(Uzbek) РАВШАН ГАПИРОВ: ЎЗБЕКЛАР ЎЗ УЙЛАРИДА БЕГОНА БЎЛДИ

2010 йилнинг июн ойида содир этилган хунрезликларни ўрганган бир қатор халқаро ташкилотлар бу воқеаларнинг келиб чиқиш сабабларини ўз ваколатлари доирасида тадқиқ этиб, бир қанча ҳисоботлар тайёрлади. Халқаро текширув комиссияси хулосаларида қирғиз жиноятчи тўдалари томонидан ўзбек аҳолисига қарши содир этилган жиноятлар “инсонийликка қарши жиноятлар” сифатида баҳоланди. Можаролар оқибатларини бартараф этиш ва мамлакатда миллий озчиликларга нисбатан адолатли сиёсат олиб бориш бўйича Қирғизистон ҳукуматига қатор тавсиялар ҳам берилди. Аммо мамлакатда, хусусан, ўзбек аҳолисига нисбатан босимлар тўхтамаётгани ҳақидаги хабарлар оқими ҳамон тўхтамаётир.

Алишер Навоий Институти расмий саҳифаси айни манзарада низолар ўтмишига ва бугунги вазиятга яна бир карра назар ташлаш мақсадида бир қатор ҳуқуқ фаоллари ва таҳлилчиларга айрим саволлар билан мурожаат қилди. Шулардан бири  Ўшдаги “Адолат ва Ҳақиқат” инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Равшан Гапировдир. Равшан Гапиров 1955 йилда Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида туғилган. Фарғона кооператив техникумини битиргач, 1976 йилдан савдо соҳасида меҳнат қилган. 1988 йилдан инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият олиб боради. У Қирғизистон жанубида содир этилган зўравонликларни ҳужжатлаштирган саноқли фаолларнинг бири.

Савол:

Сизнинг кузатишларингиз бўйича, 2010 йил июнь қирғинига қадар Қирғизистонда миллатлараро муносабатлар қай ҳолатда эди? Хусусан, ўзбекларнинг ўша даврдаги республика ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги ўрнига қандай баҳо берасиз?

Р. Гапиров:

Бу саволга узоқроқдан жавоб беришга тўғри келади. Биз 1972 йили бошланғич мактабни тамомладик. Ўша даврда Қорасувда қирғиз мактаби бўлмагани сабабли, қирғиз болалари биз билан бирга ўзбек мактабларида ўқишган. 1985 йили бутун мамлакатда қайта қуриш шамоллари эса бошлаши билан марказий ҳукумат азалдан ўзбеклар асосий кўпчиликни ташкил қилган шаҳарларга қирғизларни оммавий кўчириб келишга катта эътибор қаратиб, қандайдир махфий дастурга кўра турли йўллар билан шаҳарларда қирғизлар нисбатини кўпайтира бошлади. Ўша даврларда район ва область раҳбарлари қирғизлардан бўлса-да, уларнинг ўринбосарлари, иш юритувчилари албатта ўзбеклардан бўларди. Аслида, жамият ҳаётини ўша ўринбосарлар бошқариб турган, ҳамма жойларда, темирчиликдан тортиб то сиёсий ишларда ўзбеклар қирғизларга иш ўргатган. Бу бор ҳақиқат.

1986-1988 йилларда Жалолобод, Ўш, Қорасув шаҳарларида қирғизлар умумий аҳолининг (яъни ўзбекларнинг) бешдан бир қисмини ташкил этган. Шу сабаб катта шаҳарларни қирғизлаштириш сиёсати устивор қилиб белгиланган. Бундан ташқари, шу даврдан бошлаб, яъни Шўролар Иттифоқи пойдевори нурай бошлагани кўзга ташланиб қолгач, махфий тарзда ўзбекларга қарши урушга тайёргарлик кўрила бошланди. Бунга бир қанча инкор этиб бўлмас далиллар бор. 1990 йили бир гуруҳ ўзбек фаолларининг КПСС МК Бош котиби Горбачевга “Ўзбек автономияси”ни сўраб хат ёзишларининг сабаби ҳам  СССР тарқаб кетишининг муқаррарлиги кўриниб қолганида эди. Фикримча, айнан мана шу мактуб тайёр бўлиб қолган урушни бошлашга бир баҳона бўлди. Оқибатда Қирғизистоннинг ўзбек аҳолиси шу вақтга қадар кўрилмаган ваҳшийлик билан қирғин қилинди. Бу фожеа тасвирланган материаллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари тўлиб-тошиб ётибди, уларнинг аксарияти муҳрланган ҳолатда собиқ СССР Бош прокуратураси архивларида ҳамон ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди. Ушбу қирғин асос-эътибори билан, шубҳасиз, шаҳарларда ўзбекларни озайтириш ҳисобига қирғизлар нисбатини ошириш сиёсатининг таркибий қисми эди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, 1990 йилдан сўнг Ўзган-у Ўшлик қанчадан–қанча ўзбеклар ташқарига чиқиб кетишди. Айниқса, Ўзбекистоннинг Советобод, Қўқон, Фарғона шаҳарларида, Қўрғонтепа ва бошқа туманларда қирғизистонлик ўзбеклар тўлиб кетмадими?..

Хуллас, шу тариқа СССР ҳам тарқалиб кетди. Энди мустақиллик бошланди. Мустақил равишда иқтисод ва сиёсатни олиб бориш мушкул иш ва қирғизларнинг ўзларини қўлидан келмайдиган иш бўлганлиги сабабли яна сиёсатни ўзгартиришди. Яъни, тушунмовчиликдан бўлиб ўтган 1990 йил июнь воқеаларини унутайлик ва дўстлигимизни тиклайлик, деган сохта сиёсат олдинга сурилди. Ўзбекларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ўзларининг марказлари бўлсин, биз уларга ёрдам берамиз, деган сўзлар билан ўзбек миллий марказларини ташкил қилишди. Сиёсий ва иқтисодий масалаларда ҳукумат ўзбеклардан фойдаланишга мажбур эди. Сайлов ва референдумлар чоғида ўзбекларнинг катта нуфуси барибир салмоқли эди. Шу сабаб президентдан тортиб, бошқа ҳамма катта-кичик сиёсатчилар ўзбек етакчилари билан алоқани яхши ҳолатда тутиб туришга мажбур эди. Аммо тобора ўзбеклар сиёсий ишлардан яна четлатила бошланди. Уларнинг асосий ишлари иқтисодиёт бўлиб қолди. Яъни, савдо–сотиқ, хунармандчилик, қурилиш ишлари-ю зироатчилик. Қарангки, 2005 йилларга келиб ўзбеклар яна кўпайиб кетди. Устига устак бойиб, юриш-туришлари хавас қиларли бўлиб қолди. Мана шу вақтда, туғма миллатчи, ўзбекларга қарши ғаразларини ичида сақлаб юрган Қ. Бакиев тахтга ўтириб қолди. Келгуси йилданоқ очиқдан-очиқ ўзбекларга қарши сиёсат механизмлари ишга тушиб кетди. 2009 йилга келиб, ўзбеклар, айниқса уларнинг миллий марказлари қоғозда бор, амалда эса йўқ ҳолатга келди. Айниқса, қирғиз сиёсатчилари ўртасида амал талашишлар бошланганида, ўзбек миллий марказлари раҳбарлари кимнинг тарафини олишга бошлари қотадиган бўлиб қолишди. Бунга энг яққол далил ўша сўнгги фожеали кунлардир. Апрель ойида Бишкекда содир этилган давлат тўнтаришидан кейин Бакиев Жалолободга қочиб келиб, ўзи ишга қўйган содиқ ҳизматкорларини жамлаб, мамлакат жанубида алоҳида “хонлик” барпо этишни мўлжаллади. Бу даврда, ўзбек миллий маркази етакчиларидан бўлган Қ. Ботиров кимнинг лагерига ўтишини билмай, бир чеккада боши қотиб турган эди. Мана шу таҳликали пайтда Вақтли ҳукумат яна ўзбекларга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Негаки, Жалолобод шаҳри ва атрофларидаги аксар қирғизлар ағдарилган президент тарафдорлари эди. Вақтли ҳукумат Омурбек Текебаев орқали Қ. Ботировга ёрдам сўраб мурожаат қилгач, у рад жавобини беришга журъат этолмади, чунки Бакиевнинг кетиши муқаррарлиги кўриниб қолган эди. Агар Қодиржон рад жавобини берса, вақтли ҳукумат ўзлари ғалаба қилганларидан сўнг ўзбекларга таъналар ёғдириб, уларни мутлақо четга суриб қўйишлари турган гап эди. Шу боисдан Қ. Ботиров ўзбекларни оёққа турғазди ва Жалолободда тартиб ўрнатишда асосий вазифани бажарди. Агар ўзбеклар шу ишни қилмаса эди, мамлакатнинг иккига бўлиниб кетиши кундай равшан эди. Аммо икки томондан ҳам қурбонлар бор эди. Бунда ўзбекларни айблашди. Шу вақтгача икки қарама–қарши лагерларда бўлган қирғизлар осонгина бирикиб, олдиндан тайёрланган режаларга кўра ўзбекларга қарши 2010 йил июнь қирғинини бошлаб юборишди. Бунинг даҳшатли оқибатлари эса бугун барчага аён.

Савол:

Ўзбеклар умумжамият ҳаётидан ажралиб, интеграция ўрнига ўзига хос бир маҳдудликда яшаб келганлари боис ҳам табиий тарзда жамиятдаги жараёнлардан бегоналашиб қолганлари тўғрисидаги айрим таҳлилчиларнинг қарашларига муносабатингиз қандай? Агар шундай бегоналашув бўлган экан, бунинг илдизлари нақадар чуқур эди? (яъни бунинг илдизларини тарихий-маданий жараёнларнинг ўзгачалигида ҳам кўриш мумкинми?)

Р. Гапиров:

Бу саволга ҳам юқоридаги жавобда тўхталиб ўтилди. Аммо, жараёнларнинг ўзгачалигига келсак, албатта бу нарса бор. Биринчидан, қирғизлар кўчманчи халқ бўлганлиги боис (буни ўзлари ҳам тан олишади) уларнинг тафаккур тарзлари дини Исломдан анча йироқда бўлган. Оддийгина мисол: қиз олиб қочиш анъанасини қирғизлар азалдан миллатнинг яхши одати, деб билишади ва бу ҳаром иш шу кунларгача ҳам давом этиб келяпти. Исломда миллатларга бўлиниб, миллатчилик қилиш ҳаром қилинган. Мана шу жараён ўзбекларда ҳам бор, қирғизларда эса ҳозирги кунда авж палласига чиққан. Яна бошқа шуларга ўхшаган ҳолатлар борки, булар икки миллат мусулмонларини бир-бирларига қарама-қарши қилмоқда. Шунинг учун, авваламбор мусулмонлигимизни, яъни, қирғиз билан ўзбек ака-ука биродар эканини англаб, исломий тафаккурда бирикишимиз лозим, деб ҳисоблайман.

Савол:

Айтилаётган маҳдудлашув ва бегоналашув ҳолатларини қайсидир маънода сўнгги фожеага олиб келган омилларнинг бири сифатида ҳам талқин қилиш мумкинми? Ҳар икки томон (қирғиз ва ўзбек томони) ҳамон муросасиз экан ва содир этилган қирғинда бир-бирини айблашда давом қилар экан, аслида ҳақиқат қаерда, ҳақиқий ҳолатнинг манзараси сизнингча қандай ва бу ўринда қарс икки қўлдан чиқиши ҳақидаги ибора нақадар ўринли (яъни ҳар икки томоннинг қонли воқеалардаги иштироки қанчалар мутаносиб бўлган)?

Р. Гапиров:

Бегоналашув ҳолатлари, албатта дини Исломдан йироқлашганликнинг оқибати. Қуръонда кўплаб оятлар ва пайғамбаримиздан ҳадислар борки, улар мусулмонларнинг бўлиниб яшашларини ҳаромлигини далиллаб турибди. Аммо, бизда бу нарса яққол кўриниб қолган. Ислом ва мусулмонлар ҳаёти ҳақида диссертация ёзаётган бир француз аёли 2009 йили Ўшга келган эди. Мен уни турли одамлар, имомлар билан учраштирганман. Бир ҳафтадан ошиқроқ юриб, хайрлашув олдидан менга айтган сўзи шу бўлганди: — “Бизда кофирлар мамлакати, аммо мусулмонлар бор. Сизларда эса мусулмонлар мамлакати, аммо мусулмонларни кам учратдим”. Хар икки томоннинг, яъни ўзбек ва қирғизнинг диндан йироқлашиб боргани, бойлик ва даромад орттириш йўлида бўлган нобоп бошлиқларни ўзларига сайлаб олганлари ва уларнинг яна бошқа кўплаб бўлмағур ишлари оқибат натижада июнь воқеаларига олиб келди. Мана шу ҳолатларда  қарс икки қўлдан чиққанлигига ишониш мумкин. Аммо барибир 2010 йил июнь қирғини К. Бакиев ва унинг гумашталари томонидан режаланиб, амалга оширилганига ҳеч бир шубҳа-гумон йўқдир.

Савол:

Фожеа кўлами катта бўлишига қарамасдан, орадан икки йил ўтар-ўтмас қирғиннинг унутила бошлаганига, матбуот воситаларида иккиламчи хабарлар қаторидагина тилга олина бошлаганига сабаблар нимада, деб ўйлайсиз?

Р. Гапиров:

Аллоҳ осмон ва ерни, улардаги маҳлуқларни яратди. Ердаги маҳлуқлар орасидан одамга ақлни бериб, ҳаммасидан устун қилди ва ҳаммасини одамга бўйинсундирди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳайвондан одамнинг нима фарқи бор? Одам фақат ақли билан фарқ қилади, холос. Энди яна ўйлаб кўринг: ўзини мусулмон санаган ҳар икки тарафдагилар бир-бирларини ўлдириб, куйдириб, аёллари ва норасида қизларини ота-оналари кўз ўнгида зўрлаб турса-ю, учинчи тарафдаги бошқа мусулмонлар ўйин-кулгу қилиб, “лимузин”ларда ЗАГС га чиқиб, зиёфатлар ботқоғига ботиб ётса ва қўли тирсагига қадар қонга ботган шаҳар бошлиқларини жазога тортишни лоақал талаб қилишмаса! Имомлари ўша бошлиқлар ҳаққига дуо қилиб туришса ва оппоқ соқоллари кўксига тушган мўйсафидлар ҳам бу имомларга жўр бўлиб дуога қўл очиб туришса! Уларнинг ҳайвонлардан нима фарқи бор энди?! Шунинг учун, матбуот воситалари ҳам тилсиз-забонсизлар ҳақида хабар тарқатишни секин-аста камайтирмоқда, деб ўйлайман. Ўш ва унинг атрофида бугун ҳукм сураётган вазият ҳақида қонун тилида айтадиган бўлсак: “жазосиз қолдирилган жиноят янги жиноятларни келтириб чиқаради”. 1990 йилги жиноят жазосиз қолдирилган эди, энди буниси ҳам шундай бўлса, яна бошқа, булардан ҳам зўр жиноятларни кутаверинг.

Савол:

Айни сўнгги фожеа оқибатида ўзбек аҳолиси, сизнингча, нималарни ва қандай мавқеларни бой берди? Ўзбекларнинг Қирғизистондаги келажагини қандай кўрасиз ва умуман, уларнинг қаршиларида турган чоралар нималарда кўринади? Бу ўринда “адолатни қарор топдириш” деган иборани сиз қандай тушунасиз?

Р. Гапиров:

Ўзбеклар, аввало ўзларининг ўзбеклигини йўқотди, улар ўз уйларида бегона бўлди. Оловга ем қилинганда улар ўз уйларини, ўлан тўшагини, кўз олдиларида беомон зўрланаётганда аёл ва фарзандларини мутлақо бой беришди, ғурурлар йўқолди. Ўзбеклар ҳаттоки асрлар давомида бобокалонлари ибодат қилиб келган масжидларини-да ҳимоя қилолмайдиган аҳволга келиб қолди. Бу нарсалардан ортиқ яна қандай йўқотишлар ҳақида гапириш мумкин? Агар шу ҳолатда кетаверса, ҳар икки томон ҳам этакларини йиғиштириб олмаса, бутун мамлакатнинг келажаги хор бўлиши, доимий ёрдамга муҳтож бўлиб, кўчалардаги гадойдан фарқи қолмаслиги муқаррар. Хунрезликларни режалаштириб амалга оширган қаттол шаҳар бошлиқларини жазолаб, ҳеч бўлмаганда уларни ишдан четлатмасдан туриб, ноҳақ қамалганларни ва қидирув эълон қилинганларнинг барчасини авф этиб ва мамлакатда адолатли сиёсат ўрнатмасдан туриб, “адолатнинг қарор топдирилиши” ҳақида гапириш ортиқча. Акс ҳолда, шу нарсалар бўлмас экан, талаш-тортишлар бундан сўнг ҳам давом этаверади.

 

Нодир Шамс