ҚИРҒИЗИСТОН ТАНАСИДАГИ ЯРАЛАР

Бир неча ҳафтадирки гоҳ у гоҳо бу интернет нашрларида Россия Федерацияси С.Петербург шаҳридаги метролардан бирида содир этилган террор хуружи тўғрисида турли мақолаларни кузатиб бораяпмиз. Такидлаш керакки бир кузатувчи сифатида террор ҳуружининг содир этилиши ва ижрочилари борасидаги таҳминлар, далиллар шу қадар чалкашиб кетдики калаванинг учини йўқотиб қўйдик. Нафақат биз ўқувчи, кузатувчилар, балки бу ишларнинг устида турганлар ҳам асл воқейликдан узоқлашиб кетишди.

Мен бугун содир этилган террорга эмас бу каби салбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин бўлган омилларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Агар келтирилаётган далиллар рост бўлса охирги йилларда бу каби террорчилик ҳаракатларини Марказий Осиёдан, асосан Қирғизистондан чиққан меҳнат муҳожирлари амалга оширишмоқда. Нега бундай бўлаяпти? Нима учун тирикчилик ташвишлари билан оилаларини тарк этган ёшларимиз диний радикал оқимлар таъсирига тушиб қолишаяпти? Мен бунинг сабабларини биргина Қирғизистон мисолида тушунишга уриниб кўрдим. Мулоҳазаларимни сиз билан бўлишмоқчиман.

  1. Сир эмас Қирғизистондаги умумий сиёсий ва иқтисодий ҳолат буткул яхши эмас. Сабаби сиёсий элита ўзи билан ўзи шу қадар оввораки халқни дарди уларни заррача ўйлантираётганлигига менда тўлалигича шубҳа бор. Улар учун асосий вазифа ҳокимиятни эгаллаш, Жўқорғи Кенгашга депутат бўлиш билан тугулланадигандек туюлади. Нимагаки улар халқ учун ишлаши керак бўлган дақиқадан бошлаб ўзларидан, ўзаро сиёсий ўйинларидан бўшамай қолишади. Аравани қуруқ олиб қочиш ёки сафсатабозлик билан виждонларини тинчлантириб туришади гўё. Минбарларда туриб вазҳонлик қилаётган сиёсий арбоблар ўзларининг нима исташаётганини ва қайси йўлдан кетмоқчи эканликларини аниқ билишмайди. Бу ноаниқлик ва тушуниб бўлмас даражадаги тартибсизлик оддий омманинг ҳаётига салбий таъсир қилиши табиий. Чунки уларнинг ҳаётини изга солиши, тартибга келтириши, енгиллаштириши керак бўлганлар тамоман буларнинг акси билан машғуллар.
  1. Муаммолардан яна бири ишсизликдир. Тирикчилик кўйида 1 млндан ортиқ энди кучга тўлган, ишга лаёқатли фуқаролар мамлакатни тарк этишади. Уларни иш билан таъминлаш муаммоси борасида бирор бир чора кўриш, ҳаракатга келиш, иш ўринлари яратиш борасидаги аниқ, келажаги бор таклифларни йиллардирки эшитмаймиз. Нега? Сабабини аввалроқ айтдик. Бу каби муаммоларнинг аниқ ечимини топишга ҳокимиятимиз тепасидаги арбобларнинг ақли, тажрибаси етмайди. Уларнинг ақли ва тафаккури ўзидан олдингиларга лой чаплашдан бошқасига ярамайди.
  1. Диний эркинлик байроғи остида Қирғизистонда мингдан ортиқ диний оқимлар рўйҳатдан ўтган. Ақли ноқис бўлмаган одам учун бу жуда қўрқинчли ҳолат. Бу ҳолат мамлакатнинг ўз-ўзини тўкис бошқаришига қаршилик қилади. Сабаби оқимлар ўртасидаги кичик тафаввутнинг пайдо бўлиши бошқарувнинг қўлдан кетишига сабаб бўлиши мумкин эмасми? Ташки кучлар учун мамлакатимиз ёқилғи сепилган, қақшаган ўрмон ҳолатига келиб қолмаяптими? Келажакда қонлар тўкилишига сабаб бўлмайдими? Бундай муаммонинг сабаби мамлакатдаги диний таълимнинг тартибга солинмаганлигидир, диний бошбошдоқликнинг мавжудлигидир. Ҳатто бир дин вакиллари ўртасидаги ақл бовар қилмас зиддиятлардир. Буларнинг асл сабаби диний қўмита фаолиятининг буткул талабга жавоб бермаслигидир. Бир сўз билан айтганда Қирғизистондаги сиёсий ҳолат қандай бўлса диний ҳолат ҳам ҳудди шундайдир. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ ҳирмонда ҳозир лаёқатсиз имомларнинг пайдо бўлиши, уларнинг номукаммал диний таълим бериши, ҳақиқий дин арбобларининг четга суриб қўйилиши юқорида таъкидлаганимиз радикал оқимларга қўшилувчиларнинг кўпайишига сабаб бўлмаяптими?
  1. 2010 йилгача ва ундан кейин ҳам шиддат билан гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона давом этаётган миллатчилик сиёсати қирғиз миллатидан бошқа миллатларнинг қимтиниб яшашига сабаб бўлмоқда. Масалан, 2010 йил воқеаларидан кейин мамлакатда иш олиб борган халқаро комиссияларнинг ҳулосаларидан кейин ҳам, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг докладларидан кейин ҳам ўзбек миллатига бўлган муносабат ўзгармади. Қирғизистон ҳукумати қирғиз миллати вакиллари чиқарган бир томонлама ҳулосалардан бошқасини юзсизларча инкор қилди. Ўзбекларга нисбатан сиқувлар авжига чиқди. Жабрланганлар ҳам, жавобгарлар ҳам асосан ўзбеклар бўлди. Бундай ноҳақликлар ортидан кўплаб ўзбек миллати вакиллари мамлакатни тарк этишди.
  1. Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар кескин қисқартирилди. Рақамларни келтираман: 2003 йилда Қирғизистондаги ўзбек тилидаги умумтаълим мактабларининг сони 141 та эди, 2008 йилга келиб 129 та қолди. Бугунги кунда эса мактаблар 90 тадан ошмайди. Маълумот учун: Қирғизистонда 1 млн га яқин ўзбеклар истиқомат қилишади ва уларнинг ўз тилларида таълим олишлари учун атига 90 та мактаб фаолият юритаяпти. Айни пайтда Ўзбекистондаги қирғизларнинг адади 300 минг атрофида ва уларнинг ўз она тиллари, қирғиз тилида таълим олишлари учун 62 та мактаб фаолият юритаяпти. Қирғизистон Маориф ва Фан вазирлиги томонидан 2014 йилдан бошлаб олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларининг ўзбек тилида олиниши бекор қилинди ва ҳукуматнинг 2006 йилдаги Умумреспублика тестлари тўғрисидаги қарори ўзгартирилди. Мазкур қарорда тест имтиҳонлари «қирғиз, рус ва бошқа тилларда ўтқазилади» дейилган. Қарор матнидаги «бошқа тилларда ўтказилади» жумлалари олиб ташланди. Бунинг ортидан минглаб ўзбек битирувчилари олий маълумот олишдан деярли маҳрум этилди. Бу нима, атайин бир миллатни онгсизлантиришга уринишми?
  1. Куч органларида, давлат ишларида ўзбелар кам учрайди. Бунга ўзбек миллатининг бу ишларга лаёқатсизлиги сабаб эмаслигига ёнгинамизда ҳар томонлама ривожланиб бораётган Ўзбекистон мисол бўла олади. Бунинг асосий сабаби ўзбекларнинг атай ҳокимиятдан, давлат бошқаруви, куч органлари ишларидан узоқлаштирилишидир. Бу каби айирмачи сийсатнинг ҳосиласи ўлароқ интеллектуал салоҳияти бор ёшлар мамалакатни тарк этишга мажбур бўлаяпти. Бунинг ортидан истасакда, истамасакда юртимиз ўз келажагини, олимларини, академикларини, зиёлиларини йўқотаяпти.
  1. Қирғизистон халқлар ассамблеясидаги ҳолат ҳаммасидан ошиб тушади. Бу ассамблеяда ўзбекларга нисбатан адоватнинг ёрқин намоёндалари бирлашган десак ҳеч муболаға бўлмайди. Ассамблеянинг фаолияти шу қадар ноҳақликка, томир отган миллатчиликка қурилганки 1 млндан ортиқ ўзбекларнинг бирорта вакилини бу жамоадан топа олмайсиз. Ассамблеянинг 9 та аъзоси орасида қирғиз, рус, тожик, қозоқ, корейс ва яна бошқалар бор, аммо ўзбек йўқ. Ваҳоланки 6 млн фуқароси бор мамлакатда 1 млндан ортиқ ўзбек яшайди.

Келтирганимиз далиллар ва мулоҳазалар борасида ҳулосалар чиқаришдан аввал атрофингизга назар ташланг. Аниқ биламанки соғлом нигоҳлар билан қарасангиз мулоҳазаларимизни инкор эта олмайсиз. Ҳулосаларни қайсидир миллат вакили сифатида эмас, бир виждонли инсон сифатида чиқаришингизга умид қиламиз.

Носир Жалолиддинов

Яндекс.Метрика