Ҳукумат «Мурувват»и

Фашизм устидан ғалабанинг 70 йиллиги кўплаб мамлакатларда, айниқса, бу ғалабага ўзининг мислсиз қурбонлари ва моддий йўқотишлари билан ҳал қилувчи улуш қўшган МДҲ республикаларида кенг нишонламоқда.  Байрам муносабати билан Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҚР фуқароларини амнистия қилиш лойиҳаси билан Госдумага мурожаат қилди. Бироқ дипломатик миссия унча оғир бўлмаган ёки маъмурий жиноятлар қилган қирғизистонликларни амнистия қилишни сўрамоқда.

Хабарномада қайд қилинганидек, россиялик депутатлар амнистия ҳақида қонун лойиҳасини маъқуллашди. Дастлабки маълумотларга кўра, 60 мингтагача озодликдан маҳрум қилинган ва 200 мингтагача шартли ҳукм қилинган фуқаролар озодликка чиқиши мумкин[1].

Жазога ҳукм қилинганлар орасида ота-онаси фронтчи бўлган ҚР фуқаролари ҳам бўлиши муқаррарлиги нуқтаи назаридан, мазкур мурожаатномани инсонпарварлик нуқтаи назаридан юқори баҳолаш мумкин.  Амнистиянинг қабул қилиниши эса, шубҳасиз, РФ ҳукумати томонидан кўрсатилган бебаҳо инсонпарвар муравватга айланарди.

Яқинда Қирғизистон апрель инқилобининг 5 йиллигини нишонлади. Лекин икки қардош халқ вакиллари қурбон бўлган қонли Ўш воқеаларига беш йил тўлиши арафасида бу ҳақда умуман сўз очилмаяпти. 2014 йилда, фожианинг 4 йиллиги арафасида, Қирғизистон Халқлари Конгресси “Ўш воқеалари қатнашчиларини амнистия қилиш тўғрисида” қонун ташаббуси билан чиқди ва буни, мазкур қонуннинг қабул қилиниши жамиятда чинакам фуқаролик ярашувига эришиш йўлидаги амалий чора-тадбирлардан бирига айланиши билан асослашди. Сиёсий партиянинг бу ташаббусига жамоатчилик томонидан турлича муносабат билдирилди. Агар кўпчилик бу ташаббусни партиянинг сайловолди дастури сифатида қабул қилган бўлса, бошқалар – 2010 йилги воқеалардан сўнг бу борадаги ягона инсонпарвар ҳаракат сифатида баҳолашди. Шуниси ажабланарлики, ҚХК мурожаатига ҳукумат томонидан шу пайтгача ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Мурожаатномада қайд қилинишича, “бугун юзлаб юртдошларимиз ўз Ватанида адолатсиз жиноий таъқибдан хавфсирагани туфайли мажбурий муҳожирликда юрибди. Маълумки, ҳозиргача Ўш воқеалари бўйича қўзғатилган 5067 жиноий ишнинг атиги 5 фоизи очилган. Қолган ишлар қатнашчилари, бир неча минг юртдошларимиз, улар сирасида қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам ўз қисматини кутиб яшамоқда[2]”.

Афсуски, воқеалар акс-садоси ҳали-ҳануз ҚР ҳукуматигача етиб бормади, бу эса ҳозирги ҳукуматнинг жаҳон жамоатчилиги олдида обрўсига путур етказмоқда. Аҳолининг ўзбек қисмига қарши ўта оғир жиноятлар бўйича ҳақиқий айбдорлар тегишли жазо олмагани ва қаердадир ўзининг жиноий фаолиятини давом эттираётгани ҳам одамни хавотирга солиши табиий. Манфаатдор доиралар миллатлараро тўқнашувларда улардан яна бир бор фойдаланмаслигини ҳеч ким кафолатлай олмайди. Ёинки, жабрдийдалар ҳукумат томонидан адолат қилинишига умидни йўқотиб, турли экстремистик оқимлар, жумладан ИШИД қурбонига айланмоқда.  У эса нафақат Қирғизистон учун, балки бутун Марказий Осиё учун жиддий таҳдид ҳисобланади.

Амнистия ҳақида масалани кўтариш асносида оғир жиноятлар бўйича нечта жиноий иш очилмагани, у ёки бу миллатнинг қанча вакиллари амнистия қилиниши лозимлигини эслатиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. ҚР ҳукумати умумий сиёсий амнистияни қабул қилишининг муҳим жиҳати шундан иборатки, бу сохта экспертлар, реваншистлар ва миллатчи-шовинистлар томонидан ҳозирги кунгача билдирилаётган турли иғвогарона шовинистик фикр-мулоҳазаларга узил-кесил нуқта қўйиб, юртда тинчлик ва ўзаро ишонч тикланишини таъминлаган бўларди.

Қирғизистоннинг қизғин сиёсий ҳаётида кўплаб масалалар юзага келмоқда, ҳукумат қайси позицияни танлайди? РФ ҳукуматининг инсонпарварлик қадамини ўзига ўрнак қила оладими? Маълумки, президент В.В. Путин ташаббуси билан 2003 йилда Чеченистон бўйича амнистия қабул қилинган эди[3]. Ёки 2013 йил 16 апрелда Мустақиллик кунини нишонлаш шарафига умумий амнистия ҳақида фармонга имзо чеккан Сурия президенти Башар Асад йўлини тута оладими? Унинг фармонига мувофиқ, 2013 йил 16 апрелгача қилинган барча жиноятлар тўлиқ афв этилган ва фармон эълон қилингандан 30 кун ичида ҳукуматга таслим бўлган “қуролли одамлар” жавобгарликдан озод қилинган[4]. Шунингдек, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам “араб баҳори”дан сўнг Тоғли Бадахшонда “тожик ёзи” бошланганда, амнистияни ваъда қилиш орқали воқеалар янада кескинлашувига йўл қўймаган эди.

Ушбу ҳаракатлар бир вақтнинг ўзида кўплаб муаммоларни ҳал этган — одамларни тинч ҳаётга қайтарган ва ноқонуний қуролли кучларга барҳам берган, аҳоли ўртасида ҳар хил иғволарга чек қўйган. Асосийси, халқнинг ҳукуматга ишончини мустаҳкамлаган.

Шу муносабат билан, июнь воқеалари бўйича ҳам умумий амнистия эълон қилиниши, мамлакат ҳукумати томонидан фожиа икки хил қарашда талқин қилинаётганига қарамай, шубҳасиз, президент А.Атамбаев ва парламент томонидан раҳмдиллик ва муравват ифодасига айланган бўларди. Бироқ муҳими шундаки, бундай қадам нафақат жамиятнинг бирлигига таҳдид солаётган ирқий устунлик ташаббусига сезиларли зарба беради, балки Қирғизистонда кўпмиллатли халқ ишончини тиклашга ва ҳокимият институтини мустаҳкамлашга ҳам салмоқли ҳисса қўша олади.

Алишер Навоий Институти

[1]Фашизм устидан ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҚР фуқароларини амнистия қилиш лойиҳаси билан Госдумага мурожаат қилди. 27/04/15. Бишкек – ИА «24.kg», Анора Мамитова.

[2]Сплотимся во имя добра и мира.Обращение Политической партии Конгресс народов Кыргызстана. Белый парус. 24.04.2014г.

[3]Тинч ҳаётга қайтишни хоҳлаганлар учун амнистия.

[4]Башар Асад ҳаммани афв этиб, Сурияда умумий амнистия эълон қилган.

Яндекс.Метрика