Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашининг Универсал даврий шарҳи жараёнида  инсон ҳуқуқлари бўйича Қирғизистон ҳисоботи кўриб чиқилди – УДШ ишчи гуруҳи Қирғизистон ҳукуматига қатор тавсиялар келтирди

2015 йил 19 январда Швейцариянинг Женева шаҳрида инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашининг Универсал даврий шарҳ (УДШ) ишчи гуруҳи томонидан иккинчи марта Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият кўриб чиқилди. Қирғизистон бўйича дастлабки Универсал даврий шарҳ  2010 йил 3 майда бўлиб ўтган эди. 

УДШ доирасида Қирғизистон шарҳи учун асос бўлган ҳужжатларни ушбу веб-саҳифадан топишингиз мумкин: http://www.ohchr.org/EN/HRBodies/UPR/Pages/KGSession21.aspx 

Юқорида келтирилган ҳужжатларда Алишер Навоий Институти қизиқишлар доирасига кирувчи масалалар, жумладан, этник озчилик гуруҳларига нисбатан ирқий камситишларга қарши кураш, тазйиқ остида мажбуран иқрор қилдириш, қўпол муомала ва қийнаш ҳолларининг олдини олиш; 2010 йил июнда ўзбек ва қирғиз аҳолиси ўртасида юз берган қонли воқеалар билан боғлиқ кейинги вазиятни кузатиб бориш; мустақил суд ҳокимиятини таъминлаш, адолатли судлов ҳуқуқларини ҳимоялаш; журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари хавфсизлигини таъминловчи шарт-шароитлар яратиш ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ҳамда ҳуқуқшунослар/адвокатларга қарши йўналтирилган таҳдид ва тазйиқларга нисбатан чоралар кўриш масаласи ҳам кўтарилади.

23 январда инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашининг УДШ Ишчи Гуруҳи Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича якуний хулоса ва тавсияларини тақдим этди. 21 январда Алишер Навоий Институти УДШ Ишчи Гуруҳига Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати бўйича ўз тавсияларини юборди. Айни пайтда Қирғизистон бўйича УДШ Ишчи Гуруҳи тавсияларининг биринчи версияси олинган бўлиб, ҳозирча у фақат инглиз тилида. Улардан 2010 йил июнь воқеаларига алоқадор бўлган бандларни эълон қилмоқдамиз, норасмий таржима ўзимизники. 

Қирғизистон бўйича УДШ Ишчи Гуруҳининг Алишер Навоий Институти тавсиялари билан тўлиқ ёки қисман мос тушган тавсиялари (тавсиялар инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгаши УДШ аъзо мамлакатларнинг расмий вакиллари томонидан киритилган):

5.48. 2010 йил июнь воқеаларида ҳибсга олинган ва жазога ҳукм қилинган фуқароларнинг адолатли судлов ҳуқуқлари бузилиш ҳоллари ва қамоқда қўпол муомала ҳамда қийноққа солиш ҳоллари бўйича барча арзномаларни тергов қилиш. (АҚШ);

  • 53. Қийноққа солиш ҳоллари, ғайриинсоний ва қадр-қимматни таҳқирловчи муомала кўринишлари бўйича барча арзномалар, жумладан, 2010 йил июнь воқеаларига боғлиқ шундай ҳолатлар пухта тергов қилиниши ва айбдорлар жазога тортилишини кафолатлаш (Корея Республикаси);
  • 97. 2010 йил июнь воқеаларига боғлиқ равишда ҳибсга олинган аксарият фуқароларнинг шикоятларини тўлиқ ва холис кўриб чиқиш мажбуриятини олиш (Буюк Британия);
  • 98. 2010 йил июнь воқеалари жараёнида инсон ҳуқуқлари бузилишлари тергов қилиниши ва айбдорлар жазога тортилишини таъминлаш (Аргентина);
  • 99. 2010 йил июнь воқеалари жараёнида амалга оширилган қийноққа солиш ва жинсий тажовузлар бўйича арз қилинган барча ҳолатларни тергов қилиш (Мексика);
  • 124. Ижтимоий уй-жой унсурларини ўз ичига олувчи адекват уй-жой ҳуқуқини тўлиқ таъминлашга, шунингдек, 2010 йил июнь воқеалари жараёнида вайрон қилинган турар-жой мажмуаларини қайта тиклашга йўналтирилган Миллий Стратегияни ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш (Чили);
  • 131. Мамлакатдаги миллий ва этник озчилик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида толерантлик ва хилма-хилликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ташаббусларни давом эттириш (Арманистон);
  • 132. Миллий Бирлик ва Миллатлараро Ўзаро Муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича Давлат Дастурларини самарали рўёбга чиқариш орқали миллатлараро масалаларга муносиб эътибор қаратиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш (Малайзия);
  • 134. Қирғизистон халқини ифодаловчи этник ва маданий хилма-хиллик тўлиқ тан олиниши йўлида изчил ривожланишни давом эттириш (Никарагуа);
  • 135. Давлат хизмати ва ҳуқуқ-тартибот органлари сафларида этник озчилик вакиллари интеграциясига алоҳида эътибор қаратган ҳолда миллатлараро муросасозликни юзага келтириш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳаракатларни кучайтириш (Швеция).

Шунга қарамай, УДШ сессиясида иштирок этган Қирғизистон расмий делегацияси УДШ Ишчи Гуруҳининг якуний хулосаларида ёзма равишда келтирилган қуйидаги аниқ тавсияларни тан олиш ва қабул қилишдан бош тортди: 

  • Қуйидаги мамлакатлар Қирғизистонга Халқаро Жиноий Судининг Рим Статути (Устав) ни ратификациялаш ва ўз миллий қонунчилигини унга тўлиқ мутаносиб ҳолга келтириш бўйича тавсиялар киритди – Корея Республикаси, Латвия, Словения, Эстония, Португалия, Тимор Лесте, Венгрия, Парагвай, Польша, Руминия, Австрия ва Гана. Қирғизистон бўйича УДШ Ишчи Гуруҳи якуний хулосаларининг 6.1 дан 6.9 гача бандларига қаранг (ҳужжатнинг инглиз тилидаги версияси);
  • Германия томонидан Қирғизистон милицияси ва махсус хизматларига ишга қабул қилиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш таклифи киритилиб, уларда этник озчилик вакиллари ва аёллар нисбати мутаносиб бўлишини таъминлаш лозимлиги айтилди (Қирғизистон бўйича УДШ Ишчи Гуруҳи якуний хулосаларининг 6.17 банди, ҳужжатнинг инглиз тилидаги версияси);
  • Канада, Чехия Республикаси ва Польша томонидан Қирғизистон этник, диний ҳамда жинсий аломатлар бўйича камситишларни бартараф этишга йўналтирилган миллий қонунчилигини қайта кўриб чиқиши ва мустаҳкамлаши бўйича тавсиялар киритилди (Қирғизистон бўйича УДШ Ишчи Гуруҳи якуний хулосаларининг 6.18, 6.19 ва 6.20 бандлари, ҳужжатнинг инглиз тилидаги версияси);
  • Норвегия 2010 йил июнь воқеалари жараёнида ва ундан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан шафқатсиз муомала қилинган барча ҳолатлар бўйича шаффоф терговни таъминлашни ва ўзбошимча ҳибсга олиш, ҳибсга олинганлар, айниқса, мамлакатнинг жанубий ҳудудларидаги этник ўзбек вакилларига нисбатан қийноқлар қўллашни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўришни тавсия қилди (Қирғизистон бўйича УДШ Ишчи Гуруҳи якуний хулосаларининг 6.25 банди, ҳужжатнинг инглиз тилидаги версияси);
  • Испания Қирғизистонга Сув Масалалари бўйича Миллий Стратегия ишлаб чиқиш ва қабул қилишни, Қирғизистон ва унинг минтақа бўйича қўшнилари ўртасида ҳамкорликни яхшилашга имкон берувчи сув ва гидроэнергетик масалаларни тартибга солувчи минтақавий механизмлар яратилишини қўллаб-қувватлашни таклиф қилди (Қирғизистон бўйича УДШ Ишчи Гуруҳи якуний хулосаларининг 6.27 банди, ҳужжатнинг инглиз тилидаги версияси).

Қирғизистон ушбу тавсияларни ҳеч  қандай изоҳсиз рад қилди. Лекин сабаби усиз ҳам равшан деб ўйлаймиз. Алишер Навоий Институти Қирғизистон ҳукумати томонидан тан олинган УДШ Ишчи Гуруҳи тавсиялари қандай бажарилишини ўрганишда давом этади. 

 

Алишер Навоий Институти

 

Яндекс.Метрика