МИЛЛАТЧИЛИК ВАСВАСАСИ

mlarge_311673b9Миллатчилик – қўлидан ҳеч иш келмайдиган аблаҳларнинг энг сўнгги нуқтасидир.

Нурсултон НАЗАРБОЕВ

 

Вақти-вақти билан бўлаётган воқеликлар, сиёсий, иқтисодий ўйинлар таъсирида мамлакатда у ёки бу муаммолар туғилади ёхуд мавжуд муаммоларнинг ўсиши кузатилади. Ана шундай муаммолардан, тўғрироғи, муаммо тарзидаги иллатлардан бири миллатчиликдир. Зиғирдек миллатчилик юзага келган ҳудудда эртами-кечми фожеа содир бўлади. Бу иллат олиб келган талофотлар эса оғриқли, унутиб бўлмайдиган даражада етади.

Миллатчилик нимаси билан бу қадар зарарли? Келинг, аввалбошида бу иборанинг ўзини тушунишга уринайлик. Миллатчилик – бир ҳудудда яшаётган бир қисм аҳолининг, шу ҳудудда яшаётган бошқа бир қисм аҳолига нисбатан ҳар қандай кўринишдаги адоватидир. Бу – сиёсат. Бошқарув қўлдан кетиши мумкин бўлган вазиятларда кўпчиликнинг эътиборини, диққатини бошқа нуқтага қаратиш, шу орқали чалғитиш, чалғитиш орқали мақсадга етиш сиёсатидир.

Миллатчилик фашизмнинг, нацизм, шовинизм, расизм, сионизм ва бошқа яна бир қанча …измларнинг эгизагидир. Демак, миллатчилик авж олган ерда мазкур “…изм”ларнинг жиллақуриса биттаси томир отади.

Айримлар миллатчиликнинг давлат ва унинг туб аҳолиси учун ижобий оқибатлари ҳам бор, дейишади. Асосан бу ҳол фидойиликка, ватанга муҳаббатга сабаб бўлади деб билишади, уқтиришади. Аслида, бу ўзни алдашдан бошқа нарса эмас. Сабаби, ҳар қандай миллатчилик негизида ксенофобия – ўзгалардан чўчиш, “бегоналар” дан ҳадиксираш, нафратланиш туйғуси ётади. Ватанни севишнинг эса миллатчиликка умуман алоқаси йўқ. Ўзга бир миллатни, халқни ёмон кўриш ватанни севишга олиб келмайди. Ватанга муҳаббат қўйган киши унинг бору йўғини, оқу қорасини, баланду пастини, қирғизу ўзбегини, уйғуру хитойини баб-баравар севаверади.

Энди энг асосийсига ўтамиз: миллатчиликни пайдо қиладиган омиллар нима ва қай сабабдан бу иллат давлат учун ҳам, миллат учун ҳам хавфли? Назаримда, мамлакат ичкарисидаги миллатчилик икки хил кўринишда бўлади, қуйи ва юқори. Яъни, биринчиси – фуқаролар, оддий омма орасидаги миллатчилик ва иккинчиси – давлат миқиёсидаги, яъни давлат бошқарув тизимидаги миллатчиликка асосланган сиёсат. Агар таъкидлаганимиздек, миллатчиликнинг биринчи кўриниши учраса, унда мамлакатда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўртасида ҳаётнинг у ёки бу жабҳасида тўқнашувлар, майда келишмовчиликлар содир бўлиб туради. Бу ҳол секин-аста кучайиб бориб ноҳуш воқеликларга олиб келиши ҳам, ёки вақт ўтган сари ўз-ўзидан патрат топиб, йўқолиб кетиши ҳам мумкин, аммо камдан-кам ҳолларда катта тўқнашувларга, зиддиятларга сабаб бўлади. Аммо миллатчиликнинг иккинчи, юқори қатламдаги кўриниши учраса, унда албатта бу миллатчиликдан бир нохуш мақсад кўзланган бўладики, кун келиб давлат тепасига келмоқчи бўлган ва ёки тепадаги мавқеини сақлаб қолиш ниятидаги гуруҳлар айнан миллатлар ўртасида адоват оловини пуркайдилар. Бундай пайтларда миллатчилик шамолида қуритилган, тобланган халқлар кичик бир учқун сабаб ёниб кетишади.

Миллатчилик асосан инқироз ҳукм сураётган ва ёки ўтиш давридаги мамлакатларда кўп кузатилади. Бундай вақтларда одамлар ўзларини йўқотиб қўядилар, ҳаёт тарзлари ҳам палапартиш бўлади. Шу сабаб кўпчилик қўрқув ва хавотир ичида кун кечиради. Одамлар ўзлари ҳам сезмаган ҳолда бу қийинчиликлар, муаммоларнинг “айбдор”ларини қидириб қоладилар. Айнан мана шу қўрқинч нафратга сабаб бўлади. Чунки нафрат қўрқинчга нисбатан пайдо бўладиган ҳимоядек гўё. Жамиятдаги муаммоларни кимнингдир гарданига юклаш учун “балогардон”, айбдор топишга тушишади. “Емаган сомсасига пул тўлайди”ган бундай айбдорлар асосан жамиятнинг кам сонли ёки кучсиз қатламидан танланади. Бундан ташқари, “балогардон”ларнинг бундай жамиятларда ҳуқуқлари чекланган, қўллари калта бўлади. Сўзсиз, мана шундай адоват урчиган давр радикаллар ва миллатчилар учун қулай вақт ҳисобланади.

2010 йили Қирғизистонда содир бўлган аянчли воқеликлар фикримизга мисол бўла олади. Ўшанда мамлакатдаги сиёсий парокандалик, бошбошдоқлик сабаб давлатнинг икки қисмга – жануб ва шимолга ажралиб кетиш хавфи туғилганди. Давлатни бутунлигича сақлаб қолиш учун халқни бирлаштирадиган бир маслак керак эди. Ана шу паллада туб аҳолини миллатчилик руҳи билан суғориш разил ниятли кишиларнинг асосий аъмолига айланди. Матбуотда кам сонли миллатлар шаънига очиқдан-очиқ ҳақоратлар ёғила бошлади. Газеталар “демократия” байроғи остида миллатлар орасига фитна уруғини сочиш билан шуғулланди.

Мисоллар келтирамиз:

«…Будешь кормить собаку хорошо, будет бросаться на хозяина, рабы взбесились, просят статус узбекскому языку». (Газета «Кок Монгу» № 14 от 9 июля 2010 года. Статья М. Надырова «В Оше произошел выстрел, погибло много кыргызов»). (“…Итни яхши боқсанг эгасига ташланади. Қуллар қутурди, ўзбек тилига давлат мақоми сўрашмоқда.”);

«…Давайте, объединившись вместе поставим на место другие нации, которые сами начав войну, убив кыргызов, потом не смогли дать отпор и сбежали. Несмотря на то, что мы обрели независимость, кыргызы подвергаются притеcнениям в своей стране». (Газета «Алиби», № 40 от 9 июля 2010 года. Статья Зулпукара Сапанова «Ата-журттун абалы оор, башынды котор кыргыз!». (“…Келинглар, бирлашайлик-да, урушни бошлаб, қирғизларни ўлдириб, кейин қаршилик қилолмай қочиб қолган бошқа миллатларга ўрнини кўрсатиб қўяйлик. Мустақилликка эришганимизга қарамасдан, қирғизлар ўз мамлакатларида қаршиликларга учрашаётир.”);

«…Не надо быть снисходительными к врагам народа (имеются в виду узбеки — Автор), которые порождают угрозу государственности, впредь нельзя допускать этот народ на гос. учреждения». (Газета «Кок Монгу» № 14 от 9 июля 2010 года. Статья «Не буди арестантов?!»). (“…Давлатчилигимизга хавф туғдираётган халқ душманлари (ўзбеклар назарда тутилмоқда – Муаллиф)га нисбатан юмшоқлик қилишнинг ҳеч ҳожати йўқ, бундан сўнг уларни давлат ташкилотларига яқинлаштириш керак эмас.”)…

ОАВларидаги адоват уфуриб турган бу каби чиқишлар муаммо нафақат оддий халқ ўртасида, балки давлат миқиёсида бўлганлигини, миллатчилик давлат миқиёсига чиққанини кўрсатади. Бундай пайтда фуқаролик жамиятининг қай аҳволда экани вазиятни у ёки бу ёқли қилади. Айнан Қирғизистон мисолида оқибат кутилганидан анча аянчли бўлди. Иккига ажралиб кетиши мумкин бўлган шимолий ва жанубий қирғизларни бирлаштириш учун ўзбеклар уларнинг “ягона душман”и қилиб  кўрсатилди. Миллатчилик қон-қонигаа сингиб кетган қирғиз миллатчилари ўзбекларни ўз уйларида ёқишди… Одам боласининг ақли етмайдиган жиноятлар содир этилди. Ташкилотчилар ва ташвиқотчилар асл мақсадларига етишди. Оқибат, мамлакат миллатчилар қўлига ўтди.

Миллатчилар қўлидаги давлат бошқаруви қай аҳволда бўлади? Энг аввало, бундай бошқарув тузумида демократия ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Сабаби, демократия талабида бўлганлар, ҳақиқат ва тенглик истаганлар ҳуқуқий камситишларга, ҳар турли ксенофобияга учрашади. Шу билан бирга, мамлакатдаги бирликнинг йўқолмаслиги, вазиятнинг издан чиқмаслиги учун давлат бошқарувидагилар нафақат миллий озчиликларга, балки бутун аҳолига нисбатан очиқ ва пинҳон куч ишлатишга мажбур бўлади. Кейин яна норозиликлар авж олади, воқеалар такрорланади. Бир гуруҳ миллатчилар ўрнига шу мақсад йўлида тарбиялаган бошқа миллатчилар келишади… Улар эса қўлларидан ҳеч иш келмагани боис, давлат бошида кўпроқ қолиш учун миллатчиликка суянишади, янги миллатчиларни тарбиялашади. Бундай давомийлик эса мамлакатнинг ҳам, миллатчилик руҳи билан оғуланган миллатларнинг ҳам йўқ бўлишига олиб келади.

 

Абдукарим МИРЗАЕВ,

журналист