УКРАИНА САБОҚЛАРИ

Дунё сиёсий майдонида муҳим воқеалар етарлича бўлишига қарамай, сўнгги вақтларда халқаро кузатувчиларнинг асосий диққат-эътибори, шак-шубҳасиз, Украинада содир бўлаётган воқеаларга қаратилмоқда. Хозирда ҳукмрон бир қутбли дунёни ўзгартириш илинжида унинг ғолиб ва мағлуб марказлари ўртасидаги мураккаб ўзаро муносабатларда айнан ушбу инқироз жуда кескин ва муросасиз зиддият тусини олди. Эҳтимолки, ушбу инқироз туфайли юзага келган қалтиз вазият мутахассислар томонидан кутилаётган кўп қутбли дунё тартибига олиб келувчи акс кучига  айланмоқда.  Берлин девори вайроналарида Россиянинг қонуний хатти-ҳаракатларидан (ўз қаричи бўйича) жиддий саросимага тушиб қолган Шарқий Европа яна қайта жонланаётган Шимолий Атлантика альянси туфайли бўлғуси “Қўшилиш ва Ютиб юборишлар” дан ҳарбий-сиёсий фойда кутиб яшамоқда. Ғарб дунёқараши бўйича истило, шарқ дунёқарашига кўра эса мантиқий тўғри ечим сифатида таъкидланаётган Қрим ва Украинанинг жануби-шарқида юзага келган вазият қитъанинг Венадан шарқ томонида пайсалга солиб келинаётган хавфсизлик муаммоларини яққол намоён қилади. Бу эса, яқин ўтмишда бўлгани каби, айрим қизиққон “каллалар” стратегик ва оператив-тактик йиртқичларнинг ядровий тишлари ҳақида сафсаталарни авж олдиришига сабаб бўлмоқда. Бу воқеалар мустақиллик васвасаси даврида хаёллардан фаромуш бўлган минтақавий зиддиятлар собиқ совет маконининг ҳеч қаерида ҳали-ҳануз ўз ечимини топмаганини бутун дунёга эслатиб қўйди. Шунга боғлиқ равишда, ғарб ва рус дунёси қадриятларини танлаш масаласида худди шу тариқа иккига ажралиб турган Марказий Осиёдаги сиёсий элиталар Украина инқирозидан тегишли сабоқлар  олиши зарур ва муҳим саналади.

Биринчи сабоқ. Рус маданияти ва илмий тафаккури дунё тамаддунига салмоқли улуш қўшганига қарамай, Ғарб жаҳонда энг йирик ҳудудни тасарруф этаётган давлатга европача руҳдаги эмас, балки осиёча руҳдаги давлат сифатида қарайди. Уралдан то Тинч уммони қадар ястанган битмас-туганмас заҳираларга эга улкан ҳудуди ёки инсоният тарихида энг буюк ирқий-этник қоришувни мерос қилиб олганигина эмас, балки аксарият Кремль ҳукмдорларининг ташқи сиёсий тафаккуридаги ўзига хосликлар ҳам шунга имкон беради. Европа маданиятига мансуб шахснинг тараққиётига асрлар оша шаклланган қадриятлардан фарқли ўлароқ, шунингдек, айрим истисноларни ҳисобга олмаганда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида ҳам, ушбу давлатларнинг ҳар бири фуқаро устидан инерцион ҳукмронлик қилади. Бу ерда гап олий бошқарувчилар томонидан ҳокимият ноқонуний ўзлаштириб олинишидагина эмас, балки моҳирона бошқариладиган ахборот асрида маҳаллий аҳоли онгини адолатли ҳукмдор қудратига қаттиқ ишонтира олишда ҳамдир. Алмашилмас ҳокимиятга ҳалақит бермайдиган кўҳна Осиё тафаккурига анча хос хусусият. Оқибатда, ўзининг ҳозирги мутлақ мақомини сақлаб қолиш учун Москванинг ташқи сиёсати Б7 да ишончсизлик туғдирган ҳолда яна узоқ вақт ўз тараққиётини секинлаштирувчи асосий омил бўлиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Иккинчи сабоқ. Қачонлардир Киевдан томир ота бошлаган Қадимги Рус қудратли мамлакатга айланмасидан аввал тили ва маданий асослари, ташқи таҳдидлар ва эътиқоди билан асрлар оша аксарият шарқий славянларни  бирлаштирган. Шунга қарамай, халқларнинг азалий қардошлиги янги мустақил давлатларнинг миллий ўзлигини англаш жараёнида рўй бераётган агрессив этник миллатчилик хуружлари остида мағлубиятга учрамоқда. Зиддиятнинг бир томонидагилар тарихий қадр-қиммати камситилгани учун қандайдир тавба талабида бўлса, бошқа томондагилар ўзининг асрий манфаатларини ҳимоя қилиш илинжида. Бундай муросасиз вазият эса Украинанинг Днепр қирғоқлари бўйлаб қоқ иккига ажралиб кетишига таҳдид солмоқда. Бироқ дунё иккита Германияни, курашлар орқали ўз яхлитлигини сақлаб қолган Вьетнамни, 38-чи параллел бўйлаб ажратилган Корея яриморолини ҳали унутганча йўқ. Ушбу воқеаларнинг барчасида икки геосиёсий қутбнинг ҳарбий-стратегик курашида дипломатик қайд этишлар эвазига мамлакатлар сиёсий жиҳатдан иккига ажратиб ташланган. Бунинг оқибатида эса мағлуб томон ҳамиша ягона миллат бўлиб қолаверган. Агрессив миллатчилик орқали миллатлараро, динлараро кескинликни рағбатлантириш, гарчи бундай ҳаракат халқаро жиноий жавобгарликка тортилишига қарамай, буқалар учун энг жозибали қизил латта саналади. Шундай матони ушлаб турган матадор эса дунёнинг исталган мамлакатида давлат тўнтариши ясаши мумкин.

Учинчи сабоқ. Халқаро ҳамжамият аъзоларининг салмоқли моддий ва маънавий кўмакларига қарамай, Украина давлат бошқарувидаги тизимли парокандаликка барҳам беришнинг имкони бўлмаётир. Мамлакатда нафақат иқтисодий асослар, балки хавфсизлик тузилмалари таназзули, энг аввало, бошқарув инқирози ва мансабдор шахсларнинг ўта даражада коррупцияга мойиллиги билан боғлиқ дейиш тўғрироқ бўлади. Ўзаро курашаётган молия-саноат гуруҳлари мамлакатдаги асосий пул оқимлари устидан назоратни қўлга киритиш учун қандай кескинликка борганини ҳали кўпчилик унутмаган. Бундай манфаат талашувлари охир-оқибат ҳокимият учун шафқатсиз курашга олиб келиб, бунда давлат ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан ташқари хусусий  ҳарбий кучлардан ҳам фойдаланилади. Давлатнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий моҳияти ўзгариб, олигархлар манфаатига хизмат қила бошлаши ва уларга мойиллиги эртами-кеч давлат тунтарилишига олиб келади. Бундай ҳокимиятда эса ички сиёсий барқарорлик бўлмаслиги туфайли, аҳоли турмуш даражасининг пасайиши, иш ўринларининг қисқариши, ташқи ва ички қарзлар салмоғи ортиши каби иқтисодий фаолликнинг сусайиши туфайли жамиятда ижтимоий-сиёсий кескинлик юзага келади. Натижада бундай мамлакат тез орада дунё сиёсат майдонидаги ўз даражасини  тарк этишига тўғри келади.

Марказиё Осиё ўзининг геостратегик мавқеига қарамай, ҳатто Афғонистондаги  муваффақияти шубҳали бўлган халқаро миссиялардан кейин ҳам, барибир глобал манфаатлар тўқнашуви учун долзарб майдонлигича қолмоқда. Нафақат энергия ресурслари транзити бўйича, балки дунёнинг энг йирик иқтисодлари ўртасида халқаро савдо бўйича улкан салоҳияти билан янги Буюк Ипак Йўли дунё ҳукмдорлигига асосий даъвогарларнинг барча эътиборини шу минтақага жалб қилади. Шунга боғлиқ равишда, Марказий Осиё раҳбарлари олдида жиддий ички минтақавий ҳамкорлик масалалари ечимини келгуси авлодга қолдириш учун ҳеч қандай имкон қолмаган. Шунинг учун бегоналар хатоси, хусусан, Украина инқирози қисқа муддатли истиқболда Марказий Осиё бўйича олий  музокараларнинг ташаббускори учун муҳим шарт бўлиб хизмат қилиши лозим.

Алишер Навоий Институти

Яндекс.Метрика