. Чамаси, шоир яшаган даврда куйганни даволаш учун суяк куйдириб, куйиндисидан малҳам тайёрланган кўринади. Бу даво ҳозир ҳам аҳёнда учрайди – яраларга қозоннинг қора куйиндисини қўйиш ёки кигиз куйдириб босиш одати айрим жойларда сақланиб қолган.

 

Кўнгулдур ул паридин ишқ мулкининг Сулаймони,

Ки ҳам бор оҳидин ел ҳукмида, ҳам доғидин хотам.

 

Ул пари сабаб кўнглим ишқ мамлакатининг Сулаймонидир,

Ва ел унинг ҳукмида – оҳ урса, эсади, доғи эса шоҳ муҳридай.

 

Ошиқнинг кўнгли подшоҳлар саройидан ҳам муҳташам. Пари навозиш этса, ошиқ ер юзига шоҳ бўлган Сулаймоннинг мақомидан ҳам юксакроққа кўтарилади. Аммо унинг шамолларга ҳукмронлиги сал ўзгача: оҳ уришидан шамол қўзғалади, куйган кўнгли доғи эса шоҳ муҳри каби қоп-қора тусда.

 

Қуёшнинг қурбидин ойким ҳилол ўлғай эрур андоқ,

Ки бир маҳваш санга еткач, ер ўпмакликка бўлғай хам.

 

Сенга  етгач, ҳар бир ой юзли ер ўпиш учун қаддини хам этгани каби,

қуёшга яқинлашган ой ҳам ҳилол бўлиб букилади.

 

Ёр қаршисига келган ҳар бир ой юзли сарнигун бўлиб, ер ўпиш учун қаддини хам этади, бу жамол шуъласига тоб бериб туриш шу қадар мушкил. Худди шунингдек, Қуёшга яқинлашган ой эгилиб, сарнигун бўлади – ҳилолга айланади…

Демак, Навоий даврида ойнинг ҳилол, бадр ва завол кўринишлари унинг қуёшга яқинлашиши ва узоқлашиши туфайли деб қаралган экан.

 

Париваш тифллардин ҳар замон ортар жунунумким,

Берурлар ҳушу ақлим қушлариға тош отардин рам.

 

Пари сингари ёшлар сабабли ҳар замонда жунуним ортади,

Улар тош отиб, ақлу ҳушим қушларини тумтарақай қилишади.

 

“Пари теккан” деган ибора бор. Пари одамни эсидан оғдириб, девона қилар эмиш. Навоий ақлу ҳушни сергак ва жонсарак қушларга менгзайди. Болалар тош отиб паррандаларни чўчитгани каби, пари болалар ошиқ ақлу ҳуши қушларини ҳуркитиб, унинг жунуни ортишига сабаб бўлишади.

 

Улустин чиқтиму ҳар дам қочармен соядин ҳам, ваҳ,

Ки ногаҳ ул қуёш сиррин десам ул ҳам эмас маҳрам.

 

Улусдан этак силкиб, чиқдим, аммо ҳар дам соядан ҳам қўрқиб қочаман, эвоҳки, ногоҳ ул қуёш сирини айтсам, у ҳам маҳрам бўлмайди.

 

Шоир “улусдан чиқдим”, деб эълон қилаётир. Бу хабаринг зимнида не борлиги бизга қоронғу. Ажабки, Навоийнинг ўнлаб ғазалларида улус сўзи аксар ҳолларда салбий маънода – кишининг кўзига дунёни тор қилувчи, фитна қўзғовчи ва алдоқчи одамларни билдириб келади. Бунга сабаб, шоирнинг шахсий ҳаётидан чиқарган хулосалари – эл-улус деб чеккан машаққатлари алалоқибат унинг ҳафсаласини пир қилганимикин, билиш душвор. Улус шоир дилини шу қадар зада қилганки, узлатга чекиниб улусдан чиққан (бу эса тилимиздаги “элдан чиқмоқ” ибораси билан бирдир) лирик қаҳрамон ўз соясидан ҳам қўрқадиган ҳолга тушган, дунёда унинг биронта маҳрами қолмаган, шу боис, ҳатто сирри йўқ – ёғдуси оламафшо бўлган қуёшнинг сиррини айтишдан ҳам қўрқади, зеро у ҳам… энди маҳрам эмас.

 

Шикоф эрмас қаламдаким фироқим шарҳи ёзғондин,

Ёқа чок айлабон, чирмаб қаро, бўлмиш анга мотам.

 

Қалам учидаги ёриқ – дарз кетгани эмас, фироқим шарҳини ёзаркан,

Ёқасини чок этиб, қора кийим кийиб, у ҳам мотам тутади.

 

Қамишдан кесиб ясалган қалам босиб ишлатилгани сари учи ёрилиб, кенгайиб кетиб, ёзувлар оппоқ қоғоз бетини янада кўпроқ қорайтириб юборади. Шоир буни ташбеҳга айлантиради, фироқим шарҳини ёзар чоғида қалам ёқасини чок этиб (ёрилиб), қора кийим кийиб (сиёҳга беланиб), қалам ҳам мотам тутади, дейди.

Бу тафсилотдан биз Навоий яшаган давр аза маросимига хос баъзи тафсилотларни ҳам билиб олишимиз мумкин: аза тутганлар оҳ уриб додлаб, ёқаларини йиртган ва қора кийим кийган эканлар (демак, Бухоро ва унинг атрофида таъзияда оқ кийиш урфи Хуросон томонларга хос бўлмаган).

 

Бу эрса майки куйдурди вужудум кишварин атри,

Яқин бил, соқиёким, жом сиррин билмай ўтмиш Жам.

 

Атри вужудим мулкини куйдирган шу нарса – май бўладиган бўлса,

Унда, э соқий, аниқ билгинки, Жам жомнинг сирини билмай ўтибди.

 

“Жоми Жам” – Жамшиднинг жоми демакдир. Ғайб асроридан воқиф қалб ҳам «жоми жам» кабидир. Солик ўз қалбини ғурурдан халос этиб, дўст ишқи билан тўлдиради. Энди, жом – идиш бўлар экан, табиийки, ундан май ичадилар. Шоир, ишқ майининг ўзи эмас, ҳатто ҳиди (атри) ҳам ошиқнинг вужуди мулкини бу қадар куйдирадиган бўлса, унда, Жамшид ўз жомининг сиррини билмай ўтгани аниқ, дейди.

 

Май ич даҳр ичраким иш сирридин англай десанг рамзе,

Эрур ҳар зарранинг моҳияти хуршиддин мубҳам.

 

Иш сирридан бирон ишора англашни истасанг, бу дунёда май ичгил,

Зеро аслида, ҳар бир зарранинг моҳияти қуёшдан ҳам мубҳамроқдир.

 

Аслида, майхўрлик – зеҳнни ўтмаслаштиради, нозикроқ ишораларни пайқамасликка олиб келади. Аммо шоир бу ўринда шу ҳақиқатнинг аксини айтади, “иш сирридан бирон рамзни англамоқчи бўлсанг – май ич”, дейди. Нега? Бу мисрадаги оксюмороннинг маъноси не? Маъно шуки, бу олам шундай тузилган: энг майда нарса бўлган зарра (атом)нинг моҳияти коинотдаги энг улкан жисм – қуёшдан ҳам мураккаброқ. Бас шундай экан, “иш сиррини англаш”га совуқ ақл билан эмас, ҳис этиш орқали бир қадар яқинлашиш (“рамз англамоқ”) мумкин. Демак, иш сиррини – ҳаёт моҳиятини тугал англаб бўлмайди, ёр (худо)га муҳаббат боғлабгина баъзи нарсаларни рамз-ишора тарзида пайқаш мумкин. Бунинг учун эса ишқ майидан сархуш бўлиш (бутун борлиғини илоҳий ишқ ихтиёрига топшириш) керак.

Шу билан бирга, биз бу байтдан Навоий оламини макрокосм ва микрокосм миқёсида англашга қадар етиб борганини, зарра – коинотнинг кичик макети деб англаганини ва ҳатто, зарранинг моҳияти қуёшдан ҳам мураккаброқ эканини тафаккур қилгани маълум бўлади…

 

Саҳар кун ашҳабиға чун керактур поймол ўлмоқ,

Фалак майдониға ҳар тун қамардек сурди тут адҳам.

 

Ой каби ёр ҳар тун фалак майдонига қоп-қора йўрғани сурар экан,

Саҳарда куннинг бўз тулпори поймол бўлмоғи керак.

 

Бу байт, назаримизда, ошиқ ҳаётининг энг дилгир, тушкун паллалари ҳақида. Ҳар саҳарда куннинг бўз оти поймол бўлишга мажбур, зеро ҳар тунда ой – қамар сиймоли ёр қора арғумоғини елдириб чиқади, яъни ёруғлиқ (умид) сўниб, борлиқни қоронғулиқ (зулмат, толесизлик) қоплайди.

 

Навоий дарди ҳолидин дам очмас бўлса, айб этманг,

Не дам очсун бировким, топмади оламда бир ҳамдам.

 

Дарди ҳолини айтиш учун Навоий оғиз очмаса, уни айб қилманг,

Ахир оламда ўзига ҳамдам топмаган киши нега изҳори ҳол этсин?

 

Одам ҳар кимга эмас, дилдош дўстига – маҳрамига дардини айтади. Бундай ҳамдард топа олмаган киши бегоналарга оғиз очмайди. Навоий ҳам ана шундай бенаволардан бири – маҳрами рози йўқ. Шунинг учун ҳам дарди ҳолимни айтмаганим учун мени айбламанг, дейди шоир.

Кўрамизки, бу асар бирон конкрет воқеа муносабати билан ёзиладиган “якпора” ғазал эмас, балки даҳо шоирнинг кўнглида бир лаҳзада кечган кўплаб туйғулар баёнидан иборат бўлган бир “пароканда” ғазалдир.

 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Адабиётшунос олим

Яндекс.Метрика