Хитойда ўқиш – Марказий осиё ёшлари учун

Хитойда Марказий Осиёдан келган талабалар сонининг ортиши: Бу минтақада Хитой таъсири ортишидан ҳам дарак берадими? Ушбу жараёндан қўрқиш керакми?

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистонда “Ипак йўли — Пекинда таълим олиш” номли кўргазма бўлиб ўтди. Унда Хитойдаги 18 та университет, институт, коллеж ва мактаблар таништирилди. Маълумки, Хитой марказий осиёлик ёшлар таълим олиши учун оммавий жойга айланиб бормоқда. Шунга боғлиқ равишда қуйидаги саволлар пайдо бўлиши ўринли: Хитойда марказий осиёлик талабалар сонининг ўсиб бораётгани мазкур минтақада Хитой таъсири ўсишининг аломати ҳисобланадими?

Минтақада ўзининг геосиёсий манфаатларини амалга ошириш йўлида Хитой чет эллик талабалар учун таълимдан “юмшоқ кучлар” деб номланувчи инструмент сифатида фойдаланадими? Бу минтақа халқлари учун нима келтириши мумкин? Минтақа мамлакатларининг етакчилари ушбу жараённи қанчалик англайди ва улар қандай йўл тутади? Мазкур жараёндан қўрқиш ва унга қаршилик қилиш керакми? Марказий Осиё халқларининг шарқий қўшнисига нисбатан стратегияси қандай бўлиши керак? Сўз бошидан қайд қилмоқчимизки, Хитой ва унинг ОТМларидан Марказий Осиё халқлари учун “ваҳима уяси” ясашга уриниш ниятидан йироқмиз, шунчаки вазиятни холисона баҳолаб, кўриб чиқилаётган жараённинг фойдали ва хавфли жиҳатларига эътибор қаратмоқчимизн.

Сир эмаски, кучли иқтисодиётга эга аксарият мамлакатлар каби Хитой ҳам ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда “юмшоқ кучлар”дан фойдаланади. Бунда “юмшоқ кучлар” чет элда Хитой ҳақида ижобий тасаввурни шакллантириш ва унинг халқаро таъсирини ошириш мақсадида жаҳон ҳамжамиятига нисбатан қатор ноанъанавий таъсир инструментларини фаол қўллашни назарда тутади. “Юмшоқ кучлар”дан амалиётда фойдаланиш учун Хитой ҳукумати томонидан қатор давлат дастурлари ишлаб чиқилган ва Хитой буни унчалик ҳам сир тутмайди. Хитойнинг “юмшоқ кучлари” йўналишларидан бири чет эллик, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган талабаларни Хитой ОТМлари ва бошқа таълим лойиҳаларига жалб қилиш орқали хитой тилини тарғиб қилиш саналади. 

Яндекс.Метрика