ҚИРҒИЗИСТОН: ЖАНУБИЙ ҚИРҒИЗИСТОННИНГ ЎЗБЕК ЛИДЕРИГА НИСБАТАН ЧИҚАРИЛГАН ЯНГИ ҲУКМ ХАЛҚАРО ОДИЛ СУДЛОВ СТАНДАРТЛАРИНИНГ ҚЎПОЛ РАВИШДА БУЗИЛИШИДИР

Ўш шаҳар судининг 2014 йил 23 октябрдаги ҳукми билан 2010 йил июнда Ўш ва Жалолобод областларида содир бўлган оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбдор деб топилган маҳаллий ўзбек аҳолиси етакчилари Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасулов умрбод озодликдан маҳрум қилинди, Кароматхон Абдуллаева эса 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ушбу ҳукм сиртдан чиқарилди, чунки олдинроқ Қирғизистон ҳукумати илтимосномасига кўра жиноий иш қатнашчиларига нисбатан Интерпол линиялари бўйича қидирув эълон қилинган эди.

Алишер Навоий Институти фақат яқиндагина ушбу ҳукм нусхасини олишга муяссар бўлди. Уни ўрганиш ва ҳукмнома матнини 2010-2011 йилларда ўзбек лидерларининг жиноий ишлари бўйича Қирғизистон судларининг аввалги қарорлари билан солиштириш асносида шундай хулосага келдикки, жанубий Қирғизистоннинг ўзбек лидерларига нисбатан сиртдан чиқарилган янги ҳукм халқаро одил судлов стандартларини қўпол равишда бузади. Суд сиртдан айбдор деб топган ҳолда судланувчиларни нафақат ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди, балки Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасуловга айни бир жиноят бўйича иккинчи марта ҳукм чиқарди. Қ. Ботиров ва И. Абдурасулов мол-мулки мусодара қилинган ҳолда иккинчи марта умрбод озодликдан маҳрум қилинди.  2010 йил 28 октябрда Қ. Ботиров ва И. Абдурасулов 2010 йил июнда мамлакат жанубида этник тўқнашувлар уюштирганлиги учун Жалолобод шаҳар суди томонидан  Қирғизистон Жиноят кодексининг “Оммавий тартибсизлик уюштириш ва унда қатнашиш”, “Айирмачилик фаолияти” ва “Миллатчилик, ирқий, диний ёки минтақавий адоват қўзғатиш” моддалари бўйича мол-мулки мусодара қилинган ҳолда сиртдан умрбод озодликдан маҳрум этилганди. Ўш шаҳар суди 2014 йил  23 октябрдаги янги ҳукми билан айни бир шахсни айни бир жиноят учун такроран жавобгарликка тортишга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида умумтан олинган ҳуқуқ тамойилини ҳам бузмоқда.  

Эслатиб ўтамиз, Қодиржон Ботиров — ўтмишда “Ватан” сиёсий партияси раҳнамоси, Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети асосчиси, Қирғизистон ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти, Қирғизистон Жогорку Кенеши экс-депутати, мамлакатнинг энг муваффақиятли тадбиркорларидан бири эди. Иномжон Абдурасулов ва Кароматхон Абдуллаева ҳам Қирғизистон ўзбек миллий-маданий марказининг етакчилари қаторида тилга олинарди. 500 дан кўпроқ одам, асосан, ўзбек аҳолиси қурбон бўлган Қирғизистон жанубидаги қонли этник тўқнашувлардан сўнг, мамлакат ҳукумати Қодиржон Ботиров ва бошқа ўзбек лидерларини фитна ва зиддиятлар авж олдиришда айблади. Қ. Ботировнинг ўзи бундай айбловларни қатъий инкор қилади. Зиддиятдан сўнг кўп ўтмай мамлакатни тарк этиб, узоқ вақт қаерда эканини яшириб юради. Кейинчалик унга Швециядан сиёсий бошпана берилгани ойдинлашади.

Ўзбошимча айблов ҳукмлари Қ. Ботиров, И. Абдурасулов ва К. Абдуллаевадан бошқа ўзбек лидерларини ҳам четлаб ўтмади. “ЎшТВ” хусусий телекомпанияси эгаси ва президенти Халилжон Худойбердиев ва Абдураҳмон Абдуллаевнинг мол-мулки мусодара қилиниб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди. “Мезон” хусусий телекомпанияси эгаси ва директори Жавлон Мирзахўжаев 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, Махаматрасул Абакжановга 3 йиллик шартли қамоқ жазоси тайинланди.

Қайд қилиш керакки, ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилотларининг аксарияти Ўш воқеалари билан боғлиқ суд ишларини кўриб чиқиш жараёнида кўплаб процессуал қонунбузарликлар содир этилганига ишора қилади. Хусусан, қурбонларнинг кўпчилиги ўзбек миллатига мансуб бўлишига қарамай, асосан ўзбеклар суд таъқибига учрагани танқид остига олинади. Қирғизистон жанубидаги ўзбек лидерларининг жиноий ишлари бўйича, жумладан Қ. Ботиров, И. Абдурасулов ва К. Абдуллаева ишлари бўйича суд жараёнларида одил судлов стандартлари қўпол равишда бузилган. Улар сиёсий ва буюртма характерида бўлиб, 2010 йилги июнь воқеаларининг ҳақиқий сабабчилари ва буюртмачиларидан, аниқроғи, ўшанда ва ҳозир ҳам Қирғизистон ҳукумати ҳамда парламентида ўтирган қирғиз сиёсатчилари ва давлат амалдорлари орасидаги айбдорлардан жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун хизмат қилди.

2010 йил июнда республика жанубида содир бўлган фожиавий ҳодисаларнинг сабаб ва оқибатларини тергов қилиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича Миллий комиссия (Қирғизистон) докладига мувофиқ,  2010 йил 10 декабрь ҳолатига кўра тезкор тергов гуруҳи томонидан 5162 та жиноят иши қўзғатилган. Шу асосда 306 нафар шахс ҳибсга олинган. Уларнинг 271 тасига нисбатан, жумладан, қирғиз миллатига мансуб  39 та, ўзбек миллатига мансуб 230 та, бошқа миллатга мансуб 2 та шахсга нисбатан қамоқ жазоси қўлланилган.  35 та шахсга эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари кўрилган. 2011 йил 25 февралда “24.kg” қирғиз ахборот  агентлиги мамлакат бош прокуратураси июндаги тартибсизликлар бўйича қўзғатилган 4000 дан зиёд жиноят ишини тўхтатиб қўйганини хабар қилди. Аксарият жиноят ишларининг тергови “жиноий жавобгарликка тортилувчи шахс аниқланмаган”лигига боғлиқ равишда тўхтатиб қўйилган. Тўхтатиб қўйилган ишлар қай аҳволда экани ҳозиргача номаълумлигича қолмоқда.

Бироқ қирғиз ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро кузатувчилар қайд қилишича, амалга оширилган ҳибсга олишлар, қолган жиноят ишлари бўйича қирғиз ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилаётган тергов ишлари ва суд жараёнларида инсон ҳуқуқлари жиддий бузилиб, миллатчилик нуқтаи назаридан ва ўзбек миллатига мансуб шахслар учун олдиндан тайёрлаб қўйилган айблов ҳукмлари билан олиб борилган.

“Адолат” қирғиз ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти директори Валентина Гриценконинг айтишича, у ўрганган 2010 йилги жиноят ишлари бўйича 41 нафар ўзбек ва иккита қирғиз судланган. Айб нисбати шундай тақсимланган. Шунинг учун бўлса керак, ҳуқуқ ҳимоячиси этник инқирознинг иккинчи тўлқини юз бериш эҳтимоли юқори эканини қайд қилади: “Пружинани қанча чўзма, у барибир ўз ҳолига қайтади. Бир куни одамлар энди қўрқадиган ҳеч нарса қолмаганини, даҳшатли ҳамма нарса аллақачон содир бўлиб улгурганини англаб етади. Шунда шууримиздаги ўч олиш ҳисси юзага қалқиб чиқади. Шундай бўлиши мумкин, чунки уларга (ўзбекларга) нисбатан жуда адолатсизлик қилинмоқда”. Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳибсга олишларнинг тўлқинсимон тусда эканига эътибор қаратади. Унинг кузатишларига кўра, дастлабки ҳибслар зиддиятдан кейиноқ бошланган. Қанчадир вақт ўтгандан кейин ҳибсларнинг иккинчи тўлқини кузатилиб, бунда кўпроқ бадавлат одамлар ҳибсга олинади.[1]

Ҳуқуқ ҳимоячилари тергов органлари томонидан қўпол қонунбузарликка йўл қўйилган бошқа ҳолатларга ҳам ишора қилади. Қирғизистондаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилотининг жанубий бўлими июнь воқеалари билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича айбланаётган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатди. “Жаҳонгир Бозоров аллақачон 23 йилга озодликдан маҳрум қилинган. У ҳалок бўлган шахсга тегишли уяли телефон топиб олган. Милиция Бозоровни аниқлагач, уни қамоққа олишмайди, балки келиб тушунтириш хати ёзишни сўрайди. У қочиб кетиши ҳам мумкин эди, лекин кўнгилли равишда онаси билан кўрсатма бериш учун келади. Уни ўша ерда қамоққа олишади”, дейди  ташкилот вакили. Ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳикоя қилишича, айрим ҳолларда жабрдийда тергов жараёнида кутилмаганда айбдорга айланиб қолади. “Бизга Сайдарова Хидоятхон мурожаат қилиб, тартибсизликлар вақтида ўт қўйганларни ушлаб олганини, лекин милицияга топшириш имкони бўлмаганини айтади. Чунки уларни чақиргани билан ҳеч ким келмаган. Эртасига эса улар ўт қўйган кимсаларни МХХга топширади, у ерда уларга миннатдорчилик билдиради. Энди эса ўғлининг ўзи панжара ортида ўтирибди. У ўт қўйганларни ноқонуний равишда озодликда маҳрум этганликда айбланди. Чунки улар бирдан жабрдийдага айланиб қолди”, — дейди Фуқаролар коррупцияга қарши ташкилоти вакили.[2]

Қирғиз ҳуқуқ ҳимоячилари гувоҳлик беришича, қонунбузарликлар деярли  гумондорларни ҳибсга олиш пайтиданоқ бошланган. 2010 йилги этник зиддиятлар бошлангандан сўнг дастлабки ҳафталарда ҳибсга олишлар жараёнида бундай қонунбузарликлар оммавий тус олган. “Фуқаро кийимидаги милиция ходимлари рухсатсиз тинтув уюштиришган, ўзларини таништирмаган, ҳибсга олиш сабабини тушунтиришмаган. Асосан, аҳолининг ўзбек миллатига мансуб вакиллари қамоққа олинган. Одамлар у ёки бу ишга алоқадор бўлиб қолмаслик учун ўзини “қутқариш”га мажбур бўлганда милиция томонидан товламачилик қилинган ҳолатлар ҳам оз эмас. Лекин товламачи устидан шикоят қилишдан фуқаролар қўрқади. Биз улардан расмий арзнома ёзиб беришни сўрадик.  Лекин улар қутулиб қолганидан хурсанд, у ёғини суриштиришни хоҳлашмайди, чунки бундан баттар бўлишидан қўрқишади “, — дейди Ўшдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича адвокатлик маркази” раҳбари Жениш Тороев.

2010 йилги июнь воқеалари жараёнида қилинган жиноятларни тергов қилиш бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ишини шарҳларкан, Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Роза Отунбаева мурасосозлик ва кечиримлиликнинг асосий омили “ушбу фожиавий воқеаларнинг барча айбдорларини жавобгарликка тортиш ва адолатли жазолаш” эканини қайд қилган эди. Отунбаева республиканинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва судлар бир миллат ёнини олиб, бошқаси “ҳуқуқининг ошкора поймол этиши”га зинҳор йўл қўйиб бўлмаслигини айтади. “Мамлакат жанубидаги иккала областнинг ҳуқуқ-тартибот органларидан асоссиз ҳибсга олишларга, жиноят-ижроия кодексига хилоф равишда жиноят ишлари қўзғатилиши ва тергов қилинишига, сўроқларда рухсат этилмаган усуллар қўлланишига, товламачилик ва порахўрликка йўл қўйиб бўлмаслигини қатъий талаб қиламиз Шундай қонун посбонлари аёвсиз жазоланади”, — дейди Отунбаева.[3] Лекин асл воқеликда бу каби баёнотларқ фақатгина эзгу тилак бўлиб, мамлакат жанубида ҳукумат ожиз қолганидан дарак берарди.

“Фарғона” халқаро ахборот  агентлигига берган интервьюсида (2011 йил 14 январь) “Озодлик овози”  қирғиз жамоатчилик фонди раҳбари Сардор Багишбеков шундай дейди: “Июнь воқеалари қийноқлар оқимини бошлаб, милиция ва ХХДҚ ходимларининг бутунлай ўзбошимчалигига йўл очиб берди. Биз ҳатто солиқ полициячилари томонидан қийноқ усули қўлланилаётгани ҳақида эшитдик. Жанубни ижтимоий қўллаб-қувватлаш эса ҳанузгача сезилмаяпти: кўпчилик ўзбекларга нисбатан қилинаётган қийноқларни табиий ҳолдек қабул қилмоқда. Бугунга келиб қийноқларга шундай муносабат шаклланди”.

Июнь воқеалари бўйича жиноят ишларини шарҳларкан, “Фуқаролар коррупцияга қарши” қирғиз ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакиллари Багишбеков хулосаларини қўллаб-қувватлади: “Деярли барча ишларда айбдорлар ўз айбини тан олмоқда, лекин улар буни шунчаки қилишмайди-ку. Бундай айбловларга ноқонуний йўллар, айнан эса қийноқ усулини қўллаш билан эришилмоқда. Лекин қийноқларни қайд қилиш мушкул, чунки мустақил органлар йўқ. Терговчилар, прокурорлар, судмедэкспертлар — ҳаммаси келишиб олган”. Кимнидир қийнашганини исботлаш деярли мумкин эмас. Бу ерда адвокатлар ҳуқуқи чегараланган, мустақил судмедэкспертиза органлари эса мавжуд эмас. Лекин кўпчилик айбланувчилар қийноқ туфайли “айби”га иқрор бўлаётганига ташкилот шубҳа қилмайди.[4]

“Хьюман Райтс Ватч” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ўзининг “Бузилган адолат” номли ҳисоботида Қирғизистон жанубида рўй берган 2010 йилги июнь воқеаларига алоқадор жиноят ишлари бўйича айбланувчилар қийноққа солинганини қайд қилади. Шунингдек, гумондор ва судланувчиларнинг асосий қисми ўзбек этник гуруҳига мансублиги айтилади. Доклад муаллифлари бундай ҳуқуқ-тартибот амалиёти миллатлараро муросасозликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга путур етказиб, кескинликни келтириб чиқариши, бу эса эртами-кечми янги зўравонлик тўлқинига айланиши мумкинлигини эътироф этади.

Аксарият кузатувчилар фикрича, 2010 йилги июнь воқеаларидан кейинги даврда инсон ҳуқуқлари бузилишининг чегараси сифатида Қирғизистон адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳужумларни айтиш мумкин. Июнь воқеаларига алоқадорликда айбланган шахсларни ҳимоя қилаётган адвокатлар жабрдийдаларнинг қариндошлари уларга мунтазам таҳдид солаётгани, баъзида эса  адвокатлар дўппосланаётганини баён қилишади. Бундай қонунбузарликлар суд биносида ёки унга яқин жойларда тез-тез содир бўлади. Шу маънода маҳаллий адвокатлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари айтган воқеалар эътиборга молик.

Қирғизистон судлари ўзбек лидерларига нисбатан жиноят ишларини кўриб чиқишда ҳуқуқ-тартибот органларининг юқорида қайд қилинган қўпол қонунбузарликларини ҳисобга олиши, суд хатоликлари ва одамларнинг ноқонуний қамоққа олинишини истисно этиш чораларини кўриши лозим.

Алишер Навоий Институти

[1]  «Все на мести», Искандер Аманжол, Огонек, 11 июля 2011 г.

[2]  «Правозащитники: Расследование уголовных дел по беспорядкам на юге Кыргызии идет с нарушениями», Немецкая волна, 27 сентября 2010 г.

[3]  «Для восстановления межнационального мира на юге Кыргызии потребуются годы – Отунбаева», РИА Новости, 30 августа 2011 г.

[4]  «Правозащитники: Расследование уголовных дел по беспорядкам на юге Кыргызии идет с нарушениями», Немецкая волна, 27 сентября 2010 г.

Яндекс.Метрика