Қирғизистон этник мазмундаги истиҳолалар баҳонаси билан Қийноқларга қарши миллий марказ ҳақидаги Қонунга ўзгартиришларни режалаштиряпти

Олинган хабарларга кўра, айни пайтда Қирғизистон этник мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда “Қирғиз Республикасининг қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турлари ҳамда жазолардан олдини олиш бўйича Миллий маркази тўғрисида” Қонунга (кейинги ўринларда “Қонун”)  ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Қонун 2012 йил 12 июлда қабул қилинган. Ушбу Қонунга мувофиқ, 2014 йилнинг бошида Қирғизистонда қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турлари ёхуд жазолардан олдини олиш бўйича Миллий марказ шакллантирилди (кейинги ўринларда “Миллий марказ”). Қайд қилиш жоизки, бундай қонун қабул қилиниши ҳам, Миллий марказ шакллантирилиши ҳам Қирғизистонни БМТнинг қийноқларга қарши Конвенциясининг факультатив протоколидан (ҚҚКФП) келиб чиқувчи мажбуриятларга мувофиқлаштириш бўйича асосий талаблар ҳисобланади. Бу Қирғизистонда миллий превентив (олдини олиш) механизм ўрнатиш (МПМ) ва унинг асосий ваколатларини белгилаш асосида амалга оширилади. Қирғизистон 2008 йил 29 декабрда қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ҳамда қадр-қимматни камситувчи муомала турлари ва жазоларга қарши Конвенциянинг Факультатив протоколига қўшилган.

“Қирғиз Республикасининг қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турлари ҳамда жазолардан олдини олиш бўйича миллий маркази тўғрисида” Қонунига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилаётган янги қонун лойиҳасига мувофиқ,  Миллий марказ Мувофиқлаштириш кенгашининг камида 70% аъзоси Қирғизистондаги асосий миллат вакиллари бўлиши лозим. Қирғизистон қонунчилик вакиллари ва Миллий марказ раҳбарияти ушбу таклиф фақатгина мамлакатнинг миллий манфаатларини кўзлаб киритилганини айтиш билан чекланиб, бунга ҳеч қандай тушунтириш бермаяпти.

Миллий марказда гендер ва этник таркибига кўра турлича 26 та ходим ишлайди. Улар бутун  Қирғизистон бўйича тарқалган еттита идорада фаолият юритади. Миллий марказ ходимлари ҳуқуқшунослар, руҳшунослар, ижтимоий ходимлар ва бошқалардан иборат турли мутахассислардир. Миллий марказ ходимлари учун дахлсизлик кафолатланган. Мувофиқлаштириш кенгаши Миллий марказнинг олий органи ҳисобланиб, Қирғизистон Жогорку Кенеши фуқаролик жамияти ва Омбудсмен вакилларидан иборат.

Миллий марказ Мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари учун 70% лик квота жорий қилиш бўйича кўриб чиқилаётган ўзгаришлар БМТнинг қийноқларга қарши Конвенцияси факультатив протоколининг 18(2) моддасига зид саналади:

“…миллий превентив механизм экспертлари зарурий салоҳият ва касбий билимларга эга бўлиши лозим. Улар [Иштирокчи давлатлар] гендер баланси ҳамда мамлакатдаги этник гуруҳлар ва миллий озчилик вакиллари сони мутаносиб бўлишига ҳаракат қилади” (таъкид бизники – Алишер Навоий Институти).

Кўриниб турибдики, Факультатив протокол касбий билимлар ва Миллий марказ Мувофиқлаштириш кенгаши аъзоларининг тажрибасига асосий урғу беради. Гендер баланси ва мамлакатдаги этник гуруҳлардан вакилларни таъминлашга келсак, Факультатив протоколда иштирокчи давлатлар фақатгина аҳоли ўртасида этник гуруҳларнинг статистик кўрсаткичларидан келиб чиқиб кўпчилик вакил асосий миллатдан бўлишини эмас, балки гендер баланси ва миллий озчилик вакиллари иштирокини таъминлашга ҳаракат қилиши кераклиги айтилади.

Қийноқларга қарши БМТ Қўмитаси 2010 йилда ўзининг миллий превентив механизмлар бўйича асосий тамойилларида қуйидагиларни қайд қилиб ўтган:

“…миллий превентив механизм аъзолари самарали фаолият юритиш учун зарур билим ва тажрибаларни жамоавий ўзлаштирган бўлиши лозим”.

2012 йил сентябрда Қийноқларга қарши БМТ Қўмитасининг делегацияси Қирғизистонга ташриф жараёнида қийноқлардан олдини олиш бўйича миллий механизм яратишга нисбатан қирғиз ҳукуматидан қуйидаги аниқ талабни қўйди:

“…МПМ таркибида қийноқлардан олдини олиш бўйича кўп тармоқли экспертиза шакллантирилиши ва у мамлакатнинг асосий этник гуруҳлари ҳамда миллий озчиликни муносиб ифодалай олишига ишонч ҳосил қилиш”.

Қонунга таклиф қилинаётган ўзгартириш Миллий марказ Мувофиқлаштириш кенгашига аъзоликка асосий миллат учун 70% квота бўлишини кўр-кўрона, ҳеч қандай мантиқий асоссиз илгари сурмоқда. Устига-устак, Қонунга ўзгартиришлар ҳақида қонун лойиҳаси муаллифлари таклиф қилинаётган асосий миллат учун квоталаш тизими Факультатив протокол доирасида иштирокчи давлатнинг қатъий мажбуриятларига қандай жавоб беришини мутлақо асосламайди. Чунки бунда миллий превентив механизм экспертлари, аввало, касбий билим ва тажрибаларга эга бўлиши лозимлигига эътибор қаратилмаган. Бундан ташқари, Миллий марказда асосий миллат учун квоталаш тизими Қирғизистон Конституциясининг 2-моддасига зид саналади. Унга кўра: “Давлат қонун билан белгиланган турли ижтимоий гуруҳларга давлат органлари ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларида, жумладан, қарор қабул қилиш даражасида вакиллик учун шарт-шароитлар яратади”.

Шунингдек, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларида этник озчилик вакиллиги масаласи бўйича кўп йиллик салбий тенденцияни ҳам ҳисобга олиш зарур (буни қийноқ ва шафқатсиз муомаланинг асосий сабаби дейиш мумкин). Ҳуқуқ-тартибот органларида, суд корпусида, ҳукумат муассасалари ва муниципал органларда этник озчилик вакиллари сони кўп йиллардан бери жуда камлиги қайд қилинади. Расмий статистика қуйидагича кўриниш олган. Масалан, асосий миллат ҳисобланувчи қирғизлар ички ишлар органлари ходимлари умумий сонининг 92,7% ини ташкил қилади. Суд корпусида: 93,5% (2010 йилги маълумотларга кўра 436 судьядан 408 таси) қирғизлар ҳисобланади, прокурорлик корпусида эса фақат 7,5% (53 прокурордан фақат  4 нафар одам).[1] Агар Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларида асосий миллат улуши усиз ҳам 90% дан зиёд бўлса, агар Миллий марказ фаолияти чинакамига қийноқ ва бошқа турдаги шафқатсиз муомалалардан олдини олишга қаратилган бўлса, агар фуқароларга нисбатан қийноқ ва шафқатсиз муомала ҳолатларининг аксарияти ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи ходимлар томонидан амалга оширилиб, мустақил суд ва прокуратура органлари томонидан тергов қилинмаётгани аниқланган бўлса, у ҳолда миллий превентив механизм экспертларининг 70% и асосий миллат вакилларидан иборат бўлиши қандай қилиб қийноқ ҳолатларининг олдини олишга ёрдам бериши мумкин? Бундан фақатгина иккита жўяли хулоса чиқариш мумкин: Қирғизистон ёки ўзини ўзи алдаш билан овора, ёки ҳақиқатдан ҳам мустақил миллий превентив механизм яратишдан манфаатдор эмас.  

Ўз вақтида, 2011 йили Қирғизистон ҳукумати Миллий марказ ташкил этилиши ҳақида маълум қилганда, Алишер Навоий Институти бу янгиликни самимий  қизиқиш билан қарши олган эди. Чунки июнь воқеалари бўйича жиноят ишларининг аксариятида, мустақил кузатувчилар таъкидлашича, қийноқлар ва шунга ўхшаш муомала кўринишлари қўлланилган. Биз биринчилардан бўлиб Қонун қабул қилиниши ва Миллий марказ ташкил этилишини маъқуллаб, Миллий марказ 2010 йилги июнь воқеалари жараёнида қийноқлар ва шафқатсиз муомала бўйича кўп сонли далилларни мустақил тергов қилиш ташаббуси билан чиқишига умид қилган эдик. Гарчи Миллий марказ аллақачон фаолият юрита бошлаган бўлса-да, июнь воқеалари жараёнида юз берган қийноқлар ва шафқатсиз муомала бўйича барча далилларни мустақил ва тўлиқ тергов қилишни ҳозирча бошлай олмади.

Миллий марказ фақатгина превентив, олдини олиш ваколатларига эга, ўтмиш воқеа-ҳодисаларини тергов қилиш унинг вазифасига кирмайди, деб бизга эътироз билдирилиши мумкин. Аммо бундай ёндашувга қарши бизда иккита ишончли далил мавжуд. Биринчидан, июнь воқеалари жараёнидаги қийноқлар ва шафқатсиз муомала кўринишлари ўзининг кўламига кўра ҳеч қачон унутилмайди. Бу ҳатто ўтмиш эмас, балки кечаги кун воқелиги. Уларни мустақил ва тўлиқ тергов қилмай туриб, қийноқлар бўйича янги ҳолатлардан, умуман, Қирғизистонда қийноқ усули қўлланилаётганидан олдини олиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмас. Миллий марказ ва Қирғизистон ҳукумати 2010 йил июнь воқеалари жараёнидаги қийноқлар ва шафқатсиз муомала далилларини мустақил ва тўлиқ тергов қилмай, ҳаммасини шунчаки бошидан бошлай олмайди. Иккинчидан, 2010 йил июнь воқеалари билан боғлиқ равишда маҳаллий ўзбек аҳолисига нисбатан очилган кўп сонли жиноий ишларида қийноқлар ва шафқатсиз муомалалар бўйича ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд. Бундан ташқари, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларининг мамлакат жанубидаги маҳаллий ўзбек аҳолисига нисбатан нохолис ва таҳқирловчи муносабати давом этмоқда. Шундай ишларда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан этник озчилик вакилларига нисбатан товламачилик ва шантаж ҳаракатларига параллел равишда шафқатсиз муомала қилиниши ҳам асл воқелик ҳисобланади. Шу каби ҳолатлардан олдини олиш, мустақил тергов ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш Миллий марказнинг асосий вазифаси саналади. Агар айбдорларни жавобгарликка торта олмаса, Миллий марказ қандай қилиб қийноқлар ва бошқа турдаги шафқатсиз муомалаларнинг олдини олиши мумкин?     

 

Маълумот тарзида:

 

Ҳозирги кунда Қирғизистонда қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турлари ва жазолардан олдини олиш бўйича Миллий марказ директори лавозимида Бакит Рисбеков фаолият юритмоқда. Қийноқлардан олдини олиш бўйича Миллий марказ  қийноқлар ва шафқатсиз муомалаларни бартараф қилишда ваколатли саналади. Назарий жиҳатдан Миллий марказ қуйидаги ишларни ҳам амалга ошириши лозим:

 

  • давлат органи (мансабдор шахс) буйруғига кўра ёки унга маълум қилинган ҳолда айбланувчи шахс жойлаштирилган ёки жойлаштирилиши мумкин бўлган ҳамда у ерни ўз хоҳиши билан тарк эта олмайдиган озодликдан маҳрум қилиш ёки чеклаш жойларига, руҳий ва ижтимоий муассасаларга мунтазам ташриф буюриш (бундай ташрифлар ихтиёрий вақтда ва олдиндан олдини олишсиз амалга оширилиши мумкин);
  • қамоқда сақлаш шарт-шароитларини ҳамда озодликдан маҳрум қилинган шахсларга муносабатни яхшилаш бўйича тегишли органлар учун тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан хабардорлик ва бунга нисбатан муросасизлик маданиятини юксалтириш;
  • қийноқлар ва шафқатсиз муомалаларга қарши кураш тўғрисида қонунларни яхшилаш ва янги қонунлар қабул қилиш бўйича қонунчилик вакилларига кўмаклашиш;
  • Қирғизистонда қийноқларга қарши кураш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти ва Омбудсмен билан ҳамкорлик қилиш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
  • индивидуал ишларни келгуси тергов учун ваколатли органларга жўнатиш;
  • қийноқларни бартараф қилиш бўйича ўз фаолияти ҳақида ҚР Жогорку Кенешига маъруза тақдим этиш (қўшимча маълумотлар учун шу манбага қаранг: http://www.advocacy.kg/index.php/1817-11-sentyabrya-2014-natsionalnyj-tsentr-po-preduprezhdeniyu-pytok-otvety-na-chasto-zadavaemye-voprosy)

 

Қонунга мувофиқ, Миллий марказ қийноқлар бўйича индивидуал шикоятларни кўриб чиқиш ва тергов қилиш ваколатига эга эмас. Бунга прокуратура органлари, суд органлари ва Омбудсмен ҳақли ҳисобланади. Бироқ Миллий марказ мониторинг кузатишлар жараёнида аниқланган ҳолатлар бўйича ваколатли органларга хабар бериши мумкин.

 

Миллий марказ билан алоқа учун маълумотлар:

 

Бош идора: Бишкек, Медеров кўчаси, 42, 301-хона, тел.   (+996) 312 88-09-93, телефакс: (+996) 312 54-17-13

E-mail: [email protected]

Skype: npm.kyrgyzstan

 

Ўш шаҳри, Ўш области ва Жанубий минтақа  бўйича ваколатхона: Ўш, Ленин кўчаси, 221, тел. (+996) 3222 5-60-73

Телефон: (+996) 550 425 206 (узлуксиз)

E-mail: [email protected]

 

Алишер Навоий Институти

 

[1] Ирқий камситишларни тугатиш бўйича БМТ Қўмитасига Қирғизистон Республикасининг ирқий камситишларнинг барча шаклларини тугатиш ҳақида Халқаро конвенция бажарилиши ҳақида бешинчи, олтинчи ва еттинчи даврий маърузалари, 2013 йил 18-19 февраль.

Яндекс.Метрика