НОХОЛИСЛАР

16169659_79492thumb500Тузум “тасодифий” йўллар билан “тасодифий” қурбонларини танлайди. Ва бу – энг ачинарлиси. Бу “тасодиф”га қаршиларни ихоталайдилар. Адашадилар. Ҳақиқатни ихоталаб бўлмайди.

Охирги пайтларда қирғиз ОАВ ларида “1916 йил фожеаларининг 100 йиллиги” ҳақида тез-тез гапириладиган, эсланадиган, муҳокама қилинадиган бўлди. Мамлакат президенти А.Атамбаев ҳам бу мавзуда давраларда сўз очди. Буни тортишадиган ери йўқ. Қирғиз миллати бир миллат сифатида ўзига етказилган зулмларни, оғриқларни эслашга ҳақли. Ҳаммаси тўғри – ҳақиқат қарор топиши керак. Аммо нима учун Қирғизистон президенти ва сиёсий элитаси, жонкуяр жамоат арбобари ўзларининг “ҳолис” нигоҳларини энг яқин ўтмишда, 2010 йилда Қирғизистон жанубида содир этилган фожеаларга қаратишмаяпти?

Орадан олти йил ўтдиҳамки июнь воқеалари юзасидан холис тўхтамларга келинмади, озорланган халққа уни хотиржам қиладиган жавоблар берилмади. Ҳақиқатни гапириш, халқни ҳотиржам қилиш ўрнига давлат-да, арбоблар-да мум тишлаганлар ва халқни ҳам оғзига уриб мум тишлашга мажбур қилмоқдалар. Ҳатто ўзларининг бу ноҳақ ҳаракатларидан хижолат тортаётганлари ҳам йўқ. Булар етмагандек, мамлакатда ўзбекларга ва улар билан боғлиқ – маданият, урф-одат, тил ва бошқа нарсаларга нисбатан тўсиқлар, қаршиликлар сезилиб турибди. Санаганларимиз ҳали масаланинг фақат ва фақат ноиқтисодий томони.

Қирғизистонда қанчадан-қанча омадли бизнесмен ўзбеклар ўзларининг ишларидан, даромадларидан мосуво бўлди? Ваҳоланки уларнинг ҳар қандай даромади шу ўлканинг фоидасига эди. Улар яратаётган иш ўринларида шу мамлакатнинг фуқаролари, қирғиз бўлсин, ўзбек бўлсин баб-баравар, елкама-елка туриб ишлашаётган эдилар. Бугун давлат органларида, давлат бошқарув структурасида ишлаётган ўзбеклар неча фоизни ташкил қилади? Сўнгги олти йилда ўзбек миллатига мансуб бўлган нечти фуқаро давлат мукофотлари билан тақдирланди? Бугун Қирғизистонда яшаб, фаолият юритаётган ўзбек зиёлилари, сиёсатчилари, арбоблари фақат ўзбек бўлганлари учунгина бурчакларга қисиб қўйилмаяптими? Мамлакатни тарк этишга мажбур этилмаяптими? Бир сўз билан айтганда бугун ўзбек миллатига мансуб бўлганлар мамлакатнинг ҳар қандай кўринишидаги расмий ҳаётидан супуриб ташланганлар.  

Қирғизистон ҳукуматининг 2010 йил воқеалари юзасидан айнан ўзбек миллатига нисбатан ноҳолис муносабати қирғиз миллатчиларининг қўлларини ечиб юборди. Бугунга келиб ўша миллатчилар истаган минбарларидан туриб ўзбекларга истаганларича тош отаяптилар. Айниқса сийсий арбоблар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари вакиллари ҳеч қандай истиҳоласиз ўзбекларнинг у ёки бу мансабга келишларига очиқдан-очиқ тўсқинликлар қилмоқдалар. Ҳатто ўртаҳол мансабларда ҳам ўзбеклар қолдирилмади. Ўзбек ёшлари эса буларнинг ҳаммасини кузатиб туришибди ва уларнинг келажакда ўқиб бирор даражага эришишлари ва ёки Қирғизистонда қолиш қолмасликлари савол остида қолган. 

Санаганларимиз Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан бўлаётган дискриминациянинг кичик бир қисми ҳолос, қайсики қирғизнинг замонавий, демократик, ҳолис, инсонпарвар қатлами амалга ошираётган!..

Қирғизнинг даража жиҳатидан пастроқ қатламининг юқорида санаганимиз юқори қатлам вакиллари таъсири остидага қилиқлари, аммаллари, фикрлаш доиралари анча ачинарли ҳолатда-ки, бу ҳолатдан ҳавотирланмасликнинг ҳеч қанақасига имкони йўқ. Бир пайтлар немес фашистлари ҳам Гитлер ва унинг маслакдошлари таъсирида яхудийларга нисбатан шундай қайралган, вужудлари адоватга тўлдирилган эди. Оқибатидан боҳабарсиз.

Мамлакат раҳбариятининг ва ёки минбарсевар арбобларнинг миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик борасидаги баландпарвоз гаплари ва гўёки амалга оширишган хайрли ишлари аксар ҳолларда қуруқ сафсата ва дунё ҳамжамиятини алдашга уринишдан бошқа нарса эмас.

Кўп нарса гапиришнинг ҳожати йўқ. Паспортида миллатини қирғиз деб ёздираётган ўзбекларнинг пайдо бўлгани вазият аслида қанақа эканлигига жавоб бўла олади. 

Бизни ташвишга солаётган яна бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман ва шу орқали Қирғизистон ҳукуматига савол бермовчиман. 2010 йил июнь фожеаларидан кейин бош прокурор Аида Салякова Жўқори Кенгашда шундай маълумотларни келтирган эди. Унда айтилишича, июнь фожеалари бўйича 5000 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилган, аммо улардан 3000 дан ортиғи жиноятчиларнинг шахси аниқланмаганлиги сабабидан ёпилган. Роза Отунбаева эса бу маълумотлардан ҳайрон қолиб фожеада жафо чекканлар асосан ўзбеклар бўлгани ва жиноий ишлар ҳам асосан ўзбекларга нисбатан очилганини таъкидлаган эди. Келтирганимиз маълумотларга таяниб мулоҳаза қиладиган бўлсак, нима деб ўйлайсиз “шахси аниқланмай” ёпилган 3000 жиноий иш кимларга тегишли бўлиши мумкин?

Қирғизистон жанубидаги бу фожеа юзасидан адолат қилинмаганлигини беркитишнинг имкони йўқ. Рақамларнинг ўзи адолат қай даражада бўлганлигидан далолат. Аммо, ҳеч бўлмаса энди хатолар тузатилиши, қамоқда ўтирганларга нисбатан амнистия қўлланилиши керак эмасми? Шахсан мен амнистия эълон қилингани ёзилган матнларнинг бирортасида “ўзбеклардан ташқари” деган жумлани ўқимадим. Унда нега 2010 йил июнь фожеалари юзасидан қамалган ўзбек миллий озчиликларига нисбатан амнистиялар қўлланилмаяпти? Сабаб? Ёки давлат бошида турганлар ва қамоқда ўтирган ўзбекларгагина аён бўлган, биз билмаган ҳақиқатлар борми? Давлат уларни панжара ортида ушлаш орқали ўша ҳақиқатларни очиққа чиқишидан ҳавотирдами? Сабаб нима?!

 

Абдукарим МИРЗАЕВ

Журналист

Яндекс.Метрика